Байден даврида Украина ва АҚШ ўртасида қандай баҳслар бўлган? NYT суриштирувидан асосий гаплар

Фото: Reuters
АҚШ Доналд Трамп Оқ уйга қайтишигача бўлган даврда Украинадаги урушга илгари ўйлаганларидан кўра кўпроқ миқёсда тортилган. New York Times нашри Киев ва Вашингтон деярли уч йил давомида разведка, стратегия, режалаштириш ва технологиялардаги ҳамкорликни хуфиёна бирлаштиргани ҳақида катта суриштирувни эълон қилди – бундан Америка ва иттифоқнинг фақат тор доирадаги расмийлари хабардор бўлган.
NYT материалида таъкидланишича, Германиянинг Висбаден шаҳридаги Америка базаси Украина қуролли кучларига Россия ҳудудидаги рус қўшинларининг координаталарини тақдим этиб келган. Ушбу операция Task Force Dragon деб номланган бўлиб, унинг вазифаси Россиянинг жонли куч ва қурол-яроғ бўйича устунлигини компенсация қилиш эди.
АҚШ ва Украина ҳарбийлари ҳар куни устувор нишонларни аниқлаган, разведкачилар сунъий йўлдош тасвирлари, радионурланиш ва тутиб олинган хабарларни ўрганиш орқали Россия позицияларини топган, уларнинг координаталари кейинчалик Украина қуролли кучларига узатилган, дейилади нашрда.
Байден маъмуриятининг «қизил чизиқлари» доимий равишда ортга сурилди, деб ёзади NYT. Гарчи Вашингтон кенг кўламли босқиннинг бошиданоқ урушда тўғридан тўғри иштирок этмоқчи эмаслигини таъкидлаган бўлса-да, мақола муаллифлари таъкидлашича, бир вақтнинг ўзида ўнга яқин америкалик ҳарбий маслаҳатчилар Киевда бўлиб турган.
Уларнинг сўзларига кўра, кейинчалик гуруҳ ўттиз кишигача кенгайган ва ҳарбий маслаҳатчиларга жанговар ҳаракатлар жойларига яқинроқ жойлашган Украина қўмондонлик пунктларига боришга рухсат берилган.
2022 йилда АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари штаби Украина қуролли кучларига Россия ҳарбий кемаларига денгиз дронлари билан зарба бериш учун маълумотлар беришга рухсат берди, дейилади суриштирувда.
NYT маълумотларига кўра, Марказий разведка бошқармаси Украинанинг Қрим бўйича амалиётларини қўллаб-қувватлашга имкон берган.
Муаллифлар таъкидлашича, 2024 йил январ ойида Висбадендаги америкалик ва украиналик ҳарбий офицерлар Россиянинг Қримдаги 100 га яқин ҳарбий иншоотларига ҳужум қилиш учун коалиция томонидан етказиб берилган узоқ масофали ракеталар ва Украина дронларидан фойдаланган ҳолда кампания уюштиришни биргаликда режалаштирган.
Қарши ҳужум билан боғлиқ муаммолар
NYT маълумотларига кўра, 2023 йилда Украина қуролли кучларининг ёзги қарши ҳужуми ҳам Висбаденда муҳокама ва режалаштириш мавзусига айланган. Қарши ҳужумнинг муваффақиятсизлигига эса «Украинадаги сиёсий келишмовчиликлар сабаб бўлган», дея таъкидлайди нашр.
Кампания кенг кўламли босқиннинг биринчи йилидаги ғалабалардан сўнг Украинага «импулс бериши» керак эди. Аммо ҳамкорлар Висбаденда ҳарбий машғулотлар ўтказиб, стратегияни келишиб олгандан сўнг, «режа Украина сиёсати билан тўқнашди».
Нашр маълумотига кўра, Украина қуролли кучлари бош қўмондони, генерал Валерий Залужний жанубдаги Мелитопол шаҳри йўналишидаги штурмни ҳамда бу билан Россия таъминот тизимини узиб қўйишни кўзда тутувчи режани маъқуллаган.

