"ЛУКОЙЛ" компанияси Ўзбекистонга 12 млрд доллар инвестиция йўналтиради. Бу ҳақда 26 апрелда Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан ўтказган музокаралардан кейинги матбуот-анжуманида маълум қилди. Бу ҳақда uzdaily.uz нашри хабар бермоқда.
Путин Россия компанияси ўзбекистонлик ҳамкорлар билан Бухоро вилоятидаги газ-конденсат конлари гуруҳини ўзлаштираётганини таъкидлаб ўтди. Путин бу мақсадлар учун 3,6 млрд доллар сарфланганини қўшимча қилди. Инвестициялар умумий ҳажми 12 млрд доллар даражасида режалаштирилган.
Путин апрелда Марказий Осиёдаги энг йирик мажмуалардан бири бўлган Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланганини эслатиб ўтди.
"Мажмуанинг режавий қуввати йилига 8 млрд куб метр газни, қиймати эса 3 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилади. Бу катта лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистонда минглаб янги иш ўринлари яратади, республика бюджетига катта миқдорда молиявий ва солиқ тушумлари келишини таъминлайди", деб айтди Путин.
"ЛУКОЙЛ" компанияси ўрта муддатли истиқболда Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 16 млрд куб метрга етказишни режалаштирмоқда.