Ўзбекистон | 16:26 / 27.03.2025
56204
6 дақиқада ўқилади

Апрелда об-ҳаво қандай бўлиши кутилмоқда?

Бу йилги апрел қуруқ об-ҳаво билан бошланади. Ҳарорат ойнинг биринчи ўн кунлигида +22…+32 даража бўлади. 7–10 апрел кунлари айрим жойларда ёмғир ёғади. Ойнинг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари +2…+7, кундуз кунлари +10…+15 даражагача ўзгариб туриши мумкин.

Фото: Kun.uz

2025 йилги апрел қуруқ об-ҳаво билан бошланади, дея хабар бермоқда «Ўзгидромет» агентлиги.

Ўзбекистонда, одатда, апрел ойи – баҳор фаслининг энг ўртаси бўлиб, бунда боғларда дарахтлар гуллаши, сабзавот экинлари ва резавор мевалар ҳосили шаклланишининг бошланиши давридир.

Бу йилги апрелнинг биринчи беш кунлигида ҳаво ҳарорати +22…+25 даражадан +27…+30 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +32 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Ойнинг иккинчи беш кунлигида ҳаво ҳарорати асосан +22…+27 даражани ташкил этади.

7 апрелда республика шимолида, 8–10 апрел кунлари марказий ва шарқий ҳудудларда баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилиши мумкин.

Ойнинг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари +8…+13 даражадан +2…+7 даражагача, кундуз кунлари +25…+30 даражадан +10…+15 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.

Ўтган йилларда апрел ойи қандай ўтган?

Синоптикларга кўра, одатда, апрел ойида ҳаво ҳарорати тез кўтарилиши давом этади. Республиканинг катта қисмида ойнинг ўртача ҳарорати март ойига нисбатан 5–7 даражага юқори бўлади. Шимолда ва чўл ҳудудларида ҳаво жадалроқ исий бошлайди, бунда апрелнинг ўртача ҳарорати март ойи қийматларидан 8–10 даражага кўп бўлади.

Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар тарихида 2022 йилнинг апрел ойи энг иссиқ бўлган (меъёрдан 3–5 даражага юқори). Ушбу асрда ҳудуднинг катта қисмида 2009 йилнинг апрели энг совуқ бўлди.

Апрелдаги ҳарорат фони кўпинча баҳорий беқарор бўлади. Ҳавони баҳорий тез исиши қисқа даврга, аммо баъзида жуда сезиларли совуқлар билан давом этади.

Энг иссиқ даврларда ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +28…+33 даражагача кўтарилади. Мутлақ максимал ҳарорат (кузатувларнинг барча қатори учун энг юқори қийматлар) +35…+37 даражани, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +38…+39 даражани ташкил этади.

Совуқ даврларда, март ойидаги каби тез-тез эмас, лекин баъзида тунги ҳарорат даражаси совуққача пасаяди. Апрел – йил давомида энг нам ойлардан биридир.

Ёмғир, одатда, момақалдироқ ва кучли шамоллар билан тез-тез кузатилади. Республика шимолида, энг чекка жанубида ва чўл ҳудудларда ўртача ойига 5 кундан 8 кунгача ёғингарчилик қайд этилади, тоғларга яқинроқ ҳудудларда эса ёғингарчилик кузатиладиган кунлар сони 9–13 кунгача кўпаяди.

Метеорологик кузатувлар тарихи давомида апрелда жуда қуруқ кунлар ҳам кузатилади, ҳудуднинг катта қисмида ой учун ёғингарчилик миқдори меъёрдан 5–30 фоизга ошмаган ва баъзи жойларда улар умуман кузатилмаган. Бундай ҳолат 1975 йил апрел ойида қайд этилган эди. Тошкентда ёмғир атиги икки марта ёғган ва ой давомида ёғингарчилик миқдори 2 миллиметр (норманинг 3 фоизи)ни ташкил этган.

Бу ойда ёғингарчиликнинг ўзига хос хусусияти унинг ҳудуд бўйича тарқалиши ўта нотекислигидир. Шундай апрел ойлари ҳам кузатилганки, республиканинг айрим ҳудудларида ёғингарчилик бир ой ичида меъёрдан 3–5 марта кўп бўлган.

Масалан, метеорологик кузатувлар тарихида 1990 йил апрел ойи Тошкентда энг ёмғирли бўлиб, бунда ой давомида ёғингарчилик ойлик меъёрдан 300 фоиз атрофида бўлган, ёғингарчилик кузатилган кунлар сони 19 (меъёр 13 кун бўлганда) кунни ташкил этган.

1990 йил 8 апрел куни Тошкентда апрел ойида бир кеча-кундузлик ёғингарчилик миқдори 65 миллиметр бўлган (ойлик меъёр 62 миллиметр) мутлақ рекорд ўрнатилган.

Ёғингарчилик тақсимоти ўта нотекислиги баъзан ҳатто бир хил ҳудудда ҳам намоён бўлади. 2023 йил 2 апрел куни Тошкентда момақалдироқ, шамол кучайиши, баъзи жойларда дўл ёғиши билан кучли жала ёмғир ёғиши кузатилди. Бунда ёғингарчилик миқдори 2,5–3 соатда: телеминора ҳудудида – 10 миллиметр, Тошкент Обсерватория метеостанцияси ҳудудида (Олой бозори яқинида) – 22 миллиметр, Тошкент халқаро аэропорти ҳудудида эса – 33 миллиметрни ташкил этди.

Ўтган 2024 йилнинг апрел ойи республика ҳудудининг катта қисмида қуруқ бўлди. Шу билан бирга, республика бўйича баъзи жойларда кучли жала ёмғирлар ёғиши кузатилиб, бунда бир неча соатда ёғингарчилик миқдори ойлик меъёрдан 40–70 фоизни ташкил этди. 13 апрел куни Жонгелди (Қизилқум чўли) метеостанцияси ҳудудида 16 мм ёғингарчилик кузатилиб, ойлик меъёрга мос бўлди, бу бутун апрел ойи давомида ушбу ҳудудда ёғган ягона ёмғир эди.

Республиканинг айрим ҳудудларида ҳар 3–5 йилда бир марта ёмғир қисқа муддатга қорга айланиши кузатилади. Сўнгги марта 2020 йил апрел ойида марказий ва ҳатто жанубий вилоятларда баъзи жойларда апрел ойининг биринчи ўн кунлиги охирида қор ёғиб, у ҳатто қишда камдан кам учрайдиган даражада бўлган.

2020 йил 9 апрелда эрталаб баъзи жойларда қор қоплами 7–20 сантиметрга етган. Ўзбекистонда қор ёғишининг энг кечки санаси – 1989 йил 30 апрел куни қайд этилган. Бу ҳозирча Ўзбекистонда кузатувлар тарихидаги қайтарилмас ҳолат бўлган.

Апрел ойида тоғли ҳудудларда жадал қор эриши давом этади. Ойнинг охирига, иқлим маълумотларига кўра, қор фақат баланд тоғли ҳудудларда сақланиб туради.

Мавзуга оид