Ўзбекистон | 20:59 / 14.04.2025
5381
3 дақиқада ўқилади

Leapmotor автомобили Пискентдаги синовда ижобий натижа кўрсатди. Тақиқ ҳали ечилмади

14 апрел куни Leapmotor C16 русумли электромобил ушбу бренднинг Хитойдан келган вакили иштирокида Пискентда қайта синовдан ўтказилди. Электромагнит мослашувчанлик лабораторияси бошлиғига кўра, синовда автомобил белгиланган электромагнит нормасига мувофиқлиги тасдиқланган. Бу брендга қўйилган чеклов бекор қилингани ҳақида ҳозирча эълон қилинмади.

14 апрел куни Пискентдаги автомобил лабораториясида ўтказилган синовда Leapmotor C16 русумли автомобил электромагнит мослашувчанлик тестидан муваффақиятли ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Март ойи охирида бу моделдаги электромобилда “электромагнит шовқин даражаси рухсат этилган чегарадан 16 баробар юқори” деган важ билан, Leapmotor бренди остидаги барча моделларга мувофиқ сертификати бериш учун аризалар қабули тўхтатиб қўйилганди.

Шундан кейин Хитой компанияси белгиланган стандартларга мос, адолатли ва холис қайта текширувни талаб қилганди.

14 апрел куни компания вакили иштирокида худди шу русумдаги, лекин бошқа электромобил синовдан ўтказилди ва ижобий натижа олинди.

Мутахассис сифатида айтадиган бўлсам, синов натижаси белгиланган талаб ва меъёрларга жавоб берадиган даражада чиқди. Олдинги синовда, белгиланган меъёрдан ошиб кетгани учун номувофиқ чиққанди”, – деди электромагнит мошлашувчанлик лабораторияси шуъба бошлиғи Даврон Абдурашидов.

Унинг сўзларига кўра, синовда салбий натижа кўрсатган аввалги автомобилда айрим деталлар ўзгартирилган бўлиши мумкин.

Leapmotor бренди вакили Гу Зҳивен бундай муаммоли ҳолат биринчи марта кузатилаётганини айтди.

Бошқа давлатларда шу пайтгача унақа муаммо бўлмаган эди. Масалан, Қозоғистон ёки бошқа давлатларда ҳам. Сабаби Хитойда барча стандартлардан ўтиб кейин экспорт қилинади. Машинамизда аниқланган камчиликни тасдиқламайман. Чунки машина келишидан олдин унга нима қўшилганини билмаймиз. Ҳозир тестдан ўтказдик, биз кутгандай яхши натижа берди. Электрон мошлашувчанлик ҳамма давлатда ҳар хил, масалан 10 норма бўлса-ю, 9 чиқса 10 га илиниб ўтади. Биз минимум қилмаймиз. Белгиланган нормага ҳаракат қиламиз. Бизнинг машинада аниқланган ҳолат Хитой бозорига ҳам таъсир қилди. Бу тестнинг жавоби Хитойга ҳам керак” – дейди у.

Синовларни ўтказаётган UzTest маркази тест ижобий натижа берган бўлса-да, ҳали Leapmotor брендидаги автомобилларни сертификатлаш учун аризалар қабулини очиш қарорига келгани йўқ. Марказ вакилларига кўра, бу масаладаги қарор тез орада эълон қилинади.

Мавзуга оид