Қозоғистонда мобил телефонлар учун «қора рўйхат» жорий этилади
Қозоғистонда 25 мартдан бошлаб смартфонлар ва бошқа мобил алоқа қурилмаларини рўйхатдан ўтказиш бўйича янги қоидалар кучга кирди. Рақамли ривожланиш ва аэрокосмик саноат вазирлигининг тушунтиришича, ўзгаришлар фақат шу санадан сўнг мамлакатга илк бор олиб кирилган телефонларга тааллуқли бўлади.

Фото: Marques Brownlee/YouTube
Ўғирланган телефонларни билмасдан сотиб олишдан сақланиш учун қозоғистонликларга ўзлари смартфон IMEI-кодини imei.rfs.gov.kz сайтида мустақил равишда олдиндан текшириш тавсия этилади. Рақамли ривожлантириш вазирлигининг эслатишича, «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга кўра, мобил телефонлар қайтариб берилмайди ёки алмаштирилмайди.
Янги қоидалар хуфёна бозорига қарши курашиш, истеъмолчиларни ҳимоя қилиш, бизнес учун шаффоф шароит яратиш ва мобил қурилмалардан фойдаланиш хавфсизлигини оширишга қаратилган. Рақамли ривожлантириш вазирлиги аҳолини янги қоидалар жорий этилиши ҳақида хабардор қилиб боришини ваъда қилмоқда.
Вазирлик мобил алоқа қурилмаларининг «кир» версияларини тозалашни режалаштирмоқда, деб хабар беради Orda.kz. Тегишли ўзгартишлар мобил алоқа абонент қурилмаларини рўйхатдан ўтказиш қоидалари ҳақидаги буйруққа киритилмоқда.
«Мобил алоқа абонент қурилмаларига мобил алоқа хизматларини кўрсатиш тақиқланган реестр («қора рўйхат») — мазкур қоидаларга мувофиқ мобил алоқа абонент қурилмалари идентификация кодлари маълумотлар базасига киритилмаган мобил алоқа абонент қурилмалари рўйхатидан иборат бўлади», — дейилади вазирлик ҳужжатида.
Эндиликда Қозоғистонда барча мобил телефонлар учта тоифага ажратилади:
- оқ рўйхат — расман рўйхатдан ўтган ва мобил алоқа тармоқларида ишлашга рухсат этилган қурилмалар;
- кулранг рўйхат — маълумотлари ҳали тасдиқланмаган қурилмалар. Улар вақтинча алоқа хизматларидан фойдаланиши мумкин, аммо 30 кун ичида текширувдан ўтиши керак;
- қора рўйхат — мобил алоқа хизматлари тақиқланадиган қурилмалар.
Қора рўйхатга IMEI-коди нотўғри ёки ўзгартирилган, завод идентификаторисиз телефонлар, шунингдек, GSMA (Глобал тизим ассоциацияси)да йўқолган ёки ўғирланган деб рўйхатга олинган гаджетлар тушади. Бундан ташқари, Қозоғистонга расмий божхона расмийлаштирувисиз олиб кирилган телефонлар ҳам ушбу рўйхатга киритилади.
Шунингдек, эндиликда қурилмани рўйхатдан ўтказиш пайтида маълумотлар базаси оператори унинг IMEI-кодини, эгасининг шахсий идентификация рақамини (ЖШШИР) ва унга боғланган рақамларни текширади. Агар қурилма текширувдан ўтмаса, бир неча соат ичида у «қора рўйхат»дан жой олади ва мобил оператор бу ҳақда фойдаланувчига хабар беради.
Мобил алоқа оператори қурилма эгасига унга мобил алоқа хизматларини кўрсатиш тақиқланганини билдириши керак.
IMEI-код бўйича маълумот топилмаган ва унинг қонунийлигини текшириш имкони бўлмаган ҳолларда истисно қилинади. Бундай ҳолларда оператор қурилма маълумотларини «кулранг рўйхат»га киритади ва 30 кун мобайнида вақтинча алоқа хизматларини тақдим этади.
Шундан сўнг идентификация коди ва бошқа маълумотлар қайта текширилади. Агар натижа яна салбий бўлса, маълумотлар «қора рўйхат»га киритилади.
Баъзан қурилманинг IMEI-коди таъмирлаш пайтида ўзгариши мумкин. Бундай ҳолатларда сервис маркази янгиланган маълумотларни GSMA базасига киритиши шарт. Шунинг ортидан телефонни янги қурилма сифатида қайта рўйхатдан ўтказиш лозим бўлади.
Қозоғистонда янги қоидалар 2025 йил 25 мартдан кучга кирган.
Тавсия этамиз
Қимматга тушган липосакция: блогерни кимлар операция қилди?
Жамият | 19:22 / 04.04.2025
NYT Германиядаги «уруш офиси» ҳақида суриштирув эълон қилди
Жаҳон | 15:18 / 04.04.2025
Минбардаги 25 соат: сенатор Букер нега бундай қилди?
Жаҳон | 22:47 / 03.04.2025
Ўзбекистоннинг 9 та вилоятида сел хавфи эълон қилинди
Ўзбекистон | 22:24 / 03.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Нейротармоқ Вена университетига қабул қилинди
Фан-техника | 23:31 / 05.04.2025
-
Европа билан шериклик, бекор қилинган хусусийлаштириш ва Leapmotor'га тақиқ — ҳафта дайжести
Ўзбекистон | 22:59 / 05.04.2025
-
АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари янги атом сувости кемасига эга бўлди
Жаҳон | 22:38 / 05.04.2025
-
Тошкентда Парламентлараро иттифоқ ассамблеяси иш бошлади
Ўзбекистон | 22:34 / 05.04.2025
Мавзуга оид

21:21 / 05.04.2025
Қозоғистон Ўзбекистондан суғориш учун 12,6 миллиард куб метр сув олди

13:36 / 04.04.2025
Қозоғистон Германияга нефт етказиб бериш ҳажмини оширяпти

12:52 / 31.03.2025
Ўзбекистон ва Қозоғистон темирйўл туташувларида ўтказиш қобилияти оширилади

22:46 / 30.03.2025