20 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Бахтли мамлакатлар рейтингидаги Ўзбекистон, ТТЗгача узайиши кутилаётган метро, бош прокурорнинг аҳолига мурожаати ва МБнинг кўтарилган асосий фоиз ставкаси — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Ўзбекистон энг бахтли мамлакатлар рейтингида
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг навбатдаги бахт индекси рейтингида Ўзбекистон 53-ўринни эгаллади.
Финландия саккизинчи йил кетма-кет энг бахтли мамлакат деб топилди. Қозоғистон 43-, Қирғизистон 75-, Тожикистон 90-ўринда қайд этилган. Туркманистон эса рўйхатга киритилмаган.
Таҳлил Gallup World Poll сўровига асосан сўнгги уч йилдаги ҳаёт сифатини баҳолаш орқали амалга оширилди. Рейтинг олтита кўрсаткич бўйича шакллантирилади: ялпи ички маҳсулот, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, умр давомийлиги, эркинлик, саховат ва коррупция даражаси.
Шимолий Европа давлатлари етакчиликни сақлаб қолган — Финландия, Дания, Исландия, Швеция рейтингнинг юқори поғоналарини банд қилган. Лотин Америкасидан Коста-Рика (6-ўрин) ва Мексика (10-ўрин) илк бор кучли ўнталикка кирди.
АҚШ эса илк марта бахтли 20 та мамлакат қаторига кирмади ва 24-ўринга тушди. Россия 66-, Афғонистон эса кетма-кет олтинчи йил охирги ўринда қолди.
Тошкент метроси ТТЗ даҳасигача узайтилади
Тошкент метрополитени Тошкент трактор заводи даҳасигача кенгайтирилиб, 10 та янги бекат қурилади.
Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 20 март куни пойтахтдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишув давомида маълум қилди.
Метро йўналишини узайтириш лойиҳаси аввал тақдим этилган, бироқ президент муқобил таклифлар ишлаб чиқиш ва режани такомиллаштириш бўйича топшириқ берган эди.
Янги лойиҳага мувофиқ, Чилонзор йўналиши ТТЗгача узайтирилади. Бу тармоқ 30 та маҳаллани қамраб олади ва 148 минг аҳолининг қулай ҳаракатланишини таъминлайди.
Кичик бизнес уюшмаси ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш мақсадида Кичик бизнес уюшмасини ташкил қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Президент тадбиркорлар билан учрашувда рақобатбардошликни ошириш, янги бозорларга чиқиш, стандартлар ва инновацияларни жорий этиш, брендлар яратиш ва стартапларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мутасаддиларга кичик бизнес вакиллари билан мулоқотни кучайтириш, уларнинг муаммоларини тезкор ҳал қилиш вазифаси юклатилди. Ҳоким ёрдамчилари, банклар ва ҳукумат мутасаддилари мазкур жараёнга жалб этилади.
Уюшма кичик тадбиркорларга қулай муҳит яратиш, уларни инновация ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга рағбатлантириш мақсадида фаолият юритади.
Бош прокурор коррупцияга қарши кураш юзасидан мурожаат қилди
Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев коррупция ва жиноятчиликни таг-томири билан йўқ қилиш чоралари кўрилишини билдирди.
Унга кўра, энди барча куч ва воситалар жиноят оқибатига эмас, уни келтириб чиқараётган сабабларга қарши йўналтирилади. Ҳар бир маҳалла ва хонадонда ҳуқуқбузарлик омиллари ўрганилади, жиноятга мойил шахслар билан махсус ишлаш тизими жорий этилади.
Жиноятларга сабаб бўлаётган ижтимоий ва иқтисодий муаммолар бартараф этилиб, болаларда «жиноятчиликка қарши иммунитет» шакллантирилади.
Шунингдек, тергов жараёнида инсон ҳуқуқлари поймол этилишига йўл қўйилмайди, текширувлар қатъий назорат остида бўлади. Айбланувчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинади, адвокатлар фаолиятига тўсқинликка чек қўйилади.
Йўлдошев коррупцияга қарши курашиш барча давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда янги босқичга чиқишини таъкидлади. Давлат маблағлари ва субсидиялар ишлатилишини қатъий назорат қилиш, коррупциявий схемаларни таг-томири билан йўқ қилиш чоралари кўрилади.
Марказий банк асосий ставкани 14 фоизга етказди
Марказий банк асосий ставкани 0,5 фоиз бандига ошириб, 14 фоиз даражасида белгилади. Бу қарор инфляцион хатарлар кучайиши, талаб ўсиши ва инфляцион кутилмалар ошгани сабаб қабул қилинди.
2025 йил бошидан инфляция ўсиши кузатилди, феврал ойида у 10,1 фоизга етди. Ёқилғи, коммунал хизматлар, транспорт ва таълим нархлари ошгани инфляцион босимни кучайтирди. Февралда аҳоли инфляцион кутилмалари 15,3 фоиз, тадбиркорларники 13,8 фоиз бўлди.
Сўнгги ойларда ялпи талаб ва трансчегаравий пул ўтказмалари ўсиши хизматлар инфляциясини юқори даражада ушлаб турибди. Бу ҳолат чакана савдо ва пулли хизматлардан тушумларда ҳам акс этмоқда.
Мавзуга оид

22:10 / 19.03.2025
19 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:18 / 18.03.2025
18 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:40 / 17.03.2025
17 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:10 / 14.03.2025