Спорт | 11:23 / 02.04.2025
11447
14 дақиқада ўқилади

«Реал» 8 гол урилган ўйинда финалга чиқди, Сака қайтишини гол билан нишонлади. Кун ўйинлари

Мадридликлар қўшимча дақиқаларда тўртинчи голни ўтказиб юборди, аммо овертаймда ҳисобни тенглаштирди. Сешанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Getty Images

Испания: эпик турнир

Испания кубоги. Яримфинал, жавоб учрашуви.
«Реал» – «Реал Сосиедад»
– 4:4 (Умумий ҳисоб – 5:4)
Голлар: Эндрик 30, Беллингҳем 82, Тчуамени 86, Рюдигер 115– Барренечеа 16, Давид Алаба 72 автогол, Оярасабал 80, 90+3.
«Реал»: Лунин, Асенсио, Алаба (Рюдигер, 90), Васкес (Модрич, 79), Чуамени, Валверде, Беллингҳем, Камавинга (Фран Гарсия, 90), Родриго, Винисиус, Эндрик (Мбаппе, 66).
«Реал Сосиедад»: Ремиро, Мунйос, Субелдия, Арамбуру (Траоре, 79), Агерд (Элустондо, 27), Субименди, Кубо, Сучич, Марин (Оласагасти, 90), Барренечеа (Серхио Гомес Мартин, 68), Оярсабал.
Биринчи ўйин – 1:0.

Сан-Себастяндаги биринчи ўйин «қаймоқранглилар»нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди. Жавоб ўйинида эса жамоалар биргаликда саккизта гол уришди.

Бу оқшом Карло Анчелотти Рюдигер ва Мбаппени захирада қолдирди. Одатдаги каби кубок ўйинида марказий форвард ролини Эндрик эгаллади, Сан-Себастяндаги ўйинда ягона гол муаллифи айнан у бўлганди.

Басклар умумий ҳисобни тенглаштиришга интилиб, илк дақиқаларданоқ юқори прессинг уюштирди, «Реал» эса тўпга эгалик қилишга уринмади. Мезбонлар рақиб майдонидаги бўш ҳудудлардан фойдаланиб қолишга бажонидил тайёр эди. Ўйин стартида темп у қадар юқори эмасди. Аммо саккизинчи дақиқадаёқ Эндрик гўзал ҳаракатлар билан мухлисларни ўзига маҳлиё қилди. Бразилиялик ёш футболчи рақиб жарима майдони ичида икки ҳимоячи қўриқлаётганига қарамай, тўпни ўзига бўйсундирди ва чалқанча ҳолатда зарба берди. Аммо тўп устун ёнидан ўтиб кетди ва Испанияда мавсум голи урилмай қолди.

Жароҳат туфайли сафдан чиққан Куртуа ўрнига ўйнаётган Лунин эса кўп ҳаяжонланди. Бир неча ҳолатда унинг узун паслари ноаниқ чиқди, баскларнинг биринчи хавфли ҳужумидаёқ гол ўтказиб юборди. Меҳмонлар чап қанотдан тўпни жарима майдонига олиб боришди, Васкес ҳужумга халақит қила олмади, Барренечеа шунчаки тўпни дарвозабон оёқлари остидан ўтказди.

«Реал» шундан кейин ҳам ўртача даражада ўйнашда давом этди, аммо ўйиннинг ярим соати ортда қолганида жавоб голи урилди. Бундан олдинроқ Иманола Алгуасил жамоасида Агерд жароҳат олди ва ҳимоя чизиғи заифлашди. Мезбонлар ҳимоядан чиқишда тезкор ҳаракат қилишди ва Эндрик иккинчи имкониятидан фойдаланиб, Испания кубогидаги бешинчи голини урди ва турнир тўпурарлари рўйхатида «Атлетико» ҳужумчиси Хулиан Алваресга етиб олди. Бу ҳужумда асосий ишни Винисиус Жуниор бажарди. У майдонни иккинчи қисмидан туриб бутсасининг ташқи қисми орқали тўпни ҳимоячилар ортига очилаётган жамоадошига етказиб берди, ёш форвард тўпни Ремиро устидан ошириб ташлади - 1:1.

