Трамп бож уруши билан ўз мақсадига эриша оладими? Молиячи ва иқтисодчи суҳбати
АҚШ президенти дунёнинг деярли барча давлатлари товарларига бож жорий қилишини “Американинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш” деб атамоқда. Корпоратив молия бўйича халқаро мутахассис Хондамир Нусратхўжаев бу сиёсатнинг АҚШ ва глобал дунёга таъсири ҳақида Ню Йорк университетининг иқтисодиёт профессори Беҳзод Ҳошимов билан суҳбатлашди.
Беҳзод Ҳошимовнинг таъкидлашича, 1945 йилда кейин халқаро савдо эркинлашиб, мамлакатларнинг ўзаро интеграцияси кенгайиб бораётганди. Агар Трампнинг бож сиёсати бекор қилинмайдиган бўлса, бу АҚШдаги ишлаб чиқарувчилар учун ҳам, истеъмолчилар учун ҳам, дунё учун ҳам жуда катта иқтисодий зарар ва йўқотишларга сабаб бўлади.
“Оддий битта қаламдан тортиб, iPhone каби маҳсулотгача бўлган товарлар юзлаб чегараларни босиб ўтади. Ишлаб чиқариш занжирларида ихтисослашув кучаяётганди. Мисол учун, микрочипларнинг катта қисми Нидерландияда, резина Малайзияда ишлаб чиқариларди. Яъни ҳар хил товарлар турли жойларда ишлаб чиқарилгани сабабли мамлакатлар ўзаро чуқур боғланган. Қизиқ томони, АҚШ дунёдаги энг катта иқтисодиёт ва истеъмол бозори бўлса-да, савдодаги улуши у қадар катта эмасди. Кўп нарсалар мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқариларди. Қўшма Штатларда нефт ҳам, металлар ҳам, сув ва тахта кабилар ҳам бор. Жуда ҳам катта иқтисодиёт ташқарига у қадар чуқур боғланмаган. Аммо мамлакатдаги энг самарадор секторлар, жумладан, самолёт ишлаб чиқариш Европа ва Осиёдаги ишлаб чиқарувчилар билан жуда ҳам боғлиқ.
Иккинчи томондан, АҚШ нархлар тушиши орқали халқаро савдодан манфаат кўрарди. Чунки нархлар арзонлиги сабаб маиший маҳсулотларнинг жуда катта қисмини ривожланаётган дунёдан импорт қиларди. Бир пайтлар Америкада ҳам кўйлак ёки пайпоқ ишлаб чиқариларди, аммо кейинчалик одамлар IT, архитектура каби юқори иқтисодий қиймат яратадиган соҳаларга ўтиб кетишни бошлашди. Бу табиий жараён.
Трампнинг божлари сабаб нархлар қимматлайди. Масалан, АҚШга қаҳва тўлиқ импорт қилинади. Тухум билан боғлиқ ҳолат ҳам шундай, паррандаларга озуқа четдан олиб келинади. Бу америкалик истеъмолчиларга жуда ҳам катта салбий таъсир кўрсатади. Агар тарифлар сақланиб қоладиган бўлса, АҚШ билан катта савдо айланмасига эга мамлакатлар қийналади. Агар кейинги 4 йил давомида тариф уруши давом этадиган бўлса, бу АҚШдаги ишлаб чиқарувчилар учун ҳам, истеъмолчилар учун ҳам, дунё учун ҳам жуда катта иқтисодий зарар ва йўқотишларга сабаб бўлади”, дейди Беҳзод Ҳошимов.
Хондамир Нусратхўжаев Трамп савдо дефицитини АҚШни эксплуатация қилиш деб баҳолаётганига тўхталиб, импортнинг экспортдан кўплиги Америка учун ҳақиқатан ҳам салбий жиҳатми, деган саволни ўртага ташлади.
Профессор Ҳошимовга кўра, бу нарса амалдаги АҚШ президентининг мафкурасига айланиб қолган.
“Трампда бу нарса мафкура, ғоя. Кўпчилик айтади музокара тактикаси деб. Йўқ, Трамп бунга ўнлаб йиллардан бери ишонади. Олдинги иқтисодиёт бўйича маслаҳатчиси у билан бу борада соатлаб гаплашган. Ёнидагиларнинг ҳаммаси ҳам мазкур сиёсатни қўллаб-қувватламайди. New York Times'нинг ёзишича, энг яқин маслаҳатчиларидан бўлган Илон Маск ҳам бир неча марта тарифларни қўлламасликни илтимос қилган. Яъни бу Трампнинг сиёсий тактикаси эмас, балки идеалогияси.
