Жаҳон | 09:54 / 06.05.2024
3814
3 дақиқада ўқилади

Исроил бош вазири мамлакатда Al Jazeera ёпилишини тасдиқлади

Исроил ҳукумати Қатар телеканалини ҲАМАС ҳаракатининг таянчи деб билади ва бир овоздан Al Jazeera телеканалини мамлакатда тақиқлаш учун овоз берди.

Фото: Zain Jaafar/AFP via Getty Images

Қатарда жойлашган араб тилидаги Al Jazeera телекомпанияси Исроилда ёпилади. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 5 май, якшанба куни X ижтимоий тармоғида маълум қилди

Исроил ҳукумати телеканални ёпиш қарорига бир ёқадан бош чиқариб овоз берди, дея аниқлик киритди бош вазир. Исроил Al Jazeera телеканалини мамлакат араб аҳолисини давлат ва унинг армиясига қарши, айниқса, 7 октябр куни ҲАМАС ҳаракатининг ҳужумидан кейин зўравонликка ундаганликда айблайди.

Нетаняху ўз мурожаатида қайд этган алоқа вазири Шломо Кари канални кабел ва сунъий йўлдош провайдерлари тармоғидан олиб ташлаш ва унинг веб-сайтини блоклаш тўғрисидаги буйруқни имзолади. «Исроилда ҲАМАС учун сўз эркинлиги бўлмайди», - дея Карининг сўзларини келтирган AFP. 

Исроил «душман ОАВни» ёпиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди 

1 апрел куни Исроил парламенти (Кнессет) мамлакатда «душман ОАВ»ни ёпишга рухсат берувчи қонунни маъқуллади. Ҳужжат «Al Jazeera қонуни» деб аталади, чунки у ушбу телеканалга қарши қаратилган. 

Қонунга кўра, Исроил алоқа вазири, бош вазирнинг розилиги билан, агар бу ҳақиқатда давлат хавфсизлигига зиён етказадиган бўлса, Исроилдан ва Исроил ҳудудида чет эл канали эфирини тўхтатишга буйруқ бериши мумкин. Бундан ташқари, Алоқа вазирлиги бундай оммавий ахборот воситаларининг офисларини ёпиш ва улар веб-сайтини блоклаш ҳақида буйруқ беришга ҳақли.

Оқ уй агар Al Jazeera’ни ёпиш режалари ҳақидаги хабарлар тасдиқланса, бундан «безовта» бўлишини маълум қилди, чунки Исроил расмийларининг бу ҳаракати сўз эркинлигини тўғридан тўғри бузиш ҳисобланади.

Қонуннинг қабул қилинишига асос

2023 йилнинг ноябрида Нетаняҳу ҳукумати Қатарнинг ҲАМАС билан гаровга олинганлар бўйича давом этаётган музокараларида воситачилик ҳаракатларига халақит бериши мумкинлигидан ташвишланиб, қонун аввалги таҳририни тўхтатиб қўйди, дея хабар беради KNA. 

Исроил ҳукумати 2017 йил август ойида Al Jazeera журналистларининг аккредитациясини бекор қилиш ниятида эканини маълум қилган эди. Ўшанда Исроил алоқа вазири бўлиб ишлаган Аюб Каранинг сўзларига кўра, кабел ва сунъий йўлдош операторлари Нетаняҳунинг можарони ёритишда зўравонликни қўзғатганлик бўйича айблови ортидан Исроилда араб телеканали эфирини тўхтатишга мажбур бўлади.

Мавзуга оид