Жаҳон | 17:08 / 28.03.2025
20485
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда Сибир дарёларини Марказий Осиёга буриш ғоясини тиклаш таклиф этилди

Ғоя ўтган асрнинг 20-йилларида туғилган бўлиб, Иртиш, Об, Тобол ва бошқа дарёлар оқимини чучук сувга жуда муҳтож ҳудудлар – Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистонга қайта тақсимлашдан иборат эди.

Фото: Getty images

Қирғизистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Марат Имонқулов Сибир дарёларини Марказий Осиё мамлакатларига буриш лойиҳасининг долзарблигини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлигини айтди. У шундай фикрни 27 март куни Бишкекда сув дипломатияси муаммолари муҳокама қилинган давра суҳбатида билдирди.

Имонқулов ўтган асрнинг 20-йилларида Совет Иттифоқида «Сибир дарёларининг бурилиши» лойиҳаси муҳокама қилинганини эслади. Лойиҳанинг асосий ғояси Иртиш, Об, Тобол ва бошқа дарёлар оқимини чучук сувга жуда муҳтож ҳудудлар – Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистонга қайта тақсимлашдан иборат эди.

Имонқулов сўзларига кўра, бу чора-тадбирлар Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ экологик офатнинг олдини олишга қаратилган. Лойиҳа қишлоқ хўжалиги учун шароитларни яхшилаши, кемалар ҳаракатини тиклаши, балиқчилик учун янги шарт-шароитлар яратиши ва иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатиши кутилган эди.

«Бироқ лойиҳа қимматлиги, амалга оширишнинг мураккаблиги ва экспертлар ва жамоатчилик томонидан танқид қилинганлиги сабабли амалга оширилмади. Шунга қарамай, лойиҳа атроф-муҳит ва сув ресурслари муаммолари бўйича кейинги тадқиқотлар ва муҳокамалар учун янги йўналишларни кўрсатди. Сув танқислиги тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда бу ғоянинг долзарблигини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлар эди», деди Имонқулов.

Қирғизистон Хавфсизлик Кенгаши котибининг қўшимча қилишича, ортиқча сувни бир минтақадан иккинчи минтақага етказиш замонавий қувур тизимлари орқали амалга оширилиши мумкин, бу эса атроф-муҳитга таъсирни камайтиради ва янги иш ўринларини яратади.

Имонқулов Қирғизистон ҳам Орол денгизини сақлаб қолишдан манфаатдор эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Бишкек Қозоғистонга сув етказиб бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажариб, унинг танқислигини камайтиришга ёрдам бермоқда ва шу орқали Орол денгизини аввалги ҳолатига қайтаришга кўмаклашмоқда.

«Агар биз Орол денгизини сақлаб қолсак, демак, биз бутун минтақа иқлимини ўзгартиришимиз, уни мувозанатлашимиз мумкин», деди у.

Мавзуга оид