У ўйлайдики, АҚШ Ветнамга 100 сўмлик нарса сотиб, 1000 сўмлик нарса сотиб оляпти. Демак, биз Ветнам билан савдода 900 сўм зарардамиз. Тарифларни белгилашда ҳам мана шу нарсани тенглаштириш нуқтайи назаридан қаралган.
Масалан, уй хўжалиги мисолида олайлик. Сиз қаҳвахонага бориб, кофе оласиз, аммо улар сиздан ислом молияси бўйича консултация олмайди (Хондамир Нусратхўжаев ислом молияси бўйича мутахассис саналади –таҳр.) Доимий равишда манфий савдо баланси бор. Ёки уйингизнинг ёнидаги новвой билан ҳам савдо муносабатлари шундай. Новвойга мендан иқтисодий маслаҳат олсанг, сендан нон олишим мумкин, деб айтишимга ўхшаш ғоя бўляпти. Инсоният бойиган сари кўпроқ нарсани ўзи қилмаслик ҳаракатида бўлади. Олдин кўпчилик ўзининг машинасини ўзи тузатишга ҳаракат қиларди, ҳозир ундай эмас. Яъни ўзбекистонликлар ҳам иқтисодий ривожлангани сари кўпроқ нарсани бошқа одамларга қилдиришга ўта бошлайди. АҚШнинг умумий савдо баланси манфий бўлишига қарамай, инвестициявий баланси мусбат. Яъни инвесторлар бу ердаги қимматли қоғозлар ва облигацияларга пул тикишади. Ана шу пулларнинг бир қисми импортни молиялаштиришга кетади ва бу нормал нарса”, – дейди Ҳошимов.
Хондамир Нусратхўжаев Трампнинг ишлаб чиқаришни Америкага қайтаришга уринишларига баҳо бериб, бирданига катта божлар жорий қилиш билан бунга эришиш мумкинми, деган савол билан суҳбатдошига юзланди.
“АҚШдаги ишлаб чиқарувчиларнинг феврал ойидаги фикрини ўқигандим, улар бож масаласи ҳал бўлмагунча йирик заводлар қуришга инвестицияларни 18 ойга тўхтатиб туриш ҳақида ўйлаяпти. Катта корхоналар қуриш ўнлаб йиллардан сўнг ўзини оқлаши мумкин. Агар Трамп кетадиган бўлса ёки бирдан фикрини ўзгартирса, бу ўзини оқламаслиги мумкин. Ҳозирги ноаниқлик шароитида бунақа инвестиция қилиб бўлмайди. Иккинчидан, ҳамма бу нарсанинг узоқ вақт давом этмаслигига ишоняпти”, – дейди Ҳошимов.
Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube'даги “Islom moliyasi” каналида томоша қилишингиз мумкин.
Тавсия этамиз
Ўзбекистонда тўй қилиш тартиби янгиланади
Ўзбекистон | 17:03 / 22.04.2025
Қулупнайчилар қишлоғи: Ўқчидан репортаж
Жамият | 15:15 / 22.04.2025
Осиё кубоги ғолиблари тантанали кутиб олинди — фото
Спорт | 23:22 / 21.04.2025
Трамп Путинга муҳлат берди, Франция Фаластинни тан олмоқчи — Геосиёсий ҳафта таҳлили
Жаҳон | 17:10 / 21.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Австралияда юзлаб коалалар вертолётдан туриб ўққа тутилди
Жаҳон | 01:16
-
Кения президенти россиялик олиргархнинг пулларини ювишда айбланмоқда
Жаҳон | 00:31
-
Кашмирда сайёҳларни ўққа тутган террорчилар ҳақидаги маълумот учун мукофот эълон қилинди
Жаҳон | 23:43 / 23.04.2025
-
Лавров: Россия ЕИнинг Марказий Осиёда ҳукмронлик ўрнатишга бўлган уринишларига қарши
Жаҳон | 23:20 / 23.04.2025
Мавзуга оид

22:32 / 23.04.2025
Трамп: Ҳеч ким Зеленскийдан Қримни Россия ҳудуди деб тан олишни сўрамаяпти

18:19 / 23.04.2025
АҚШда терроризмда гумонланиб ҳибсга олинганлар сони 655 фоизга ошди

14:20 / 23.04.2025
Урушни музлатмоқчи бўлаётган Путин ва Трампга қарши чиққан АҚШ университетлари — кун дайжести

13:52 / 23.04.2025