Анор танлаймиз: мева пўстлоғи нега ёрилиб кетади?

Lifestyle 14:40 / 19.10.2017 29154

Куз мавсуми ўзи билан ажойиб кайфият, табиатнинг рангоранг жилваси ҳамда мўл ҳосилни олиб келиши ҳеч кимга сир эмас. Ўзбек халқи учун севимли бўлган куз меваларидан бири - анор ҳақида нималар биласиз? Нега унинг меваси пўстлоғидан ёрилиб кетади? Уни сотиб олишда нималарга эътибор қаратиш лозим?

Анор танлашда оддий қоидага амал қилинг

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, дўконда ушлаб кўрган анорингиз, пўстлоғи юпқа эканлиги ҳолида вазни кўринишидан кўра оғирроқ бўлса, уни ҳеч иккиланмай сотиб олавериш мумкин. Шунингдек, сирти заха емаган бўлишини ҳам назардан қочирманг. Халқ тилида «Анорнинг ичида нечта донаси бўлса, у шунча дардга даводир» деган ибора юради. Бу бежиз айтилмаган. Анор меваси таркибида 80 фоиз сув, 12-15 фоиз қанд, 19 фоиз аскорбин кислота, соф ҳолда органик кислоталар – олма, лимон, шовил кислотаси мавжуд.

Яна шуни билиб олингки, қип-қизил анор шип-ширин анор дегани эмас. Бу меванинг ранги турларига кўра турлича бўлади. Кўпчилик анорни сотиб олавермаслигига ёки умуман ёқтирмаслигига сабаб, уни тозалаб ейиш мураккаб туюлгани учун бўлса керак. Чунки уни, олмани тишлаган каби тишлаб, еб кетаверилмайдида. Лекин, асл нарсага эришиш осон бўлмаслиги ҳам ўз-ўзидан тушунарли. 

Меванинг дарахтида пишиб етилиши билан ёрилиб кетишига боғбонлар нима дейди?

Facebook ижтимоий тармоғидаги Боғдорчилик илми гуруҳи аъзоларининг айтишича, анор пўсти ёрилиб кетишига бир нечта сабаблар мавжуд: пўстлоқнинг юпқалиги, бир туп дарахтда ҳосилнинг меъёрдан кўпайиб кетиши, баъзи микроэлементларнинг етишмаслиги, об-ҳавонинг кескин ўзгариши шулар сирасидан.

Энг асосийси эса дарахт илдизидан сув босими келиб мевани ёриб юбориши, яъни пишиб турган анорни кўп суғориб юборишдир. Бунинг учун боғбонлар мева сиртини намлаб туришни тавсия этади.

Анорни қандай истеъмол қилиш қулай?

Анорни тозалаганда, пичоқни эҳтиёткорлик билан ишлатиш зарур, йўқса, унинг ичидаги доналарнинг аксари увол бўлиб кетиши мумкин. Пичоқ билан анорнинг уч қисмидан, доналари йўқ жойидан кесиб олинади ва пичоқнинг учи билан тепадан пастга қараб бир неча чизиқлар тортилади (асло кўндалангига эмас). Кейин эса, ўша кесик чизиқлар қўл билан очилади.

Энди эса марҳамат, ундан мевали салатлар тайёрлайсизми, ош устидан доналарини сепасизми ёки пиёлада эзиб, сувини симирасизми, ихтиёрингиз, у ҳар қандай шаклда ҳам фақат ва фақат фойдалидир!

Кўпроқ янгиликлар