Гватемаланинг собиқ президенти ҳибсга олинди 

Жаҳон 00:20 / 14.02.2018 2888

Гватемаланинг собиқ президенти Альваро Колом 13 февраль эрталаб транспорт лойиҳасини амалга оширишдаги коррупция иши бўйича ҳибсга олинди.

Гватемала прокуратурасининг маълум қилишича, эрталабдан ушбу иш бўйича гумонланувчилар яшайдиган манзиллар бўйича тинтувлар ўтказилган. Колом билан бирга собиқ молия, ички ишлар ва мудофаа вазирлари ушланганлар.

Transurbano транспорт лойиҳаси 2010 йилдан амалга оширила бошланган ва мамлакат пойтахтида 109 та йўналиш бўйича хизмат кўрсатиш учун танлаб олинган жамоат транспорт компанияларига субсидиялар бериш ва солиқлардан озод этишни кўзда тутган. 2015 йилда Гватемала назорат бошқармаси лойиҳанинг амалга оширилиши давомида жиддий молиявий қоидабузарликларга йўл қўйилганини аниқлаган.

Колом мамлакатни 2008-2012 йилларда бошқарган.