Аммо унга бўйсунувчи ва шу билан биргаликда рақиби — генерал-полковник Олександр Сирский ҳам ўз режасига эга бўлган: Россия қўшинларига Бахмутда зарба бериш.
Украина президенти Володимир Зеленский якунда Сирскийнинг тарафини олган ва кучлар икки асосий фронтга бўлиниб кетган
Бош штаб йиғилишида Залужний генерал Олександр Тарнавский асосий зарба йўналиши — Мелитополга ҳужум қилиш учун 12 бригада ҳамда ўқ-дориларнинг катта қисмини олиши керак деган қарорга келган. Бу вақтда генерал Юрий Содол россиялик ҳарбийларни чалғитиш учун Мариуполга алдамчи юришни амалга ошириши, Сирский эса Бахмут атрофида кўмакчи зарбага бошчилик қилиши керак эди.
«Шунда Сирский сўз олади. Украиналик мулозимларга кўра, генерал бу режадан бош тортиб, россияликларни Бахмутдан сиқиб чиқариш учун кенг кўламли юриш қилишни хоҳлашини айтган», — дея ёзади. Унинг версиясига кўра, Сирский Луҳансккача боришни ҳам режалаштирганди.
Америкаликларга бу йиғилиш натижалари ҳақида хабар берилмаган, дейилади америкалик журналистлар суриштирувида, бироқ кейинроқ АҚШ разведкаси Украина қўшинлари ва ўқ-дорилар «келишилган режага мос келмайдиган йўналишларда ҳаракатланаётгани»ни пайқаган.
Украиналиклар Бахмутни қайтара олмади ва бир неча ойдан сўнг қарши ҳужум муваффақиятсиз якунланди. Шундан кейин Россия устунликка эга бўлди, дея таъкидлайди NYT.
Нашр суриштирувида Сирский ва Залужний ўртасидаги рақобат билан боғлиқ бошқа кўплаб жиҳатлар ҳам тасвирланади, шунингдек, украин қўмондонларининг америкаликлар билан алоқалари ҳақида сўз юритилади.
АҚШ ва Украина ўртасидаги тортишувлар
2022 йил 14 апрелда украин ҳарбийлари Россия Қора денгиз флотига ҳалокатли зарба йўллаган ва «Москва» ракета крейсерини чўктириб юборганди, бу эса АҚШда салбий реакцияни келтириб чиқарган.
NYT ёзишича, 2022 йил апрели ўрталарида америкалик ва украиналик зобитлар кундалик разведка ўтказаётганида радарлар экранларида кутилмаган объект пайдо бўлади.
Нашрнинг ифодалашича, америкаликлар украинлар крейсерга уларни огоҳлантирмасдан зарба берганидан ғазабланган, шунингдек Украинада кемага етиб бора оладиган ракеталар борлигидан ажабланишган.
Улар ваҳимага тушишган, дея ёзади NYT, чунки «Байден маъмурияти украинларга Россия қудратининг бундай катта рамзига ҳужум қилишга рухсат бермоқчи эмасди».

Украинанинг 2024 йил августида Курск областида бошлаган амалиётини ҳам америкаликлар ишончга путур етказувчи ҳаракат сифатида баҳолашган. Нашр қайд этишича, 2024 йил ёзида украин армияси шимол ва шарқда фронтни хавфли даражада чўзиб юборганди. Аммо бу вақтга келиб Украина қуролли кучлари бош қўмондони лавозимида Залужнийнинг ўрнини эгаллаган Сирский унга «ғалаба кераклиги» ҳақида гапиришда давом этарди.
Март ойида америкаликлар Украина ҳарбий разведкаси Россиянинг жануби-ғарбий қисмида ерусти операциясини яширинча режалаштираётганини аниқлайди. Ўшанда Марказий разведка бошқармасининг Киевдаги резидентураси бошлиғи Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Будановдан изоҳ сўрайди: агар украинлар Россия билан чегарани кесиб ўтса, бу Америка қуроллари ва разведка маълумотларисиз бўлиши талаб этилади, дея таъкидлайди нашр.
Август ойи бошида украиналиклар шимолда нимадир бўлаётганига сирли ишора қилишди, деб ёзади NYT. Бу вақтда генерал Сирский ўз юришини амалга оширади — Россиянинг жануби-ғарбий чегараси орқали Курск областига қўшин юборади.
Гап нафақат украиналиклар америкаликларни ғафлатда қолдирганида, балки «улар [Украина ҳарбийлари] коалиция томонидан тақдим этилган қуролларни Россия ҳудудига олиб чиқиб, ўзаро келишилган чизиқни яширинча кесиб ўтганида», дея таъкидлайди нашр.
Аввалроқ Украина ва АҚШ Россияда украиналиклар Америка қуролларидан ўқ узиши мумкин бўлган ҳудудни белгилаб олганди, Висбадендаги қўмондонлик эса уларнинг зарбаларини разведка маълумотлари билан қўллаб-қувватлаши мумкин эди. Бу, хусусан, Харкив областидаги гуманитар фалокатнинг олдини олиш учун амалга оширилди. «Бу салкам шантаж эмас, балки шантажнинг айнан ўзгинаси эди», – дея вазиятга изоҳ берди Пентагон расмийси.

Курск обастида ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин америкаликлар қўллаб-қувватлашни тўхтатиши мумкин эди, аммо улар бу Украина ҳарбийлари орасида катта қурбонларга олиб келиши мумкинлигини билишарди, деб тушунтирди АҚШ маъмурияти вакили. Агар улар HIMARS ракеталари ва разведка томонидан ҳимоя қилинмаганида ҳалокатга маҳкум эди, деб ёзади NYT.
Украина қуролли кучларининг Курск областига бостириб киришидан кўзланган мақсадлардан бири, Зеленскийнинг америкаликларга тушунтиришича, таъсир қилиш воситасига эга бўлиш – келажакдаги музокараларда Украина ерларига алмаштирилиши мумкин бўлган Россия ерларини эгаллаб олиш ва сақлаб туриш эди.
Март ойида Украина ҳарбий контингентини босқичма-босқич олиб чиқиб кетаётгани маълум бўлди. Яқинда Зеленский АҚШ томонидан разведка маълумотларини тақдим этишдаги пауза Украина қўшинларининг Курск областидаги аҳволи ёмонлашишига таъсир қилмаганини айтганди.
Мавзуга оид

23:14 / 01.04.2025
Украинада 20 км масофага уча оладиган оптик толали FPV-дронлар синовдан ўтказилди

22:54 / 01.04.2025
Россия ва Украина бир-бирини энергетика объектларига зарба беришда давом этаётганликда айблади

09:38 / 01.04.2025
ЕИ дипломатлари Россияни Украинада ҳеч қандай шартсиз ўт очишни тўхтатишга чақирди

08:51 / 01.04.2025