«Бегоналар зулм қилгани йўқ, аммо ўзимизникилардан ёрдам кутмай қўйгандик» — суджаликлар
2025 йил 12 март куни Россия Мудофаа вазирлиги Суджа шаҳри озод этилганини эълон қилди. Курск областида жойлашган ушбу шаҳарча 2024 йил август ойида Украина қўшинлари томонидан ишғол қилинганди. Бир кун олдин эса Украина ҳарбийлари шаҳар атрофида жанглар давом этаётганини билдирганди.

Сергей Бобылев / ТАСС / Profimedia
Ишғол давомида Суджа аҳолиси ўз яқинлари билан алоқадан маҳрум бўлди, кўпчилик бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилди. Россия қўшинлари мудофааси ва Украина армияси ҳужуми давомида кўп одамлар ҳалок бўлди, айримлари эса тиббий ёрдам йўқлиги туфайли ҳаётдан кўз юмди.
Мустақил журналистлар кооперативи «Берег» Суджадаги ишғол даврини бошидан кечирган маҳаллий аҳоли вакиллари — Алексей ва унинг қизи Елена билан суҳбатлашди. Улар Украина қўшинлари шаҳарни тарк этгандан кейин Курскка эвакуация қилинган.
«Илк украин штурмчилари орасида бизни „Путин режими“дан ҳимоя қилишини айтган йигит ҳам бор эди»
Елена, 49 ёшда: Мен бу ерда дўконда сотувчи бўлиб ишлардим. Олтинчи август куни Гончаровка ҳудудига ўқ узилгани ҳақида эшитдик, аммо барибир ишга чиқиб, вазиятни билишга ҳаракат қилдим. Йўлда кетарканман, қалтираб тургандим. Дўконга етиб борганимда раҳбарият: «Елена, ҳамма ўз транспортида Курск област марказига — чегарадан узоқроққа кетиб қолган. Ҳамма нарса ёпиқ, уйингга бор», деди. Ортга қайтар эканман, ракеталар уйлар устида учиб ўтаётганини кўрдим — бу жуда қўрқинчли эди.
Алексей, 77 ёшда: Дастлабки куни кетишни хоҳламадик, чунки биз ҳимояга умид қилдик. Телевизорда бу фақат бир неча кунлик ҳолат эканини айтишарди. Бориш-келиш ташвишларини ўйлаб, қолишга қарор қилдик — буни бошқа шаҳарда яшайдиган ўғлимга ҳам айтдим. Эртасига эса отишмалар бошланди ва украин аскарлари пайдо бўлди. Мен соат еттида товуқларни озиқлантириш учун кўчада эдим. Бизда ўз хўжалигимиз бор. Шунда кўп қаватли уйимизнинг айвон қисмида аскарлар турганини кўрдим. Улар мендан Россия аскарларини кўрган-кўрмаганимни сўрашди. Мен йўқ деб жавоб бердим. Кейин уйга, квартирага кириб текширишди, сўнгра бошқа уйларни ҳам кўздан кечиришди. Илк пайтда эътибор бермагандим, лекин кейин уларнинг елкаларида мовий доиралар туширилган боғламаларни кўриб, украин аскарлари шаҳарда эканини тушуниб етдим.
Елена: Илк штурмчилар орасида квартирага кирганларидан бири бизга «Путин режими»дан ҳимоя қилишини айтди. У: «Ҳаммаси яхши бўлади, хавотир олманг. Биз тинч аҳолига қарши урушмаяпмиз, аёлларни зўрламаймиз, болаларни ўлдирмаймиз, сизларнинг аскарларингиздек эмасмиз», деб гапира туриб, йиғлади. Бу даҳшатли ҳолат эди.
Алексей: Шаҳарни эгаллашганидан кейин ўғлим билан боғлана олмадим. Ҳеч қандай алоқа йўқ эди. Олтинчи августдан бошлаб, свет, газ ва сувсиз қолдик. Мустақил равишда кетишнинг ҳам иложи йўқ эди: мен ва хотиним иккинчи гуруҳ ногиронларимиз, қизимиз ҳам биз билан. Қандай қилиб кетамиз? Бизда шахсий транспорт йўқ, ёрдам кутишнинг ҳам мавриди эмасди. Кўп қаватли уйимизда 42 та квартира бор эди, биз каби қолганлар ичида фақат икки оила бор эди. Улар билан бу ҳақда гаплашиш ҳам фойдасиз эди: ҳеч ким пиёда кетишга кўнмасди, чунки йўллар доимий равишда ўққа тутиларди.
