Жаҳон | 18:10 / 07.04.2025
6408
7 дақиқада ўқилади

Эрон армиясини шай ҳолатга келтирди. Уруш эҳтимоли қанчалик?

Трамп Теҳроннинг ядровий дастурини тўхтатиш учун “керак бўлса ҳужум қилиши”ни айтган. Сўнгги вақтларда Эрон аввалига “ракета шаҳарлари”ни кўз-кўз қилиб, кейин армиясини жанговар шай ҳолатга келтирди. Сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Каримов ва Камолиддин Раббимов Kun.uz студиясида вазият борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Кun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Фарҳод Каримов ва Камолиддин Раббимов жонли эфирда геосиёсий жараёнлар ҳақида томошабинлардан келиб тушган саволларга жавоб беришади.

Мулоқот Эрон атрофидаги мураккаб халқаро вазият ҳақидаги саволлар билан бошланди.

— АҚШ ва Исроилдан янграган баёнотлар Яқин Шарқдаги вазиятни яна сўроқ остига қўймоқда. Эрон уруш остонасида турган бўлиши мумкинми?

Фарҳод Каримов: Ҳақиқатда ҳам охирги вақтларда оммавий ахборот воситаларида бу мавзу жуда кўп кўтарилмоқда. Украина уруши масаласида АҚШ–Россия музокаралари фонида бир муддат Яқин Шарқ асосий кун тартибидан тушиб қолгандек кўринган эди. Ҳозир эса яна Эроннинг Исроил ва АҚШ билан муносабатлари ОАВда кун тартибига чиқяпти. Бу бир қатор омиллар билан боғлиқ.

Биринчидан, Эроннинг позицияси эътиборга молик. Теҳрон ўз армиясини жанговар шай ҳолатга келтиряпти. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси охирги йилларда “ракета шаҳарлари” деб аталувчи ерости қурол омборлари ҳақида турли нашрларда маълумотлар чиқариб келарди, охирги пайтларда мана шу чиқишлар кўпайди. Деярли кунда-кунора янги омборлар кўрсатиляпти, бу омборларда ракеталарнинг янги авлодлари ҳам яратилаётгани айтиляпти.

Бу фонда Эрон узоқ ҳудудларга ҳам зарба бера олиш имкониятларини бот-бот эслатяпти. Ракеталар ёрдамида 2 минг километрдан ортиқ, дронлар ёрдамида эса 3,5 минг километр ёки ундан ҳам ортиқ масофада жойлашган нишонларини ура олишига шаъма қиляпти. Бу, АҚШ ва Британиянинг Ҳинд океанидаги бир нечта ҳарбий базаларини ҳам қамраб олади.

Бу масалани кун тартибига чиқарган иккинчи омил – Доналд Трампнинг аввалроқ, март ойида айтган гаплари. Яъни агар ядровий келишув бўлмаса, биз Эронга иқтисодий босим ўтказамиз ва керак бўлса, ҳужум қиламиз, деган эди. Исроилнинг позицияси ҳам бу жараённи янги босқичга олиб чиқяпти, уруш яқинми деган саволларни уйғотяпти.

Россия ва Хитойнинг бу борадаги позициялари кескин бўлмаётгани, тинч йўл билан ҳал қилиш керак деган умумий масалалардан уёққа ўтмаётганидан келиб чиқиб ҳам, таҳлилчилар Эроннинг ҳозирги глобал шарт-шароитидан АҚШ ва Исроил фойдаланиб қолиши мумкинлигини айтишяпти. Украина уруши бўйича Россияга қилинаётган босим туфайли Россия бу можарога аралашмаслиги мумкин.

Яна бир масала: Эроннинг ички матбуоти ёки ижтимоий тармоқларини кузатиб кўрсангиз, эронликлар АҚШ билан бўлиши мумкин бўлган эҳтимолий урушдан кўра кўпроқ ички сиёсий ва ижтимоий аҳволдан қайғурмоқда. Ҳозиргидек ташқи кескинлик фаол даражага чиққан фонда ҳам, Эрон жамияти ишсизлик, пулнинг қадрсизланиши каби муаммоларни кўпроқ муҳокама қиляпти. Биз АҚШ билан урушга тайёрланишни доим кўрганмиз, бу ҳам навбатдагиси, дейишяпти.

Ҳозирги кескинлик кўпроқ Хоминаий ва Трамп ўртасида кечаётган, сиёсий элиталарнинг ўзига хос курашига ўхшамоқда. Урушни АҚШ эмас, Исроил хоҳлаётгандек.

