Жаҳон | 18:20
3876
2 дақиқада ўқилади

Очиқ океанда 95 кун қолиб кетган перулик балиқчи қутқарилди

У 7 декабр куни қайиқда океанга сузиб кетган, бироқ об-ҳаво ёмонлашгани боис йўналишдан адашган. Орадан 95 кун ўтиб Эквадорга тегишли балиқчилар кемаси унга дуч келган.

Фото: Peruvian Navy/AFP/handout/Getty Images

Тинч океанида 95 кун қолиб кетган перулик 61 ёшли балиқчи Максимо Напа Кастро тирик ҳолда топилди, деб хабар беради CNN.

Напа Кастро 7 декабр куни Перу жанубидаги Маркона шаҳридан океанга қайиқда йўл олган, аммо об-ҳаво ёмонлашгани боис у йўналишдан адашиб, 11 март куни Эквадорга тегишли балиқчилар кемасига дуч келгунга қадар сузиб юрган.

Балиқчи ёмғир сувларини тўплаб, ҳашаротлар, қуш ва тошбақалар озиқланишга мажбур бўлганини сўзлаб берган, охирги 15 кун ичида эса у ҳеч нарса емаган. Напа Кастро топилган вақтида жуда оғир аҳволда бўлган.

Маҳаллий ОАВга балиқчи оиласи ҳақидаги ўйлари унга омон қолишга ёрдам берганини айтган: «Онам учун ўлишни хоҳламаслигимни айтдим. Бир неча ойлик набирам бор, ўша учун курашдим. Ҳар куни онам ҳақида ўйладим».

Балиқчининг қариндошлари ва дўстлари уч ой давомида уни қидириш билан шуғулланган. Напа Кастронинг қизи, хусусан, отаси ҳақида 3 март куни Facebookʼка пост қолдириб, ҳали умидини йўқотмагани ҳақида ёзган. Напа Кастро қутқарилганидан кейин у отасига ёрдам кўрсатган «эквадорлик ака-ука»га алоҳида миннатдорчилик билдирган.

Мавзуга оид