Жаҳон | 08:13 / 31.03.2025
12997
4 дақиқада ўқилади

Украина Қрим кўпригига ATACMS ракеталари билан зарба берган — NYT

2024 йилда Украина Қуролли Кучлари АҚШ ва Британия иштирокидаги махсус операция доирасида Қрим кўпригига ATACMS ракеталари билан зарба бергани маълум бўлди. 

Фото: tonkosti.ru

Бу ҳақда The New York Times нашри маълум қилмоқда

«Ой ёмғири» операцияси доирасида амалга оширилган ушбу махфий ҳужумнинг тафсилотлари энди ошкор қилинди — ундан кўзланган мақсади оккупация қилинган яриморолнинг асосий объектига зарба бериш эди.

NYT таҳлилларига кўра, Керч бўғози орқали ўтувчи кўприкка қилинган зарба 2024 йили АҚШ, Украина ва Буюк Британия томонидан ишлаб чиқилган Lunar Hail («Ой ёмғири») кодли номи остидаги махсус операциянинг бир қисми бўлган.

Ушбу операция Киевнинг 1991 йилги чегараларга қайтиш талабларига жавоб сифатида амалга оширилган бўлиб, Россиянинг Қримдаги ҳарбий мавжудлигини заифлаштиришга мўлжалланган эди. Режага кўра, яриморолдаги тахминан 100 та асосий ҳарбий инфратузилма объектига зарбалар берилиши керак эди.

Энг асосий нишон — Қрим кўприги бўлган. У Россия билан Қримни боғлаб турувчи стратегик логистика артериясидир.

NYT маълумотларига кўра, Украина президенти Владимир Зеленский кўприкни йўқ қилишда шахсан қатнашган ва буни рамзий ва ҳарбий жиҳатдан муҳим қадам, деб баҳолаган.

Ғарбнинг махфий кўмаги

Аввал Қрим кўпригига зарбалар бериш АҚШ томонидан «қизил чизиқ»ни босиб ўтиш ҳисобланган бўлса-да, бу сафар Оқ уй рухсат берган. Америка ва Британия ҳарбийлари, шунингдек, Марказий разведка бошқармаси украиналиклар билан бирга ҳужум режасини тайёрлаган. Унда ракеталар билан бирга денгиз дронларидан фойдаланиш ҳам кўзда тутилган.

Бош режага кўра, ATACMS ракеталари кўприкнинг заиф нуқталарини йўқ қилиши, дронлар эса кўприк устунлари ёнида портлаши керак эди. Аммо Россия ҳаво ҳужумидан ҳимояни мустаҳкамлагани сабабли, Украина фақат ракеталардан фойдаланиш қарорини қабул қилган.

НАТО қўшинлари Европадаги қўмондони Кристофер Каволи ва генерал-лейтенант Антонио Агуто бу ҳужумни ёки кечиктиришни, ёки бекор қилишни таклиф қилган — улар ATACMS ракеталари кўприкни йўқ қилиш учун етарли эмас, деб ҳисоблашган. Аммо Украина ўз сўзида туриб олган.

Зарба августда амалга оширилгани тасдиқланди

NYT маълумотига кўра, ATACMS билан зарба 2024 йил август ойи ўртасида амалга оширилган. Эҳтимол, бу 16 август куни бўлиб ўтган ҳодисадир — ўшанда Россия Мудофаа вазирлиги 12 та ракета зарба беришган уринганини хабар қилган, аммо ҳеч қандай зарарни тан олмаган эди.

Энди АҚШ расмийлари NYT'га тасдиқлашича, зарба манзилга етган — кўприкнинг йўл қатламида талафотлар («ўралар») ҳосил бўлган, улар кейинчалик шошилинч тарзда таъмирланган.

Шунга қарамай, операция муҳим рамзий қадам сифатида баҳоланади — у уруш давомида иккинчи марта Россиянинг ушбу стратегик объекти дахлсиз эмаслигини кўрсатиб берган.

Сиёсий ва ҳарбий ишора

Гарчи кўприк тўлиқ йўқ қилинмаган бўлса-да, унга берилган зарба сиёсий ва психологик жиҳатдан кучли ишора бўлди. Операция Россиянинг стратегик объектларига юқори аниқликдаги қуроллар билан зарба бериш мумкинлигини ва Киев, ҳатто иттифоқчиларнинг шубҳаларига қарамасдан, бундай хатарли қарорларга тайёр эканини кўрсатди.

Мавзуга оид