Жамият | 16:51 / 24.04.2025
3793
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда камера йўқ хонада болани урган боғча ходими ишдан олинди

Тошкентда хусусий боғча администратори 7 ёшли болага нисбатан қўполлик қилиб, уни камера йўқ хонага олиб чиқиб қасддан ургани аниқланди. У билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, суд унга жарима қўллади.

Фото: Болалар омбудсмани

Тошкент шаҳридаги нодавлат мактабгача таълим муассасасида ходим болани калтаклагани аниқланди, дея хабар бермоқда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова котибияти.

Қайд этилишича, унга Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи фуқаро Г. А. мурожаат йўллаган. Унда 7 ёшли фарзанди В.Д.ни боғча администратори У.И. уриб, жароҳат етказганини билдирган.

Мурожаатчининг билдиришича, 36 ёшли ходим мазкур иши учун жавобгарликка тортилган бўлсада, фаолиятини давом эттираётгани бўйича атрофлича ўрганишда амалий ёрдам сўраган. Шундан сўнг ҳолат болалар омбудсмани сўрови асосида ИИВ ва МТМВ томонидан ўрганилган.

Аниқланишича, администратор лавозимида ишлаб келган аёл болага нисбатан қўпол муносабатда бўлиб, уни камера йўқ хонага олиб чиқиб қасддан уриб, соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига олиб келмаган енгил тан жароҳати етказган.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасида маъмурий жавобгарликка оид иш материаллари судга юборилган. Суд 26 март куни И.У.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-модданинг 2-қисми (Қасддан енгил тан жароҳати етказиш) бўйича жарима жазоси қўллаган.

Шунингдек, у билан тузилган меҳнат шартномаси ҳам бекор қилиниб, мазкур муассасада фаолияти якунланган.

Мавзуга оид