100 мингга яқинлашган маъмурий қамоқ, 5 баробар ошган депортация — Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликлар статистикаси
2024 йилда Ўзбекистон бўйлаб судларда 600 мингдан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб чиқилди. Айбланувчиларнинг ярмидан кўпига жарима қўлланган, 88 минг киши маъмурий қамоққа олинган. Ҳақорат қилиш ва тан жароҳати етказиш ҳуқуқбузарлиги камаймоқда, майда безорилик эса ошган. Ўзбекистондан депортация қилинганлар сони бир йилда 5 баробарга ўсган.

Фото: Shutterstock
Олий суд 2024 йил давомида биринчи инстанция судлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишларининг кўрилиши статистикасини очиқлади.
Маълум бўлишича, республика бўйлаб маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишлар сони ошиб бормоқда.
Хусусан, 2020 йилда Ўзбекистонда маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир 341 мингдан ортиқ иш 426 минг киши иштирокида кўрилган бўлса, 2024 йилга келиб судларда кўрилган бу тоифадаги ишлар сони 613 мингдан ошган – қарийб икки баробар. Бу судларда 740 994 киши ишга жалб қилинган.
Ҳудудлар миқёсида энг кўп маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари пойтахт Тошкент шаҳрида кўрилган – 95 мингта ишда 113 мингдан ортиқ шахс қатнашган. Кейинги ўринларда мос равишда Тошкент ва Фарғона вилоятлари – 71 минг ва 62 минг иш. Бу 3 та ҳудуд 2024 йилда кўрилган жиноят ишлари сони бўйича ҳам топ-учликни ташкил этади.
Боз устига, бу ҳудудларда жиноий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари сони сўнгги 5 йилда ҳам энг ёмон натижаларни кўрсатиб келмоқда. Ҳозирча бунга ушбу ҳудудларда аҳоли сонининг кўпроқ эканидан бошқа изоҳ йўқ.
Энг кам маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари эса Сирдарё, Жиззах ва Навоий вилоятларида кўриб чиқилган.
2021-2024 йилларда кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари таҳлилига кўра, шахслар кесимида эркаклар қаторида аёллар сони ҳам ортиб, 100 минглик чегарани кесиб ўтган. Масалан, 2021 йилда 431 минг эркак ва 96 минг нафар аёл маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилган. 2024 йилда эса эркаклар 605 мингдан, аёллар сони 135 минг нафардан ошган.
Олий суд, шунингдек, юқоридаги рақамлар ичида 18-30 ёшгача бўлган шахслар кесимини ҳам алоҳида келтирган. Унга кўра, 2021 йилда 184 минг ёшлар маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланган. 2024 йилда эса бу кўрсаткич 264 минггача ошган.
Олий суд 6 та турдаги кенг тарқалган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича рақамларни келтирган.
Ҳақорат қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар 2021 йилда энг кўп қайд этилган – 59 128 киши. 2024 йилга келиб бундай ҳуқуқбузарликлар сони 51 мингтагача камайган. Ўтган йили ҳақорат қилиш билан боғлиқ ишлар энг кўп – Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида кўрилган.
Енгил тан жароҳати етказиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар сони ҳам йиллар кесимида камайиб бормоқда – 37 мингдан 24 минггача.
Ҳуқуқ фаоллари ва адвокатлар томонидан «навбатчи модда» сифатида ном қозонган «Майда безорилик» (МЖтК 183-модда) ҳуқуқбузарлиги эса, йилдан йилга ошиб бормоқда.
Масалан, 2020 йилда 39 минг киши бу модда билан айбланган бўлса, 2024 йилда бу рақамлар 95 мингдан ошган. 2024 йилда содир этилган майда ҳуқуқбузарликларнинг 35 фоиздан ортиғи Тошкент вилояти ва пойтахтга тўғри келмоқда – 34 465 та ҳолат.
Транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш ҳуқуқбузарлиги ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда.