Бевосита Эроннинг ўзига катта ҳужумлар эмас, биринчи навбатда Эрон қўллаётган прокси кучларга ҳужумлар бўлиши эҳтимоли юқорироқ. Сурияга, ҳусийчиларга ҳужумни кўрдик. Эрон тарафга қараб кетса, зарбалар фақат айрим нуқталарга, манзилли йўналтирилиши мумкин, лекин унгача прокси кучларга ҳужумлар ва иқтисодий босим билан чекланади.

Россия-Украина урушида Эрон Россияга дронлар етказиб бериб, ёрдам берди. Ҳозир эса АҚШнинг ўзи Россия билан яқинлашяпти. Шундай вазиятда, агар Трамп Эронга қарши уруш очса, Россия Эронни қўллаган ҳолда АҚШга қарши чиқадими?

Камолиддин Раббимов: Юқорида Фарҳод ака айтганидек, Исроилнинг АҚШга Эронни йўқ қилиш керак дея даъват қилиб келиши охирги 15 йилда, муттасил ўзгармай келмоқда. Президент Жорж Буш даврида, 2005 йилда жиддий бир урушга яқинлашилди, лекин уруш бўлмади, чунки Афғонистон ва Ироқдаги урушлар оғирлик қилди, учинчисини бошлашга Американинг кучи етмас эди.

Трампнинг ўз лексикони бор. У Зеленский билан учрашганда “сизнинг қўлингизда карта йўқ, менинг қўлимда бор” деди. Карта ўйнайдиган одам сифатида, Трампнинг сиёсатдаги тактикаси – блеф. Карта ўйнайдиганлар ўзида йўқ картани бор деб ишонтириши ва рақибни қўрқитиши керак. Эрон ва Америка ўртасида билвосита музокаралар кетяпти. Улар тўғридан тўғри гаплашмайди, воситачилар орқали мулоқот кетяпти. Трамп Хоминаийга хат йўллади, Хоминаий ҳам жавоб хати юборди.

Унутмаслик керакки, Трампнинг биринчи президентлик муддатида генерал Қосим Сулаймоний Ироқда ўлдирилган эди. У Хоминаийга энг яқин генераллардан бири эди.

Менинг назаримда, уруш эҳтимоли жудаям кам. Бугун Доналд Трампнинг кун тартибида турган нарса ҳарбий урушлар эмас, иқтисодий, савдо урушлари. Қолаверса, Эронга уруш бошлаш учун президент Конгрессдан рухсат олиши керак, бунинг учун эса асослаш керак.

Россияга келадиган бўлсак, Путиннинг вазияти жуда ҳам мураккаб. У бир томондан Доналд Трамп ҳокимиятга келган пайтда Америка билан ўз муаммоларини ҳал қилиб олиши керак. Санкцияларни олиб ташлаш, Украинани назоратига олиш керак. Бунинг учун Трамп билан гаплашиб туриш керак. Шу фонда Россия тўғридан тўғри Эрон ёрдам берадиган бўлса, бу Трамп ва Путин мулоқотларига соя солади.

Путиннинг стратегик мақсади – коллектив ғарбни дунё ҳокимиятидан йиқитиш. У шу мақсадда Эрон, Шимолий Корея, умуман кимки Америкага қарши бўлса, улар билан бирга ҳаракат қилади. Ҳозир Америкада Россия билан келишув бу тактик келишув, стратегик эмас, Трамп кетганидан кейин АҚШнинг Россияга ва Путинга муносабати ҳозиргидек сақланиб қолмайди. Трампнинг ўзи ҳам 1-2 йилдан кейин бутунлай тескари позицияга ўтиши мумкин, буни Путин ҳам жуда яхши билади. Яъни икки ўртадаги ҳозирги илиқлик – вақтинчалик.

Ўйлайманки, Эрон масаласида Путиннинг позицияси очиқчасига ёрдам бериш ёки қўллаб-қувватлаш бўлмаса-да, у ёки бу шаклдаги ёрдам, албатта, бўлади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид

Эълонлар

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Turkiston Avenue ТЖМнинг 3-блокида сотувлар бошланди: орзунгиздаги хонадон нархи 100% тўланганда 230 миллион сўмдан бошланади

Yandex Uzbekistan Ўзбекистонда эндиликда бизнес мулоқотларини амалга ошириш учун Юлдуз ва Лола овозларини тақдим этди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Turkiston Avenue ТЖМнинг 3-блокида сотувлар бошланди: орзунгиздаги хонадон нархи 100% тўланганда 230 миллион сўмдан бошланади

Yandex Uzbekistan Ўзбекистонда эндиликда бизнес мулоқотларини амалга ошириш учун Юлдуз ва Лола овозларини тақдим этди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти