Жаҳон | 15:46 / 23.03.2025
12526
8 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: РФ Сумида буфер зона яратмоқчи, Донбассдаги яна бир йирик шаҳар хавф остида

РФ армияси Курск областида Украина гуруҳини қуршовга тушира олмаган; Донецк областидаги яна бир йирик шаҳар Константиновкага ҳам ишғол хавф солмоқда. Россия Торецкнинг ғарби ва шарқида янги ҳужум бошлади, катта эҳтимол билан, Россия қўмондонлиги шаҳарни айланиб ўтиб, Константиновкага чиқишни кўзлаган.

Thomas Krych / Anadolu / Getty Images

Украина қуролли кучлари Курск областидаги плацдармни деярли бутунлай тарк этган: Украина қўшинлари назорати остида фақат чегара яқинидаги тўртта кичик қишлоқ, «Суджа» назорат-ўтказиш пункти ва 1 январдан бери ишламаётган магистрал газ қувурининг тақсимлаш станцияси қолган. Украина қуролли кучлари бўлинмалари Россия қўшинларининг йирик қуршовидан қочишга муваффақ бўлди – бу Курск области учун жангнинг Украина учун ягона ижобий натижасидир. Бироқ, жангнинг бундай оралиқ натижаси Россия қўмондонлигини қониқтирмайди: улар энди Украина қуролли кучлари Курск областидан бутунлай чиқиб кетиши учун Суджа – Суми йўлини Украина ҳудудида кесиб қўймоқчи. Украинанинг бошқа ҳудудларидаги фронтда ҳам ташаббус РФ қуролли кучларига қайтмоқда: Украинанинг бир ой давом этган қарши ҳужумлари ўз кучини йўқотгандек кўринмоқда. Асосан Покровск яқинида берилган бундай зарбалар Украина қуролли кучлари қўмондонлигидан фронтнинг бошқа участкаларидан захираларни кўчиришни талаб қилди. Россия армияси эса бундан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда: РФ қуролли кучлари Запорижжя областидаги Орихив шаҳри ғарбида йирик ҳужум бошлади.

Курск области

Сўнгги кунларда фронт чегара томон силжиши баробарида Россия ҳужуми суръати ҳам секинлашди.

Энди Украина қуролли кучлари Россия ҳудудида иккита алоҳида чегара плацдармини назорат қилмоқда: бири – маркази Гуево қишлоғида, иккинчиси – «Суджа» назорат-ўтказиш пункти атрофида.

Гуевога Суми областидан алоҳида йўл олиб ўтади, шунинг учун плацдарм Суджа – Суми трассасига боғлиқ эмас. Унинг атрофида чегаранинг ҳар икки томонида шиддатли жанглар кетмоқда. Гуево яхши ҳимояланган: унга шарқдан яқинлашиш йўлларини Псел дарёси тўсиб туради, атрофдаги кўплаб ўрмонларда Украина пиёдалари яширинган.

Гуеводан ғарбда РФ қуролли кучлари бир неча ҳафта олдин Суджага олиб борувчи йўллардан бирини кесиб, давлат чегарасига чиққанди. Ғарбда Суджа – Суми йўли бўйлаб жойлашган яна бир украин плацдарми қолмоқда. Россия қўшинлари ҳозирча Суджа ва чегара ўртасида жойлашган Гоголевка қишлоғидан нарига ўта олмади.

Катта эҳтимол билан, Россия қўмондонлиги тезлик билан «Суджа» назорат-ўтказиш пунктига етиб боришни режалаштирмаяпти. Россия қуролли кучлари Суджа – Суми йўлини чегаранинг нариги томонида кесиб қўйиш орқали Украина қуролли кучларини Украина ҳудудига чекинишга мажбур қилишни режалаштирмоқда.

Россия қўшинлари аллақачон Суми области ҳудудида ушбу йўлдан уч километр масофадаги Басовка қишлоғини эгаллаган.

Суджа районининг турли қисмларидан эълон қилинган кўплаб видеоларнинг геолокацияларига кўра, Курск областида Украинанинг йирик бўлинмалари қуршовда қолмаган. Бироқ, Владимир Путин ва Доналд Трамп бундай қуршов ҳақиқатан ҳам мавжудлигини айтишда давом этмоқда. Марказий разведка бошқармаси Оқ уйга Украина ҳарбийлари сўнгги кунларда Курск областида ортга чекингани, бироқ қуршовга олинмагани ҳақида ҳисобот бергани ҳам Трампнинг бу борадаги қатъий фикрини ўзгартирмаган.

Торецк

Украинанинг Торецк агломерациясидаги қарши ҳужуми тўхтади. Энди Россия 8-умумқўшин армиясининг бўлинмалари қарши ҳужумга ўтган, улар бу ерга Курахово атрофидан олиб келинган. Аввалига Украинанинг ҳужумлари муваффақиятли бўлди, чунки бу РФ қуролли кучлари ротацияси пайтига тўғри келганди: ўшанда 51-армия бўлинмалари Торецкдан олиб чиқилган, 8-армия эса ҳали шаҳарга келиб ўрнашишга улгурмаганди.