2020 йилда 23 мингта ҳолатда маст ҳайдовчи судга олиб келинган бўлса, 2024 йилда 26 мингдан ортиқ маст ҳайдовчи устидан суд жараёнлари бўлиб ўтган. Энг кўп маст ҳайдовчилар – Самарқанд (4204), Хоразм (2768) ва Қорақалпоғистонда (2669) аниқланган. Энг кам ҳолатлар эса Наманган (757) ва Сирдарё (562) вилоятларида қайд этилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 23-моддасига кўра, Ўзбекистонда 7 турдаги маъмурий жазо бор. Булар:
- жарима;
- маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш;
- маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ашёни мусодара қилиш;
- махсус ҳуқуқдан (транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан, ов қилиш ҳуқуқидан) маҳрум этиш;
- ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш;
- маъмурий қамоққа олиш;
- чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш (депортация).
2024 йилда судлар томонидан энг кўп қўлланган маъмурий жазо – жарималар. 379 мингта ҳолатда жарима тайинланган. Кейинги ўринларда маъмурий қамоқ ва махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазолари.
Маъмурий қамоқ жазоларини қўллаш амалиёти сўнгги йилларда шиддат билан ошмоқда. Хусусан, 2020 йилда 34 минг киши маъмурий қамоққа олинган бўлса, 2024 йилда бу рақамлар 88 мингдан ошган.
Олий суд маъмурий қамоқ жазоларининг муддати (суткалари), шунингдек, эркаклар ва аёллар кесимида қўлланиши борасида рақамларни очиқламаган. Маълумот учун, МЖтКга кўра, умумий ҳолларда маъмурий қамоқ 15 суткадан ошиши мумкин эмас (фавқулодда ҳолат тартиби амалда бўлганда – 30 сутка).
Маъмурий қамоқ жазоси 2024 йил ҳудудлар кесимида энг кўп Тошкент шаҳрида қўлланган – 25 388 киши. Кейинги ўринларда яна ўша Тошкент ва Фарғона вилоятлари, мос равишда – 13,5 минг ва 9,3 минг киши маъмурий қамоққа олинган.
Энг кам маъмурий қамоқлар – Навоий (1546 киши), Жиззах (1741) ва Хоразм (1830) вилоятларида қўлланган.
2024 йилда қўлланган жазо турлари орасида аслида энг катта ўсиш мамлакат ҳудудидан мажбурий чиқариб юбориш – депортация жазоси билан боғлиқ.
2023 йилда 112 киши Ўзбекистондан депорт қилинган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 528 кишига етган. Йиллик ўсиш қарийб 5 баробар.
Ўзбекистондан кимлар депорт қилиняпти, бу қайси омилларга боғлиқлиги изоҳталаб масала.
Ўтган йиллар давомида кўрилган ва жазо тайинланган юз минглаб маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари доирасида иш юритуви тугатилган ишларнинг ҳам салмоғи анчагина.
Масалан, 2024 йилда 271 минг шахс иштирокидаги 203 мингдан ортиқ маъмурий ишлар тугатилган. Уларнинг 6203 та ҳолатида ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқ, деб топилган. Бундан ташқари, 2024 йилда 94,8 минг киши қатнашган 55 мингдан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари тарафлар ярашгани муносабати билан тугатилган.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, аслида 2024 йилда кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир умумий ишлар биз келтирган рақамлар – 740 мингдан анча кўп. Чунки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг XVIII бобига асосан, 48 та давлат органида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни тааллуқлилиги бўйича кўриш ваколати бор.
Жумладан, ИИВ ходимлари маъмурий ишлар юзасидан энг кўп қарор чиқариб, баённома тузади. Бунга, асосан, йўл ҳаракати қоидабузарликлари, хусусан радарлар қайд этаётган қоидабузарликлар киради. Масалан, Ўзбекистонда 2024 йилнинг ўзида ҳайдовчилар томонидан қарийб 20 миллионга яқин қоидабузарликлар қайд қилинган. Ушбу материалда кўриб чиқилган рақамлар эса фақат судлар томонидан кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларига доир.
Мавзуга оид

21:58 / 25.03.2025
Ўзбекистон бренди дунё давлатлари орасида 55-ўринда қайд этилди

23:42 / 24.03.2025
Венесуэлага АҚШдан депортация қилинган мигрантларнинг биринчи гуруҳи етиб келди

16:53 / 24.03.2025
Ер аҳолиси тахмин қилинганидан бир неча миллиард кўпроқ бўлиши мумкин – тадқиқот

20:24 / 22.03.2025