24 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Хорижда ишлаб чиқарилган автомашиналар савдосида кескин пасайиш, ҳисоблагич қиёслов текширишидаги ўзгаришлар, боғча болаларига берилган яроқсиз гўшт ва болани калтаклаган ўғри энагага қамоқ жазоси — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
«Иномаркалар» савдосида кескин пасайиш
Ўзбекистонда хорижий автомобиллар савдоси бир ой ичида икки баробардан кўпроққа камайди. Бу нотариф чекловлар ва автополигонлардаги техник синовлар сабаб импорт ҳажмининг кескин қисқариши билан боғланмоқда.
Февралда янги хорижий автомобиллар сотуви кескин тушган бўлса, маҳаллий машиналар савдоси барқарор қолди. Иккиламчи бозорда ҳам фаоллик 16 фоизга камайди. Электромобиллар савдоси ойликда 11 фоизга пасайди, бироқ ўтган йилга нисбатан икки баравар ўсиш қайд этилди.
Божхона қўмитаси маълумотига кўра, 2024 йилнинг январ–феврал ойларида импорт 4 баравар камайиб, 17 мингдан 4,3 мингтага тушди. Бензинли, гибрид ва электромобиллар импорти ҳам сезиларли равишда пасайган. Энг қизиғи — тайёр автомобиллар импорти пасайгани фонида эҳтиёт қисмлари импорти 3,34 баробарга ошган.
Мутахассислар 1 майдан утилизация йиғимининг оширилиши бозорга яна бир зарба бериши мумкинлигини таъкидламоқда.
Ҳисоблагичларни қиёсловдан ўтказишда ўзгаришлар
Ўзбекистонда электр, газ ва сув ҳисоблагичларини даврий қиёслашдан ўтказиш учун фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан ариза бериш тартиби бекор қилинди. Янги тартибга кўра, ҳисоблагични ўз вақтида текшириш вазифаси таъминотчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.
Жисмоний шахслар ҳар 8 йилда, юридик шахслар эса 4 йилда ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиши керак. Муддат яқинлашганда, таъминотчи корхона ходими келиб, ҳисоблагични ечиб олади ва текширувдан сўнг қайта ўрнатади. Фуқаролар бу жараён учун ҳеч қандай ариза бермайди.
Қиёслаш учун тўлов ҳисобрақамидан автоматик тарзда ечилади. Жисмоний шахслар учун бу 75 минг сўмни, юридик шахслар учун 562 500 сўмни ташкил этади. Агар ҳисобда маблағ етарли бўлмаса, қарз сифатида ёзилиб, кейин ечиб олинади.
Агар ҳисоблагич ўз вақтида текширувдан ўтказилмаса, хонадонда тўлов ҳисоблагичсиз — киши бошига белгиланади. Бу эса ишлатилмаган ҳолда ҳам ортиқча тўловга олиб келади.
Нуротада боғчага яроқсиз гўшт берилган
Навоий вилоятининг Нурота туманидаги айрим боғчаларда болаларга истеъмолга яроқсиз гўшт берилаётгани аниқланди, вилоят ҳокими эса масъуллардан «ҳалоллик ва виждон билан ишлаш» ҳақида қасамёд хатини ёздириб олишни талаб қилди.
Жамоатчилик назорати асосида ўтказилган текширувлар вақтида озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиш қоидаларига риоя қилинмаётгани ва гўшт маҳсулотларининг тўртдан бир қисми яроқсиз экани маълум бўлган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ҳолат қайси боғчаларда бу ҳолат кузатилганини очиқламаган. Ўрганиш ишлари давом этаётгани, аниқланган камчиликлар бўйича тегишли идораларга маълумот тақдим этилиши айтилган.
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари билан учрашувда бу ҳолатга муносабат билдириб, 1 кун ичида масъуллардан «ҳалоллик ва виждон билан ишлаш» ҳақида қасамёд хатини ёздириб олишни топширган.
Энагага калтаклаш ва ўғрилик учун қамоқ
Тошкентда 41 ёшли Тожикистон фуқароси икки йил давомида қизалоқни мунтазам калтаклаб келгани ва 118 млн сўм ўғирлагани учун қамалди. У савдо билан шуғулланувчи оилада энагалик қилган ва ҳар куни пул санашда фойда кўтариб юрган. Уй эгаси яширин камера ўрнатиб, аёлнинг қилмишларини тасдиқлаган.
Судда у қизалоқни асабига теккани учун урганини, ўғирланган пул миқдори эса 8 млн сўм атрофида бўлганини айтган. Экспертиза ҳам қизалоқда турли тан жароҳатларини аниқлаган.
Суд ҳукмига кўра, аёл 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди ва жабрланувчи фойдасига зарар ундирилади.
Кобулда Ўзбекистон савдо уйи очилади
Кобул шаҳрида Ўзбекистон қурилиш материаллари учун савдо уйи ташкил этилади. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси маълум қилди. Ушбу савдо уйи 570 метр кв майдонда шоурум ва 500 метр кв омборхонани ўз ичига олади.
Ўзбекистонлик тадбиркорлар маҳсулотларини қулай шартларда жойлаштириш, маҳаллий компаниялар билан бевосита ҳамкорлик қилиш имконига эга бўлади.
Аввалроқ Мозори Шариф шаҳрида ҳам шундай савдо уйи очилганди. У ерда тадбиркорлар 220 метр кв майдонда маҳсулотларини намойиш этиб, Афғонистон бозорида фаолият юритишни бошлаган.
Мавзуга оид

22:11 / 25.03.2025
25 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:57 / 20.03.2025
20 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:10 / 19.03.2025
19 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:18 / 18.03.2025