Ўзбекистон | 19:52 / 14.04.2025
969
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ўз тарихи ва туризми салоҳияти тарғиботида Al Jazeera билан ҳамкорлик қилади

Бундан ташқари, Al Jazeera Media мамлакат маданияти ва этнографиясини акс эттирадиган материалларни тарқатишда ҳам ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.

Фото: АОКА

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Al Jazeera Media бош директори Мустафа Суваг бошчилигидаги ижодий жамоа ҳамда агентлик директори Асаджон Хўжаев ва мутасадди ходимлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда меҳмонлар Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришларни юқори баҳолаб, мамлакатнинг бой маданий, тарихий, туристик, этнографик ҳамда олиб борилаётган ислоҳотларни акс эттирувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда биргаликда ҳамкорлик қилишга тайёрликларини маълум қилди.

Шунингдек, Al Jazeera Media Institute негизида ўзбекистонлик журналистларнинг малакасини ошириш, ўқув курсларида ўқитиш масалалари муҳокама қилинди.

«Ўз ўрнида, агентлик раҳбари мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлиги таъминланиши, ахборот соҳасида, шу жумладан, ОАВ ва медиа вакилларининг малакасини ошириш, турли ҳамкорликлар доирасида уларнинг тажриба алмашишларини ташкил этиш борасидаги ишлар тўғрисида сўзлади. Учрашув самарали ва конструктив бўлиб ўтди», — дейилади хабарда.

Al Jazeera — 1996 йилда Қатар амирининг фармони билан ташкил этилган халқаро телекомпания. Унинг Доҳа, Лондон, Куала-Лумпур ва Вашингтонда штаб-квартиралари мавжуд.

Мавзуга оид