«Реал» иккинчи бўлимни фаол бошлади, тезда стандарт вазиятлардан иккита голли вазият яратди. Аввалига бурчакдан тўпидан тўғридан йўлланган зарбадан кейин Ремиро қийинчилик билан уни тўхтатиб қолди. Кейинги бурчак зарбасида эса «Реал Соседад» дарвозабони зарбани қайтариш учун қўлларини ёзганида, кафти билан Беллингҳэмнинг юзига уриб юборди. Басклар дарвозасига пеналти белгиланиши мумкин эди, бироқ ҳакам Хавер Рохас буни қоидабузарлик эмас деб топди.

Ўйин якунига ярим соатча вақт қолганида Анчелотти Мбаппени майдонга ташлади. Аммо Эндрик ўрнига тушган француз жамоаси ўйинини кучайтира олмади. «Реал» тўп учун курашларда ютқаза бошлади. Бўлим ўрталарида «Реал Сосиедад» бор кучи билан ҳаракат қилишга ўтди. Баскларнинг танаффусдан кейин дарвоза соҳасига тўғри борган илк зарбаси фақатгина Луниннинг сейви ва Оярсабалнинг зарба беришдаги муваффақиятсиз ҳаракатлари туфайли гол билан якунланмади - қайтган тўпга етиб борган басклар юлдузи мезбонларни очиқчасига кечирди. Кўп ўтмай, Лунин яна бир марта тўпни оёқлари орасидан ўтказиб юборди. Бу сафар ўз жамоадошидан. Марин жарима майдонига ёриб кириб, зарба йўллади, тўп Алабанинг оёғи орқали тўрга бориб тушди.

«Реал» бу дақиқаларда карахт ҳолатга тушиб қолди, басклар эса тўхташ ҳақида ўйламади ва учинчи голни ҳам урди. Кубо навбатдаги марта Камавинганинг чап қанотида олдинга ўтди, яна Алабанинг омади келмади. Оярсабалнинг зарбасидан кейин тўп марказий ҳимоячига теккан ҳолда дарвозабонни доғда қолдирди.

Аммо «Реал» ўзига келди ва дарҳол жавоб қайтарди. Винисиуснинг рейди жарима майдонида бўш қолдирилган Беллингҳэмнинг голи билан якунланди. Кейин бразилияликнинг ўзи яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, Ремиро билан дуэлни бой берди. Аммо дарвозабон Тшуамени бурчак зарбасидан кейин бош билан зарба берганида иложсиз қолди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди. Асосий вақт якунланишига оз вақт қолганида Ойярсабал тўпга чиқишда хато қилган Лунинни жазолади, Ремиро эса Беллингҳэмнинг бош билан бурчак томон йўллаган зарбасини қайтариб, ўйинни қўшимча бўлимларга олиб ўтди. Овертаймларда Анчелотти ҳимоя чизиғини алмаштирди, Мбаппе вазиятлардан фойдалана олмади, Оласагастининг Винисиусга қўполлигидан кейин жанжал чиқди ва битта гол урилди. Одатда пеналтилар сериясида ҳал қилувчи голни уриб кетадиган Рюдигер иккинчи қўшимча бўлим якунига беш дақиқа қолганида бурчакдан оширилган тўпни дарвоза тўрига йўллаб, пеналтилар сериясини бекор қилди.

Мадрид бу сафар оғир ҳолатдан стандарт вазиятлар орқали чиқиб кетди. Карло Анчелотти эса «Қироллик клуби»ни фаолиятида уч бор финал ўйинига олиб чиққан бешинчи мураббийга айланди (1982 йилдан буён илк ҳолат). Финалда рақиб ким бўлиши («Барса» ёки «Атлетико») — муҳим эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам мухлисларни эпик жанг кутмоқда.

Англия: Саканинг қайтиши

АПЛ. 30-тур
«Арсенал» – «Фулҳэм» 2:0
Голлар:
Мерино 37, Сака 73 – Муниз 90+3
«Арсенал» — Райя, Салиба, Габриэл (Кивиор,16), Тимбер (Троссар, 77), Люис-Скелли, Райс, Парти, Мерино, Эдегор, Нванери (Сака, 66), Мартинелли.
«Фулҳэм» — Лено, Робинсон, Диоп (Сессенон, 77), Андерсен, Куенка, Кастан, Лукич (Перейра, 67), Берге, Траоре (Виллиан, 67), Смит-Роу (Ивоби, 67), Хименес (Муниз, 77).
Огоҳлантиришлар: Райс 72 – Андерсен 53, Лукич 57, 

Лондон дербиси «Арсенал» учун ёқимсиз ҳолат билан бошланди — 17-дақиқадаёқ жамоанинг асосий ҳимоячиларидан бири Габриэл Магалянс жароҳат олиб майдонни тарк этди. Аммо умуман олганда, ўйин «канонирлар»нинг тўлиқ назоратида кечди ва Мерино Нванерининг пасидан кейин навбатдаги голини урди. сўнгги ҳафталарда мажбуран ҳужумчига айлантирилган ушбу яримҳимоячи АПЛдаги голлари сонини олтитага етказган. Жамоада фақат Ҳаверцда ундан кўпроқ гол бор (9).