«Макаронни сувда юмшатиб, гўшт қиймалагичидан ўтказиб ейишга мажбур бўлдик»
Алексей: Свет, газ ва сувсиз қолганимиз давом этарди ва бу ҳолат фақат кечагина (12 март) тугади, чунки биз кетиш имконига эга бўлдик. Нима топсак, шуни ердик, қандай бўлса шундай тайёрлардик: аввал бошда овқатларни хом ҳолда ейишга мажбур бўлдик. Масалан, макаронни сувда юмшатиб, гўшт қиймалагичидан ўтказиб ердик, совуқ сув билан ичардик. Бир муддатдан кейин буржуйка печкаси топдик ва унда овқат пишириш имкониятига эга бўлдик. Унинг ичига ёқиш учун ўтин солардик. Оқибатда, бутун шу ойлар давомида уйда фақат ошхона иситиларди.
Иккинчи январ куни ертўлага тушишга қарор қилдик. Хотиним деярли юролмасди, отишмалар чоғида уни пастга тушириш имкони бўлмасди. Қишнинг ярмидан бошлаб, охирги икки ярим ой давомида биз шундай яшадик: хотиним доим ертўлада қоларди, мен ва қизим юқорига кўтарилиб, овқат тайёрлаб, яна пастга тушардик. Бу ойлар давомида квартирада бир неча марта ойналар синди, балкон буткул вайрон бўлди, доимий ўққа тутиш оқибатида бутун уй ланг очиқ қолди.
Елена: Қиш пайтида дадам қўшни билан биргаликда синган ойналарни ёпишга уринишарди. Квартира ичи совуқ, онам тўшакда оғир касал бўлиб ётарди. Уйда қолишнинг имкони йўқ эди. Шунда яна бир бор снаряд келиб тушди: дадам ҳали коридорга қочиб ўтишга улгурмаганди, ошхонада шамчироқ ерга тушди, ойналар яна парчаланиб кетди. Чиқиб қарасам, дадамнинг ўзи йўқ деб ўйладим. Ичкарига кириб: «Дада, ҳаммаси жойидами?» дедим. У эса: «Улар бу ерда доим айланиб юришибди, энди пана жой топиб югуриб ўтирмайман», деди.
Алексей: Шу вақт давомида деярли ҳар куни штурмчилар келарди. Аввал қўни-қўшни гаражларини бузиб киришди, кейин эса ташлаб кетилган уйларни оча бошлашди. Улар ўғирлик қилиб, талон-торож қилишарди, гаражларда турган машиналарни ўғирлашарди. Улар тез-тез Сумига кетишарди, бир-бирлари билан алмашиниб турарди. Ҳар доим уйларига қайтиш учун «совға» олиб кетишарди: енгил машиналарга турли нарсаларни ортиб, ўз ватанларига олиб кетишарди.
Биз билан ҳам шундай ҳолат бўлган. Биз квартирада эдик, шу пайт улар эшикни бузиб киришга уринди. Мен эшикни тақиллатиб, илтимос қилдим: «Бузманглар». Улар ичкарида одам борлигини тушуниб, «Қўлларни кўтаринг, чиқинг», деб буйруқ беришди. Кимлар борлигини сўрашди, мен эса хотиним ва қизим билан эканимни айтдим. Уларни ҳам чиқаришимни талаб қилишди. Қизим йиғлаб юборди: «Мен чиқмайман, онамнинг аҳволи ёмон, бу унинг ҳолини янада оғирлаштиради». Улар ичкарига кириб, чиндан ҳам хотиним ётиб қолганини кўриб, бошқа хоналарни текшириш учун чиқиб кетишди. Улар ҳар доим биз билан соф рус тилида гаплашарди, ўзаро ҳам шу тилда мулоқот қилишарди. Ҳар сафар икки киши бўлиб киришарди.
Кўчага чиқишга мажбур эдик — чунки товуқ ва итлар бор эди, уларни боқиш керак эди. Шунга қўшимча озиқ-овқат ҳам керак. Лекин қаердан олиш мумкин? Дўконлар эгасиз қолган, қулфлар бузилган — хоҳлаганингизни олиш мумкин. Буни талон-торож деб ҳисобламайман, чунки тирик қолиш керак эди. Агар кўчада таниш ёки қўшниларни учратсак, улар билан фақат бир нарсани муҳокама қилардик — бу ҳол қачон тугайди? Шунингдек, овқат ва ёрдам ҳақида ҳам гаплашардик.
Бу етти ой давомида украин аскарлари бизга тахминан олти-етти марта ёрдам беришди – улар уйларга донли маҳсулотлар, ун, нон ва бошқа озиқ-овқат тарқатишди. Уларда бирор нарса пайдо бўлса, биз билан бўлишишарди. Лекин ўзимизникилардан ҳеч қандай ёрдам олмадик.
Елена: Мен энг зарур озиқ-овқатларни ишлайдиган дўконимдан олганман. Бироқ, кейинчалик виждоним йўл қўймади — гарчи эшиклари бузилган бўлса ҳам, у ердан яна бирор нарса олишни истаётганимни ҳис қилмадим. Бутун шу вақт давомида қўшнилар бизга ёрдам беришди. Улар бироз чаққонроқ эди, ёғ, консерва каби маҳсулотларни ғамлаб қўйишганди ва биз билан бўлишишди. Украин ҳарбийлари қишлоқ омборларини очиб, бизга озиқ-овқат тарқатишди ва «Бу талончилик эмас, биз ўзимизга ҳеч нарса олмаяпмиз, ҳаммаси сизларга, енглар», деб айтишди.
Алексей: Биламанки, шу вақт мобайнида Суджа интернатида маҳаллий аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишган. Сумидан шифокор келиб, беморларни кўрикдан ўтказган. Шунингдек, у ерга Сумидан озиқ-овқат олиб келишган, одамларни боқишган. Лекин биз у ерга боришни ўйламадик — авваламбор, масофа узоқ эди, у ерга боришнинг имкони йўқ эди. Биз станция яқинида яшардик, интернат эса шаҳар марказида бўлиб, икки километр йўл босиш керак эди. Қолаверса, ётиб қолган беморимиз бор эди, уни ташлаб қаерга боришимиз мумкин? Мен у ерга фақат бир марта бордим – украин ҳарбийларидан шаҳарда эркин ҳаракатланиш учун рухсатнома олиш мақсадида.
Елена: Одатда бизга [украин ҳарбийларидан] рухсатнома беришмасди ва биз уларсиз юрардик. Бир куни отамни тўхтатиб, ҳужжатларини кўрсатишни талаб қилишди. У эса рухсат қоғози йўқлигини, фақат ўтин йиғиш учун чиққани, марказга бормагани, фақат аравада бир неча қоп ўтин олиб келганини айтди. Ҳарбий эса бу муҳим эмаслиги ва кейинги сафар албатта рухсатнома олишини талаб қилди, акс ҳолда «олиб кетамиз, биз билан борасиз» деди. Лекин шундан кейин бундай ҳолат бўлмади.
Украин аскарлари тўп ва танкларни уйлар орасида жойлаштиришарди. Мен дронларимиз нимадир излаётгани, текширув ўтказаётганини кўрардим, кейин эса бомба ташланарди — ҳатто улар нишонга олмоқчи бўлган техника аллақачон кетиб бўлган тақдирда ҳам. Аслида, улар бизга нон ташлашса, яхшироқ бўларди — бошқа нарсалар керак эмасди.
Бизнинг уй украин ҳарбийларига қандайдир сабаб билан зарур бўлган, шекилли. Улар ҳужум қилишдан аввалроқ уйимиз узра дронлар учаётгани, ниманидир кузатаётганини билардик. Улар бизнинг уйимизни аниқ мақсад билан сақлаб қолишган, бомбалашмаган. Балки бу ер уларга қурол-яроғ ва техникаларни жойлаштириш ёки дронлар учириш учун қулай нуқта бўлган.
Энг қўрқинчли ҳолат яқинда, 8 март куни содир бўлди. Байрам куни бизга «мушакбозлик» ҳадя қилишди: украин ҳарбийлари кетишдан аввал уй ичида снарядлар қолдирган — улар портлаб, бутун тўртинчи подъезд ёниб кетди. Буни улар атайлаб қилдими ёки тасодифан, била олмайман. Балки улар вазият жиддийлашганини тушуниб, тезлик билан қочиб кетган бўлиши мумкин.
Мен ҳеч кимга туҳмат қилгим келмайди. Ростини айтаман: бу вақт ичида ҳеч ким бизга таҳдид қилгани йўқ. Балки бошқа жойларда қандайдир ҳолатлар бўлган бўлиши мумкин, аммо бизга ҳеч ким тегмади, улар мутлақо оддий одамлар эди. Улар бизга на қўл кўтаришди, на ҳақорат қилишди. Лекин квартираларни бузиб киришгани, гаражларни очишгани, ичидан машиналарни олиб чиқиб кетишгани — бу факт. Менимча, одамлар бўш квартиралардан қимматбаҳо буюмларни олишган. Лекин бу уруш — урушда эса ҳар доим шундай бўлади.
Алексей: Тақдир шундай бўлдики, биз учун бегона бўлганлар зиён етказгани йўқ, лекин ўзимизникилардан ёрдам ҳам кутишни ҳам бас қилган эдик.
