Ўзбекистон | 20:56 / 24.03.2025
3635
2 дақиқада ўқилади

Kaspi.kz Uzcard ва Humo карталарига пул ўтказмаларини йўлга қўйди

Аввал Қозоғистондан Ўзбекистонга фақат Visa ёки Mastercard карталарига пул ўтказиш мумкин эди. Эндиликда Kaspi.kz супериловаси орқали Ўзбекистоннинг миллий тўлов тизимлари Uzcard ва Humo карталарига ҳам ўтказмалар амалга ошириш мумкин.

Фото: Sputnik / Владислав Воднев

Қозоғистоннинг Kaspi финтех компанияси Ўзбекистоннинг Uzcard ва Humo тўлов тизимлари карталарига пул ўтказмаларини ишга туширди. Бу ҳақда Қозоғистон нашрлари маълум қилди.

Аввал Қозоғистондан Ўзбекистонга фақат Visa ёки Mastercard карталарига пул ўтказиш мумкин бўлган бўлса, эндиликда Kaspi.kz супериловаси орқали Ўзбекистоннинг миллий тўлов тизимлари Uzcard ва Humo карталарига ҳам ўтказмалар амалга ошириш мумкин. Бунда фақат картанинг рақамини киритиш кифоя, олувчининг исми автоматик тарзда акс этади.

Kaspi.kz асосчиси ва раҳбари Михаил Ломтадзе бу орқали Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантиришга компания ўз ҳиссасини қўшаётганидан мамнунлигини билдирди.

“Ўзбекистон ва Қозоғистон аҳолиси ўртасида азалдан дўстона, қариндошлик, ишбилармонлик ва маданий алоқалар мавжуд. Одамлар бир-бириникига меҳмонга, иш юзасидан сафарга боради, шунинг учун тўлов ва пул ўтказмаларини амалга ошириш зарурати тез-тез юзага келади”, – дейди у.

Kaspi ҳақида

Kaspi.kz – Қозоғистонда тўлов тизими, маркетплейс ва финтехни ўзида бирлаштирган экотизим бўлиб, унинг марказида мамлакатдаги энг машҳур мобил суперилова – Kaspi.kz туради. Бу иловадан деярли 15 миллион қозоғистонлик фойдаланади.

Компания Ўзбекистон бозорига ҳам қизиқиш билдирган, 2024 йилнинг ёзида Humo тўлов тизимини хусусийлаштириш жараёнида қарнашмоқчи бўлганди. Ноябрда компания бу режасидан воз кечганини маълум қилди.

Kaspi.kz 2024 йилда АҚШнинг NASDAQ фонд биржасида IPO ўтказди. Айни пайтда компаниянинг капиталлашуви қарийб 24 миллиард долларни ташкил этади.

Мавзуга оид