«Эмирейтс»даги оқшомнинг асосий воқеаси эса жароҳат туфайли 21 декабрдан буён ўйнамаётган Саканинг қайтиши бўлди. Буни гол билан нишонлаш учун Габриэл Мартинелли нозик техник ҳаракатни амалга оширди ва «Арсенал» юлдузига бу гол учун етти дақиқага яқин вақт етарли бўлди. Шундан кейин мезбонлар хотиржамликка берилди ва қўшиб берилган дақиқаларда «Фулҳэм» Родриго Мунизнинг саъй-ҳаракатлари билан битта жавоб голини урди (бу ушбу бразилияликнинг захирадан тушган ўйинлардаги олтинчи голи бўлди).

Ғалабани сақлаб қолган Артета шогирдлари АПЛда яна бир рекорд қайд этди, энди жамоа бир рақибга қарши ўйинлардаги энг узоқ мағлубиятсиз серияга эга. Сешанба куни бу серия 32 ўйинга етди (+25=7).

«Ноттингҳэм Форест» – «МЮ» 1:0
Гол:
Эланга, 5
«Ноттингҳэм Форест»: Зелс, Уилямс, Мурилло, Миленкович, Айна (Морено 34), Андерсон (Домингес 67), Йейтс, Данило (Морато 40), Гиббс-Уайт, Эланга (Соса 86), Авонийи (Сангаре 86).
«Манчестер Юнайтед»: Онана, Мазравий, де Лигт, Йоро (Магуайр 88), Бруну Фернандеш, Гарначо, Доргу, Каземиро (Эриксен 59), Угарте (Ҳойлунд 46), Диогу Далот, Зиркзе (Маунт 78)
Огоҳлантиришлар: Уилямс 71, – Каземиро 50, Гарначо 66, Эриксен 78.

Тезкор гол билан ҳисобни очган Эланга («қизил иблислар» бурчак зарбасини ижро этишганидан кейин у ўз жамоаси жарима майдони атрофидан тезлик олди, «МЮ» чап қанот ҳимоячиси Патрик Доргу уни шунчаки кузатиб борди ва тўхтатишга уринмади) собиқ жамоадошларини осонлик билан ортда қолдирди.  Ралф Рангник бошқаруви даврида ушбу швециялик футболчи «Олд Траффорд»даги юлдузли онларини ўтказганди, аммо вингер Эрик тен Ҳаг билан келиша олмади. Эланга Рубен Аморимнинг жамоасида ўз ўрнига эга бўлган бўларди, аммо Англиядаги ўлчовлар бўйича арзимас кўринадиган 17 миллион евро эвазига сотиб юборилган футболчи аллақачон «Ноттингҳэм» етакчиларидан бирига айланган.

Сешанба оқшомида у ўз фаолиятида илк бор бир мавсумда олти гол уришга эришди, у ўтган мавсум бошидан буён голли ҳаракатлар (гол ёки пас) бўйича 28 балл тўплаган. «Юнайтед»да бу давр ичида бундан яхшироқ кўрсаткични фақат Бруну Фернандеш қайд эта олган (34). Жорий мавсумда Англияни тарк этган Антони ҳам «Бетис»да шунга ўхшаш натижа қайд этмоқда. «МЮ» эса сўнгги дақиқаларда ўйинни қутқариш учун марказий ҳимоячи Магуайр туширилмоқда. Ҳарри ўзига берилган дақиқаларда қўлидан келганча ҳаракат қилди, фақат ўйинга қўшиб берилган еттинчи дақиқада унинг зарбасидан кейин Мурилло тўпни дарвоза чизиғи устида қайтариб юбориб, «Ноттингҳэм»ни Чемпионлар лигасига яқинлаштирди.

