Ўзбекистон | 14:16 / 29.03.2025
7104
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев ва Тўқаев Олмаота яқинидаги “Медеу” тоғ-чанғи мажмуасида бўлди

Ўзбекистон президенти қозоғистонлик ҳамкасби билан норасмий учрашув ўтказиш учун Олмаотага борди. Шавкат Мирзиёевни аэропортда Қосим-Жўмарт Тўқаев кутиб олди. Давлат раҳбарлари Медеу тоғ-чанғи кластерини бориб кўришди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Олмаота шаҳрига келди. Меҳмонни аэропортда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев кутиб олди.

Ташрифдан мақсад – норасмий учрашув ўтказиш.

“Кун тартибидан савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги фаол алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалалари ўрин олган.

Давлат раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашадилар”, – дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Президентлар “Медеу” тоғ-чанғи кластерини бориб кўришди.

Шавкат Мирзиёевга сел-сув тошқинларидан ҳимоя қилиш мақсадида денгиз сатҳидан 1750 метр баландликда қурилган “Медеу” тўғонининг яратилиш тарихи ва архитектуравий хусусиятлари ҳақида сўзлаб берилди.

“Медеу” тўғонининг тепасига 842 поғонадан иборат “Саломатлик зинапояси” олиб боради. 2011 йилда тўғон ёнида “Шимбулоқ” тоғ-чанғи масканига элтувчи 4,5 км узунликдаги дор йўли қурилган.

“Медеу” спорт мажмуаси 1972 йилда барпо этилган бўлиб, денгиз сатҳидан 1700 метр баландликда жойлашган. Мажмуа муз майдонининг юзаси 10,5 минг квадрат метр бўлиб, бир вақтда 3 минг нафаргача кишини қабул қила олади. Ҳар йили унга 400 мингдан ортиқ меҳмон ташриф буюради.

Бугунги кунда мажмуа спорт, туризм ва маданият кластери сифатида фаолият юритмоқда. Спорт мусобақалари, оммавий конки учиш, маданий тадбирлар, фестиваллар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Шундан кейин давлат раҳбарлари Олмаота шаҳрида норасмий учрашув ўтказишди.

Икки мамлакат делегациялари иштирокида Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини изчил мустаҳкамлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Минтақавий кун тартиби, шу жумладан яқин ойларда Ўзбекистонда ўтказиладиган Марказий Осиё саммитларига тайёргарлик юзасидан фикр алмашилди.

Мавзуга оид