Украинанинг Deepstate телеграм-канали эса, Украина қуролли кучларининг ҳеч қандай қарши ҳужуми бўлмаганини иддао қилган: Торецк ҳудудининг катта қисми аввалдан «кулранг зона» бўлган, фақат 8-армия келгач, шиддатли жанглар бошланган. Бироқ, аслида бундай эмас: аввалроқ эълон қилинган видеога кўра, Россия қўшинлари феврал ойи бошида шаҳар маркази ва шимоли-ғарбий қисмини ишонч билан назорат қилаётганди. Украина позициялари эса жануби-ғарбдаги Забалка ҳудудида ҳамда Торецк агломерацияси шимоли-шарқидаги Кримское посёлкасида қолганди.

Шаҳар марказининг бир қисмини (шунингдек, шимоли-ғарбдаги Леонидовка ва Шербиновка посёлкаларини) бой берган рус қўшинлари март ойи ўрталарида қарши ҳужумга ўтди. Видеолар орқали фронт чизиғи чизмасини тушуниш қийин. Шуниси аниқки, энг оғир жанглар Торецк марказидаги стадион ҳудудида бўлиб ўтмоқда, у ерда, шунингдек Забалкада Россия қуролли кучлари украин мудофаачилари ортига ўтишга муваффақ бўлган.

Россия қўшинлари Торецкдан ғарбда (Новобахмутовка яқинида) ва шарқда (Озаряновка яқинида) ҳам ҳужумларни бошлади. Катта эҳтимол билан, Россия қўмондонлиги энди шаҳарни штурм билан қайта эгаллашга уринмасдан, уни айланиб ўтиб, Константиновкага чиқишга қарор қилган.

Константиновка Россия ҳаво ҳужумларидан азият чекишда давом этмоқда. Бу шаҳарни Украина қуролли кучлари 2014 йилда россияпараст айирмачилардан тортиб олган ва ўшандан бери Россия армияси уни мунтазам равишда ўққа тутиб келади. Сўнгги ҳаво ҳужуми пайтида 78 ёшли аёл ҳалок бўлди ва икки киши яраланди, деб хабар берди 21 март куни област ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкин. Расмийнинг сўзларига кўра, шаҳарда 36 та хусусий уй зарар кўрган. Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотларига кўра, ракеталар омборга тушган – натижада катта ёнғин бошланган.

Украинанинг Freedom телеканали маълумотларига кўра, 11 март ҳолатига кўра, шаҳарда 12 минг киши яшаётганди (кенг кўламли босқиндан олдин шаҳарнинг 67 минг аҳолиси бўлган). Шаҳарда қолганлар орасида болалар йўқлиги айтилмоқда. Бундан ташқари, март ойида маҳаллий «Знамя индустрии» нашри «Оқ фаришта» полиция бўлинмасига таяниб, Константиновкадан эвакуация учун кўплаб аризалар келаётгани ҳақида ёзганди.

Покровск ва Велика Новосилка

Украина қуролли кучлари Покровскдан ғарб, жануб ва шарқда қарши ҳужумларни давом эттирмоқда.

Песчане, Удачне, Запорижжя (Покровск ва Курахово ўртасида) қишлоқлари ва Котлино посёлкаси яқинидаги олдинги ҳужумлар Россия қуролли кучларининг Покровскка ҳужумини тўхтатишга имкон берганди. Энди Украина қуролли кучлари Покровск жанубидаги Лисовка ва Шевченко қишлоқларига ҳужум қилиб, Россия кучларини шаҳардан узоқлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирча украинларнинг муваффақиятлари унчалик катта эмас: улар бу қишлоқларнинг фақат бир қисмини эгаллашга муваффақ бўлишган.

Покровскдан шарқда Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми Россия қуролли кучларини Елизаветовка қишлоғи яқинидаги Покровск – Константиновка йўлидан четга чиқишга мажбур қилди. Шунга қарамай, рус қўшинлари бу йўлдан жануброқда Константиновка томон ҳаракатланишда давом этмоқда.

Донбасс жанубида – илгари босиб олинган Велика Новосилка райони марказида Россия қўшинлари Мокрие Яли дарёсининг иккала соҳили бўйлаб ҳужумни давом эттирмоқда. Россия қуролли кучлари шарқий соҳилда Днипроэнергия қишлоғини эгаллаб, Веселое қишлоғига яқинлашди. Умумий мақсад – Украина қўшинлари фронторти бўлиб турган Донецк – Запорижжя йўлига чиқиш, бу ердаги украин бўлинмалари Кураховога ғарбдан кириш йўлларини ушлаб туришда давом этмоқда.

Орихив

Россия қуролли кучлари бир ярим йиллик сукунатдан сўнг муҳим шаҳар Орихив ва Запорижжя ўртасида ҳужум бошлади. Украина қуролли кучларининг бу ҳудуд мудофаасида бўлган 128-тоғ-штурм бригадасининг бир қисми Донбасс жанубига ташланганди, бу эса Запорижжя жанубидаги гуруҳни заифлаштирган.

Россия қўшинлари Пятихатки қишлоғини шарқдан айланиб ўтиб (2023 йил ёзида оғир жанглар бўлган жой), Степове қишлоғини эгаллаб, Малий Шчербаки қишлоғига чиққан. Бу ҳужум, агар Украина қуролли кучлари захираларни ишга солмаса, рус қўшинларини ғарбдан Орихив шаҳрига олиб келиши мумкин.

Россия Федерацияси қуролли кучлари Орихивдан жанубда ҳам фаоллашган, у ерда улар Работине қишлоғидан шимолга ҳужум қилмоқда.

Мавзуга оид