Ўзбекистон | 13:58 / 24.03.2025
19152
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳафта давомида ёмғирли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда

Ҳафта давомида Ўзбекистонда беқарор об-ҳаво сақланиб туради. Ҳудудларда ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. Ҳарорат кечалари +4, кундуз кунлари +8 даражагача пасаяди.

Фото: Kun.uz

Иш ҳафтасининг охиригача беқарор об-ҳаво сақланиб туради, дея хабар бермоқда «Ўзгидромет» агентлиги.

Кундузги ҳарорат +27…+29 даражагача, баъзи жойларда +30…+32 даражагача бўлган, узоқ кузатилган қуруқ ва илиқ об-ҳаводан сўнг, 23 мартда республиканинг ғарбий ҳудудларига нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келиши бошланди. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий вилоятларида ёмғир ёғди, баъзи жойларда кучли бўлди.

Душанба куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига нам ҳаво массалари тарқалади. Республика бўйича ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади, момақалдироқ кузатилиши мумкин. Баъзи жойларда шамол тезлиги 15–20 метр/сониягача кучаяди. Ҳаво ҳарорати +12…+15 даража атрофида бўлади.

Ҳафта давомида баъзи жойларда ёмғир ёғиши сақланиб туради, фақат 26–28 март кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида ёмғир ёғиши эҳтимоли кам.

Бу кунларда ҳарорат аста-секин пасаяди ва кечалари +4…+6 даража, кундуз кунлари +8…+13 даражани ташкил этади. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик (ёмғир ёғади, қорга айланиши мумкин), 24–25 март кунлари баъзи жойларда кучли бўлади.

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. 24–25 март кунлари республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.

Тошкент шаҳрида 24 март куни ёмғир ёғади. Шамол 3–8 метр/сония тезликда эсади, 10–12 метр/сониягача кучайиши мумкин. Ҳарорат +15…+17 даража бўлади. 25 мартда ёмғир ёғади. Шамол 5–10 метр/сония тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +6…+8 даража, кундузи +12…+14 даража бўлади.

26–27 март кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Шамол 5–10 метр/сония тезликда эсади. Ҳарорат кечалари +4…+6 даража бўлади, кундуз кунлари +8…+10 даражагача пасаяди.

Мавзуга оид