Жаҳон | 19:46 / 09.03.2025
4719
2 дақиқада ўқилади

Оқ уй яқинида отишма содир бўлди

АҚШ Махфий хизмати ходимлари ва қуролланган эркак ўртасида отишма юз берди. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари бошланган.

Фото: Bloomberg via Getty Images

АҚШ Махфий хизмати ходимлари Оқ уй яқинида пайдо бўлган қуролланган эркакка қарата ўт очди. Бу ҳақда идора матбуот котиби Энтони Гулелми ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали маълум қилди.

NBC News маълумотларига кўра, ҳодиса 9 мартга ўтар кечаси содир бўлган. Маҳаллий полиция Индианадан пойтахт Вашингтон томон ҳаракатланаётган «суицидга мойил одам»га эътибор қаратган.

Махфий хизмат агентлари таърифга мос келадиган инсон пиёда ҳаракатланаётганини пайқаган, кейинроқ унинг автомобили ҳам топилган. Куч тузилмалари ходимлари эркакнинг ёнига борганида, у ўқотар қуролини чиқарган ва ўртада отишма бошланган.

Гумонланувчи шифохонага ётқизилган, унинг аҳволи ҳақида маълумот йўқ. Махфий хизмат ходимлари орасида ҳеч кимга жароҳат етмаган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари содир бўлган воқеа юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.

Ўтган кузда АҚШ Махфий хизмати агентлари президент Доналд Трампнинг голф клуби яқинидаги буталар орасида автоматни кўриб қолганида ўт очганди. Гумонланувчи қочиб кетган, бироқ кўп ўтмай у қўшни округда қўлга олинган эди. Буталар орасидан эса оптик мўлжалга олиш қурилмаси билан жиҳозланган «АК-74» типидаги автомат, иккита рюкзак ва GoPro видеокамераси топилган.

Мавзуга оид