Ўзбекистон | 21:24 / 19.06.2019
21615
4 дақиқада ўқилади

Ислоҳотлар қандай кечмоқда? «Ал-Жазира» Ўзбекистондан репортаж тайёрлади

Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг мамлакатнинг янги етакчиси муҳим ислоҳотларга қўл урмоқда, деб хабар беради Al Jazeera телеканали. Мухбир Степ Ваессеннинг Тошкентдан тайёрлаган лавҳасида ислоҳотлар етарли кўламда эмаслиги ҳам таъкидланган. 

«Тошкентда янги журналистика университетининг очилиши – Ислом Каримов бошқарувида ўтган 27 йил давомида юзлаб ҳуқуқ фаоллари, журналист ва сиёсатчилар қамоққа ташланган Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришларнинг яна бир белгиси бўлди. 2016 йил сентябрда вафот этган Каримовдан сўнг, мамлакатда янги ислоҳотлар шамоли эса бошлади, сўз эркинлиги бўйича вазият яхшиланиб, қамоққа олинган ўнлаб журналист ва сиёсатчилар озодликка чиқарилди.

Қолаверса, жамоатчиликка маълум суд ишларини қайта кўриб чиқиш бошланди. Клара Сахарова йиллардан буён укаси – олим Андрей Кубатиннинг озод этилиши учун курашиб келган. У 2017 йили 11 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган. Ҳуқуқ фаоллари айблов ва далиллар сохталаштирилганини иддао қилади», —  дейди телеканал мухбири.

Қамоқхонадан умумий тартибдаги колонияга ўтказилган Кубатин телефон орқали суҳбатда вазият ижобий томонга ўзгарганини билдирган.

«Ҳозирги ҳукумат туфайли мен ва бошқа маҳкумларга нисбатан муносабат мутлақо ўзгарган. Мен ислоҳотлар давом этиб, одамлар айбсиз эканини исботлашга имконият пайдо бўлишига умид қиляпман. Вазият 2 йил аввалгидай эмас, ҳозир бизга инсон каби муносабатда бўлишяпти», — дейди маҳкум Кубатин. 

Степ Ваессеннинг таъкидлашича, Al Jazeera мухбирининг Тошкентдан туриб лавҳа тайёрлаши ҳам ўзгаришлар шамоли эсиб турганини англатади. «Аммо айримларнинг фикрича, янги қиёфа ва оҳанг ўзгаргани билан тизим аввалгидек қолмоқда», – дея қўшимча қилган у.

Мухбир интернетда эълон қилинган мақолалари учун Миллий хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олиниб, суд залидан озод қилинган журналист Бобомурод Абдуллаев билан ҳам суҳбатда бўлган.

«Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотлар мантиқий якунига етмай, уларнинг 10-15 фоизи бажарилиб, кейин унут бўлмоқда. Тизимли ўзгариш эса йўқ. Сиёсий ислоҳотлар конституцион ҳуқуқларни мустаҳкамлашга йўл очади, деб ўйлагандим, аммо ундай бўлмади», — дейди Абдуллаев. 

Сўровномалар халқ президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотларини қўллаб-қувватлашини кўрсатмоқда. Шунга қарамай, аҳоли ишсизлик каби қийинчиликлардан шикоят қилади.

«Ислоҳотлар жараёнидаги кўплаб муаммоларга қарамай, барча сўровномалар халқ қилинаётган ишларни қўллаб-қувватлашини тасдиқламоқда. Мамлакатда ишбилармонлик учун шароитлар яхшиланяпти, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар эркинлашяпти, диний эркинликлар мустаҳкамланяпти», — дейди сенатор Содиқ Сафоев. 

Телеканал мухбири Ўзбекистонда жорий йил ўтказилиши кутилаётган парламент сайлови ҳозирги сиёсий ислоҳотлар учун тест вазифасини ўтаб беришини таъкидлаган.

«Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳукуматни барча сиёсий маҳбусларни озодликка чиқаришга чақирмоқда. Жумладан, иши қайта кўриб чиқилаётган Андрей Кубатин ҳам тез орада озодликка чиқишига умид қиляпти», – дея хулоса қилган Al Jazeera мухбири Степ Ваессен.

Мавзуга оид