Елена: Умид қиламанки, бу ҳаётимиздаги энг даҳшатли воқеа бўлди. Лекин Худо бир кун ҳам биздан юз ўгирмади, ҳатто дронлар портлаётганда ва атрофда гаражлар ёнганда ҳам. Худодан ёмғир ёғишини ўтиниб илтижо қилганимни яхши эслайман: чунки ёғоч сақланадиган омборлар ўт олиб кетиши мумкин эди. Ва ёмғир ёға бошлади. Ёғимиз тугаб қолганида эса, қўшним эшикни тақиллатиб, «Елена, мана, бизда бироз қолган, олиб қўй», деб ташлаб кетганди.
«Шаҳарчамиз энди йўқ»
Елена: Мен ҳеч қачон қўрқоқ бўлмаганман. Лекин бу ойларда шуни ҳис қилдимки, бу ҳолатдан ё қутулишим, ёки ақлдан озишим керак эди. Онам ва отам менга далда беришарди: «Агар сен ташлаб қўйсанг, биз нима қиламиз?» дейишарди. Лекин менда куч қолмаганди. Таслим бўлмадим, аммо мен аниқ синдим. Ич-ичимдан бир чексиз ожизлик ҳисси пайдо бўлди ва у кетмади. Биз озод этилишни ҳам қўрқиб кутаётгандик — чунки биз россиялик ҳарбийлар бундай ҳолатларда нима қилишини жуда яхши биламиз. Ҳеч нарса демоқчи эмасман, ҳар кимнинг ўз вазифаси бор. Худога шукр, бизда даҳшатли «тозалаш» бўлмади.
Алексей: Кўчада чанг-ғуборга беланган, қорайиб кетган одамларни (Россия ҳарбийларини) кўрдим, улар қўлланмаларда ёзилганидек, ерости йўлакларидан чиқишарди. Кейин эса кутилмаганда эшик тақиллаб, «Бизникилар» деб айтдилар: уларнинг кийими бошқача, елкаларда қизил тасмалар. Ҳаммаси жуда кутилмаганда бошланиб, худди шундай кутилмаганда тугади.
Елена: Аввалига [Россия ҳарбийлари] шаҳарда озчилик эди. Қўшнимиз: «Булар гўёки бизникилар эмасдек, ҳатто келиб оғиз очиб сўзлашишмайди, ҳеч нарса демайди», деди. Кейин эса бу фикри учун уятдан ерга кириб кетди — чунки улар қандай йўл билан бизгача етиб келганини эшитиб қолди. Ҳарбийлар бизга яқин келиб сўрашишарди, «сизларни шунча куттириб қўйганимиз учун, узр», деб кечирим сўрашарди. Қўшнимиз буни эшитиб, йиғлаб юборди.
Алексей: Кейин бизга «яна уч кун сабр қилинглар ва сизлар озод бўласизлар», деб айтишди. 12 март куни қўшнилар бизга таом ва консервалар бериб, «булар энди украинлардан эмас, бизникилардан», деди. Худди шу куни ёнимиздаги кўчада эвакуация бошланди ва бизни ҳам олиб кетишди. Бир ҳарбий йигит кўча бўйлаб юриб: «Тинч аҳоли, эвакуация!» деб чақирарди.
Елена: Биз ҳеч қандай қаттиқ жанг ёки «озод қилиш» жараёнини кўрмадик. Фақат қандайдир онда кўчаларда фақат бизнинг ҳарбийлар қолганини кўрдик. Аввалига ҳаёт давом этаётганига хурсанд бўлдик. Лекин бизга қолиш мумкин эмаслигини айтишди: «Чиқиш керак, тозалаш ишлари тугасин, шундан кейин қайтасизлар», дейишди. Мен қайтишни истамайман — шаҳар бутунлай йўқ бўлиб кетган. У тиклангунча қанча вақт ўтишини ҳеч ким билмайди.
Алексей: Мен эса уйга қайтишни хоҳлайман. Бу квартирада 30 йил, Суджада эса 50 йил яшадим. Энди қаерга бораман? Қаерда янги ҳаёт бошлайман? Бу менинг уйим – у бор ва бўлади.
Мавзуга оид

23:34 / 19.03.2025
Трамп ва Путин мулоқоти: баёнотларга қараб, қандай хулосалар қилиш мумкин?

22:09 / 19.03.2025
Трампнинг Путин билан келишувига қарамай, Россия ва Украина энергетика объектларини ўққа тутишда давом этди

21:16 / 19.03.2025
Зеленский ва Трамп телефон орқали мулоқот қилди

15:35 / 19.03.2025