Германия: тарихий кун

Германия кубоги, 1/2 финал
Арминия – Байер 2:1
Голлар:
Вёрл 20, Гросер 45+3 – Та 17.
Байер Леверкузен: Градецкие – Хинкапе, Та, Мукеле, Гримальдо, Андрих, Жака, Фримпонг, Адли (Телла, 77), Шик, Паласиос (Бонифейс, 53).

Германиянинг учинчи дивизионидаги гуруҳида тўртинчи ўринда бораётган ва ҳозирча ҳатто ўтиш ўйинларига ҳам ўта олмайдиган бўлиб турган «Арминия» сешанба оқшомидаги яримфинал ўйинига қадар сенсацион равишда қаторасига бундеслиганинг уч вакили — «Унион», «Фрайбург» ва «Вердер»ни Германия кубогидан чиқариб юборганди. Совриннинг амалдаги эгаси «Байер», албатта, бошқа даража, аммо Билефелд жамоаси ўз мухлислари қаршисидаги ўйинда Танинг зарбасидан кейин ўтказиб юборилган голдан ўзига кела олди. Мезбонлар дарҳол жавоб голини уришди, биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса ҳисобда олдинга ҳам чиқиб олишди.

Маълумки, леверкузенликларга қарши ўйинда бундай ҳисоб ҳали ҳеч нарсани кафолатламасди. Хаби Алонсо жамоаси чоракфиналда «Кёлн»га қарши ўйинда асосий вақтга қўшиб берилган олтинчи дақиқада ҳисобни тенглаштирган ва рақибни овертаймларда таслим этганди (3:2). Аммо бу сафар магия тугаб қолди. Якуний штурм ўхшамади ва улар қутулиб қолишидан кўра мезбонлар учинчи голни уришга яқинроқ эди, аммо ҳужум вакилларида маҳорат ва совуққонлик етишмади. Футболчиларнинг фидойилиги барибир ўз тарихида илк бор ушбу турнир финалига чиқиши учун етарли бўлди. «Арминия» бу билан тарих ёзди, шу вақтгача иккинчи дивизиондан пастдаги турнирлар иштирокчиси элитанинг тўрт клубини чиқариб юборган ҳолда финалга йўл олиши кузатилмаганди. Қолаверса, Алонсо бошқарувида «Байер» кубок ўйинларида ютқазмаганди — ва бу мағлубият ҳам ўзига хос тарихий бўлди.

Италия: «Болоня» деярли финалда

Италия кубоги, 1/2 финал
«Эмполи» – «Болоня» 0:3
Голлар:
Орсолини (23), Даллинга (29, 51)

Олдинги раундда «Эмполи» сенсацион равишда «Ювентус»ни Италия кубогидан чиқариб юборганди ва Тиагу Моттанинг истеъфосига ҳисса қўшганди. Аммо ушбу мутахассиснинг собиқ жамоаси, унинг кетиши амалда сезилмаган «Болоня»га қарши ўйинда аутсайдернинг сенсация лимити тугаб қолганди. «Болоня» Винченцо Италяно бошқарувида ҳам олдингидан ёмон кўринмаяпти — ушбу жамоа ўсишни давом эттирмоқда, ички чемпионатда қаторасига бешта ғалабадан иборат серия қайд этиб, ЕЧЛга йўлланма берувчи тўртинчи ўринга жойлашган, сешанба оқшомида эса қизил-кўклар рақибнинг ўнг қанотидаги заиф нуқталардан унумли фойдаланишди. Биринчи бўлимда Одгарнинг шу қанотдан пасидан кейин Орсолини дарвозани ўққа тутди. Бироз ўтиб жарима майдонига голли узатма берган Ндой ҳам ўз ҳаракатини шу қанотдан бошлади, унинг узатмасидан кейин Даллинга моҳирона ҳаракат билан тўпни дарвозабон ёнидан ўтказди. Танаффусдан кейин эса ушбу жуфтлик «Эмполи»ни узил-кесил таслим этди ва ой охирида Болоняда ўтказиладиган жавоб учрашуви амалда қуруқ расмиятчиликка айланди.


Франция Кубоги. 1/2 финал.
«Дюнкерк» — «ПСЖ» 2:4
Голлар:
Сассо 27, Ал-Садд 27 — Дембеле 45, 90+3, Маркиньос 48, Дуэ 62
«ПСЖ» — Сафонов, Нуну Мендеш, Бералдо, Маркиньос, Ҳакими, Невеш, Витиня, Заи-Эмери (Рамуш, 46), Барколя (Руис, 77), Дембеле, Дуэ (Пачо, 90).

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери