Жаҳон | 13:23 / 10.04.2025
856
2 дақиқада ўқилади

Boosty сервиcи деярли 30 га яқин «чет эл агенти»нинг аккаунтини блоклади

Boosty донатлар хизмати Россия Федерациясида «чет эл агенти» сифатида тан олинган фаоллар, журналистлар ва оммавий ахборот воситаларининг ўнлаб аккаунтларини блоклаб қўйди. Компания Россия қонунчилиги талабларига асосланган.

Фото: Максим Бадиков / Коммерсантъ

Амстердамда жойлашган, илгари Mail.ru Group'га тегишли бўлган Boosty донатлар сервиси Россия Федерацияси томонидан «чет эл агенти» деб эълон қилинган фаоллар, журналистлар, оммавий ахборот воситалари ва маданият арбобларининг ўнлаб аккаунтларини блоклаб қўйди. Бу фойдаланувчиларнинг барчасида Россия Адлия вазирлиги томонидан юритиладиган «чет эл агентлари» реестрида қайд этилган Boosty'га ҳаволалар бор, деб ёзади "Вёрстка" 9 апрел, чоршанба куни.

Нашр маълумотларига кўра, камида 26 та аккаунт блокланган, жумладан, журналистлар Татяна Фелгенгауэр ва Мария Борзунова, спорт шарҳловчиси Александр Шмурнов, шарҳловчи Юлия Латинина, комик Михаил Шац, Astra нашри, фаол Даря Хейкинен ва кино танқидчиси Антон Долиннинг. Ҳаммаси бўлиб 53 киши ва ташкилотда Boosty'га ҳаволалар мавжуд, деб ёзади "Вёрстка".

Москвалик сиёсатчи Элвира Вихарева ҳам 8 апрел куни унинг аккаунти блоклангани ҳақида Facebookʼда маълум қилди: «Бу Россияда қонуний равишда пул олишнинг сўнгги имконияти эди. Албатта, мен ҳеч қандай тушунтиришларни олмадим, шунчаки энди хизматдан фойдаланиш имконияти йўқ», деб ёзди у. Эртаси куни Вихареванинг ёзишича, Boosty вакили блоклашни «чет эл агентлари» томонидан пул олиш ва улардан фойдаланишни тартибга солувчи Россия қонунчилиги талаблари билан боғлаган. Унинг сўзларига кўра, аккаунтни тиклаш фақат барча пулли контентга киришдан ўчирилгандан кейингина мумкин бўлади.

Мавзуга оид