25 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
«Опенбюджет»да пешқадам асфалтлаш лойиҳалари, Kaspi.kzʼдан Ўзбекистонга пул ўтказмалари, чиқиндилардан олинадиган энергия ва жазога тортилган ноқонуний ер эгалари — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Опенбюджет»: йўл лойиҳалари яна пешқадам
2025 йилги «Ташаббусли бюджет»нинг 1-мавсумида 3,2 трлн сўмлик 2369 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, энг кўп ғалаба қозонган лойиҳалар ички йўлларни таъмирлашга оид бўлиб, улар сони 964 тани, маблағи эса 1,4 трлн сўмни ташкил этди.
Шунингдек, 699 та мактабни таъмирлаш ва жиҳозлаш, 247 та соғлиқни сақлаш муассасаларини ривожлантириш, 60 та боғча, 44 та кўча ёритиш тизими ва 34 та ичимлик сув билан боғлиқ лойиҳалар ғолиб бўлди. Қолган 321 та лойиҳа бошқа йўналишларни қамраб олди.
21 март куни «Очиқ бюджет» порталида ғолиблар эълон қилинди. Ташаббуслар учун берилган умумий овозлар сони 10,4 миллионга етди.
Kaspi.kz энди Uzcard ва Humo’га ўтказади
Қозоғистонликлар эндиликда Kaspi.kz орқали Ўзбекистондаги Uzcard ва Humo карталарига ҳам пул ўтказиши мумкин. Илгари бундай операциялар фақат Visa ёки Mastercard орқали амалга оширилар эди.
Янги хизмат фойдаланиш учун жуда оддий: фақат картанинг рақамини киритиш кифоя, қабул қилувчининг исми автоматик равишда чиқади.
Kaspi.kz асосчиси Михаил Ломтадзе компания Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат аҳолиси ўртасида доимий меҳмончилик, ишбилармонлик ва маданий алоқалар мавжуд ва шу сабабли пул ўтказмаларига эҳтиёж юқори.
Kaspi.kz Қозоғистондаги энг машҳур финтех иловаларидан бири бўлиб, 15 миллиондан зиёд фойдаланувчига эга. У тўлов, маркетплейс ва молиявий хизматларни ўзида бирлаштирган рақамли экотизим ҳисобланади.
Чиқиндилардан энергия: 7 ҳудудда янги лойиҳа
Тошкент шаҳри ва яна 6 та вилоятда қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади.
Президент қарорига мувофиқ, экологик вазиятни яхшилаш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали чиқиндилардан фойдаланиш самарадорлиги оширилади, соҳага тўғридан тўғри инвестициялар жалб этилади.
Инвесторлар 2025–2027 йилларда термик қайта ишлаш ускуналарини ишга туширади. Масалан, Тошкент вилоятида кунига 2,5 минг тонна чиқиндидан 390 млн kWт, бошқа вилоятларда эса кунига 1,5 минг тонна чиқиндидан 227–240 млн kW электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Ишлаб чиқарилган энергия 30 йил давомида «Ўзэнергосотиш»га кафолатли равишда сотилади.
Ўзбекистонда 66 минг ҳолатда ер ноқонуний эгалланган
2024 йил давомида Ўзбекистонда 66 минг 109 та ҳолатда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолати аниқланди. Бу ерлар умумий 9462 гектар майдонни ташкил этади. Кадастр агентлиги маълумотига кўра, 41 минг 972 та ҳолатдаги 4472 гектар ер ихтиёрий равишда қайтарилган.
Умумий ҳисобда 41 минг 708 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланди.
2025 йилда 2 мингдан ортиқ маҳаллада ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда улардаги бино ва иншоотлар Кадастр агентлиги томонидан хатловдан ўтказилади.
Агентлик 2025 йил давомида 6,9 млн гектар ер майдонида хатлов ўтказишни, 13 мингта ноқонуний қурилган объектга чора кўришни режа қилган.
Ўзбекистон ҳинд сайёҳларини кўпайтирмоқчи
Ўзбекистон 2030 йилгача Ҳиндистондан келадиган сайёҳлар сонини уч бараварга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев Жанубий Осиёдаги йирик SATTE кўргазмасида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, ҳинд фуқаролари учун визасиз тартибни жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Ҳиндистондаги оммавий ахборот воситалари, жумладан, The Print нашри Ўзбекистоннинг миллий павилонига катта қизиқиш билдирилганини ёзди. Нашр Шодиев сўзларига таяниб, мамлакатимиз 2030 йилга қадар йилига 15 миллион халқаро сайёҳни жалб этишни мақсад қилганини таъкидлади.
2024 йилда Ўзбекистонга 10 миллион халқаро сайёҳ келди — бу 2017 йилга нисбатан тўрт баравар кўпдир.
Мавзуга оид

19:55 / 24.03.2025
24 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:57 / 20.03.2025
20 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:10 / 19.03.2025
19 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:18 / 18.03.2025