Ўзбекистон | 18:33 / 18.04.2025
1753
5 дақиқада ўқилади

Минерал ўғитлар ва пестицидлар савдоси учун энди лицензия талаб қилинади

Минерал ўғитлар ва кимёвий воситаларни улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар 1 июнгача лицензия олишлари керак. Расмийларнинг тушунтиришича, бу орқали, масалан, олма учун мўлжалланган кимёвий модданинг помидорга сепилишининг олди олинади. Шунингдек, бундай маҳсулот импорти рухсатнома асосида амалга оширилади, кимёвий моддалар босқичма-босқич маркировкаланади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўзбекистонда зараркунанда ҳашоратларни йўқ қилиш учун ишлатиб келинган 40 та кимёвий модда тақиқланди. Бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги вакиллари 17 апрел куни АОКАда ўтган матбуот анжуманида маълумот берди. Маълум бўлишича, охирги 2 йилда заҳарли сиперметрин, хлорпирифос, диметоат ва тиаклоприд каби заҳарли моддалардан фойдаланиш тўхтатилган. Боиси, ушбу моддалар инсон ўлимига олиб келиши ёки асаларичиликка жиддий зарар етказади.

“2021 йилгача бу рўйхат китоб шаклида бўларди, ҳар икки йилда янгиланиб турарди. Тўғри айтдингиз, сиперметрин, хлорпирифос тақиқланган модда, у Ўзбекистонда ишлатилмайди. Иккинчиси диметат, буям бозордан олиб ташланган, заҳарлилиги учун СЭС, экология рухсат бермайди. Учинчиси имидаклоприд. Бунга мева-сабзавот учун тақиқ жорий қилдик, фақат гўзада қолган”, – дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори биринчи ўринбосари Бобур Ҳамраев.

Ҳамраевнинг айтишича, 10 га яқин препаратдан фойдаланиш бўйича чекловлар киритилган. Рўйхат билан “Agroko‘makchi” мобил иловасида танишиш мумкин. Унда фермер ва деҳқонлар учун турли кўрсатмалар ҳам бериб борилади.

“Чеклов қўйилган 10 та модда бор. Масалан, глифосат, индоксакарб каби таъсир этувчи моддалар. Улар фақат гўзага ишлатилади. 639 та биолабораториямиз 2025 йилда бозорда 197 млрд сўмлик савдони амалга ошириши прогноз қилинган. Бу чеклов киритилган препаратларимиз ўрнини босиш учун қилиняпти. Бу препаратлар Ўзбекистонда бор, чекловга қўйилган препаратларнинг ҳаммаси ғўзага деб рўйхатдан ўтади. Шу экинларда ишлатилади. Ҳаттоки, препаратнинг ёрлиғига ҳам ёзилади. Агар шу талаблар бўлмаса, тадбиркорнинг лицензияси ҳам, гувоҳномаси ҳам бекор қилинади”, – дейди Ҳамраев.

Унинг сўзларига кўра, 1 июндан кучга кирадиган тартибга асосан энди минерал ўғитлар ва кимёвий воситаларни улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар лицензия асосида фаолият юритади. Лицензиялаш жараёнлари 7 февралдан бошланган. Бу орқали препаратлардан фойдаланиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларга қарши курашилади.

“Масалан, олмага рўйхатдан ўтиб помидорга, помидорга рўйхатга ўтиб, бошқа экинларга сепилмаслигини шу лицензия тартибга солади”, – дейди агентлик ўринбосари.

Ҳамраевнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 февралдаги қарорига асосан минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланаиладиган кимёвий воситаларни мажбурий равишда маркировкалаш тизими йўлга қўйилмоқда. Бу қаерда, қанақа товар сотиляпти каби жумбоқли саволларга ечим бўлиши айтилмоқда.

Бундан ташқари, агентлик директори ўринбосари ҳозирда мавсумий авжига чиқаётган чигирткаларга қарши кураш чораларига ҳам тўхталди. Унинг сўзларига кўра, бу йил ҳарорат яхши бўлгани учун чигирткалар анча вақтли чиқди. Ҳозирда Сурхондарё, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах вилоятларида ер майдонларини чигирткалардан тозалаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 2025 йилда республика бўйича 608,1 минг гектар майдонда чигиртка тарқалиши прогноз қилинган эди. 17 апрел ҳолатига кўра, жами 87 минг 573 гектар майдонда чигиртка тарқалгани аниқланди. Шундан энг кўп қисми Қашқадарёда бўлиб, 31 минг 200 гектарни ташкил этади.

Анжуман давомида, 2024 йилда фитосанитар детектор итлар ёрдамида қанча номувофиқ маҳсулотлар тўхтатиб қолингани ҳақида ҳам маълумот берилди.

“2024 йилнинг ўзида 29 та детектор итлар бўладиган бўлса, улар орқали қўл юки багажларидан фитосанитар талабларга номувофиқ бўлган 14 минг уруғлик, 52 минг 664 та кўчат ва қаламчалар, 6 минг 839 кг сабзавот, 7 минг 716 кг мева, 7 минг кг озиқ-овқат ҳамда 539 кг саноат маҳсулотлари Ўзбекистонга олиб келингани аниқланди”, – дейди агентлик бошқарма бошлиғи Дилшод Анорбоев.

Мавзуга оид