Жаҳон | 10:18 / 31.03.2025
3805
2 дақиқада ўқилади

Мурманскда номаълум шахс кўп қаватли уйнинг томидан ўт очди 

Мурманскда номаълум шахс тўққиз қаватли бинонинг томидан ўқ узди. Қўлга олинганидан кейин унга нисбатан ҳуқуқ-тартибот органи ходимининг ҳаётига суиқасд моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Telegram / murmansk_chp

Мурманскдаги тўққиз қаватли уйнинг томидан номаълум шахс ўт очди. Бу ҳақда 30 март, якшанба куни кечқурун маҳаллий ОАВ, Telegram каналлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари хабар берди. «Интерфакс» агентлигининг терговга таяниб ёзишича, отишма содир этган шахс 1981 йилда туғилган маҳаллий фуқаро бўлиб чиққан. 

Мурманск вилояти Тергов қўмитаси ўзининг Telegram-каналида эркак патрул ва қўриқлаш хизмати экипажига қарата ўт очгани ва ҳужум чоғида «зарарсизлантирилган»ини маълум қилди. Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, отишма натижасида ҳеч ким жабрланмаган.

ТАСС ахборот агентлигининг фавқулодда хизматларга таяниб хабар беришича, отишмачи оғир яраланган, бироқ тирик қолган. SHOT Telegram каналининг аниқлик киритишича, отишмани бошлаган шахс музокараларга киришмаган ва уйнинг томини ёқиб юбориш ниятида бўлган, бунинг учун унга бензин сепган.

Мазкур шахсга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 317-моддаси - ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимининг ҳаётига суиқасд қилиш бўйича жиноий иш қўзғатилган. У ўн икки йилдан бир умргача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Мавзуга оид