Андижон вилоятида бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи тўловлари ўз вақтида молиялаштирилди

Жамият 16:10 / 13.02.2018 4462

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454 сонли “Ўзбекистон Республикасининг
2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2018 йил 4 январдаги 2-сонли буйруғи ижросини таъминлаш ҳамда жорий йил 3 февраль куни Молия вазирлигида бўлиб ўтган Ҳайъат йиғилишида бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ўз муддатларида молиялаштирилиши бўйича берилган вазифалар ижроси юзасидан Андижон вилояти молия бош бошқармаси томонидан бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг январь ойида вилоятдаги маҳаллий бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда ишловчилар иш ҳақи тўловлари учун 106 млрд. 795 млн. сўм, аҳолининг кам таъминланган қатлами учун бериладиган ижтимоий нафақа тўловлари учун 9 млрд. 379 млн. сўм маблағ ўз муддатларида молиялаштириб берилди. Ушбу ижтимоий тўловларни ўз муддатларида молиялаштириш учун республика бюджетидан олинган 65 млрд. 398 млн. сўм ва вилоят бюджетидан 32 млрд. 303 млн. сўм жами 97 млрд. 701 млн. сўм миқдоридаги ижтимоий мақсадли трансфертлар қуйи молия идораларига ажратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 августдаги ПҚ-3231 сонли “Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларида бухгалтерия хизматлари тугатилиши ҳамда ҳудудий халқ таълими ва мактабгача таълим бўлимларида молия-бухгалтерия хизматлари марказлаштирилиши муносабати билан уларда бюджет ҳисобини юритиш ва ҳисоботини тузишни ташкил этиш ва иш ҳақи тўловлари ўз муддатларида молиялаштирилишини таъминлаш бўйича вилоят халқ таълими ва мактабгача таълим бошқармалари ҳамда ҳудудий халқ таълими ва мактабгача таълим бўлимларига вилоят молия бош бошқармаси ва ҳудудий молия бўлимлари томонидан амалий ёрдамлар берилди.

Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ўз муддатларида молиялаштирилиши вилоят молия бош бошқармаси ҳамда вилоят ғазначилик бошқармаси томонидан доимий назоратга олинган.