Жаҳон | 15:04 / 14.04.2025
17962
4 дақиқада ўқилади

Қирғизистон Россия элчисидан Москвадаги фуқаролари таҳқирлангани юзасидан изоҳ талаб қилди

Фото: Қирғизистон ТИВ

Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги Россия элчиси Сергей Вакуновни чақиртириб, Москвадаги «Бодрост» ҳаммомида Қирғизистон фуқароларига қарши ўтказилган рейд юзасидан изоҳ сўради. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Россия элчисига ҳаммомда ўтказилган амалиётнинг ҳуқуқий асослари ҳақида маълумот бериш, шунингдек, қўлга олинган фуқароларга нисбатан куч ишлатиш сабабларини тушунтириш сўралган расмий нота топширилган. Асоссиз куч ишлатиш чоралари қўллангани тасдиқланган тақдирда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига нисбатан чора кўриш талаб қилинган.

Бундан ташқари, Қирғизистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бундан буён Қирғизистон ва Россия ўртасидаги иттифоқчилик ҳамда стратегик шериклик муносабатларига путур етказиши мумкин бўлган бундай вазиятга йўл қўймаслик бўйича таъсирчан чоралар кўриш сўралган.

11 апрелга ўтар кечаси Москвадаги асосан қирғизистонликлар борадиган «Бодрост» ҳаммомида рейд ўтказилган, Қирғизистон фуқаролари оммавий ҳибсга олинган ва уларга нисбатан куч ишлатилганди.

Facebook’да Миржан Балибаев исмли фойдаланувчи ўзи гувоҳ бўлган воқеа ҳақида ҳикоя қилиб берган.

«Инсонлар ишдан кейин дам олиш учун ҳаммомга келган эди. Аммо буғланиш ва чўмилиш ўрнига — ОМОН босқинига дучор бўлишди. Бақир-чақир, ур калтак-сур калтак, ҳаммани юзтубан ерга ётқизишди, ҳайвонлардек. Кўпчилигининг танасида катта-катта кўкаришлар, қора доғлар бор. Бу текширув эмас – бу қийноқ», – деб ёзган у ва ўз саҳифасида ҳаммомдаги ОМОН босқини видеосини ҳам жойлаштирган.

Хабарларга кўра, рейдга гўёки ҳаммом маъмурияти маҳаллий аҳолини чўмилишга киритмаётгани сабаб бўлган.

Ulysmedia.kz маълумотларига кўра, ҳаммомда Қирғизистоннинг 60 га яқин фуқароси бўлган. Рейд давомида полициячилар йиғилганларни калтаклаган. Москвада таксичилик билан шуғулланувчи Алихан исмли шахс 10 апрел куни кечқурун тоғаси ва амакиваччаси билан ҳаммомга боргани, тахминан ярим соатлардан сўнг эшик бузилгани ва ваҳима бошланганини айтиб берган.

«Одамлар ваҳимага тушиб қоча бошлашди. Биз ҳам қочмоқчи бўлдик, лекин ҳеч кимни қўйиб юборишмади. Кейин ҳаммани калтаклай бошлашди. Ким ураётгани ҳам тушунарсиз – кўриб бўлмасди. Бош кўтаришга қўйишмайди. Уларнинг қўлларида таёқ ва электрошокерлар бор эди. Ҳаммани ошхонага ҳайдашди. Кучли эркакларни ажратиб, кучсизроқ ёки озғинроқ кўринганларини бир хонада қолдиришди. Соқоли борларни алоҳида олиб кетишди. Бир эркакнинг соқолини шу ернинг ўзида олиб ташлашди. У қаршилик кўрсатмоқчи бўлганида, юзига уришди. Бизни нима учун уришаётганини тушунмасдик – ҳеч ким ҳужжат сўрамасди. Бир киши ўрнидан туриб, бунинг сабаби нима, деб сўради, унга „Сиз бизга ёқмаяпсиз“ деб жавоб қайтаришди», – дейди у.

Унинг сўзларига кўра, беш соатдан кейингина воқеа жойига полициянинг катта ходимлари етиб келган.

Бу ҳақда хабар берган Жогорку Кенеш депутати Жанар Акаев Facebook ижтимоий тармоғида воқеа жойида олинган видео ва фотоларни бўлишган.

«Ватандошлар, Москвада қирғизистонлик тадбиркорнинг ҳаммомига ОМОН билан бирга катта гуруҳ бостириб кириб, юртдошларимизни ваҳшийларча калтаклагани ақлга сиғадими?! Ҳокимият, ТИВ, элчихоналар реакцияси қани? Яқинда улар бошқа қирғизистонлик тадбиркорнинг биносига бостириб кириб, одамларни жиноий тўдалар ёки террорчилардан ҳам ёмонроқ калтаклашган эди. Биз ЕОИИ аъзосимиз, иттифоқчилармиз, стратегик ҳамкорлармиз ва юзлаб ватандошларимизни калтаклашга йўл қўйиб, жим турамизми?» – деб ёзган депутат.

У жамият ушбу иш бўйича маълумот олиши ва айбдорлар жазоланиши кераклигини қайд этганди.

Мавзуга оид