“Болаларни қўрқоқ қилиб қўймаслигимиз керак” — боғчадаги зўравонликлар ҳақида суҳбат
Боғча болаларининг калтакланиши ёки мунтазам тазйиққа учраши уларда руҳий жароҳатлар қолдириб, кейинчалик шахсий ва касбий ҳаётига салбий таъсир қилади. Мактабгача таълимда зўравонлик камайиши учун кадрлар тайёрлаш тизими ўзгариши, тарбиячи бўлиш охирги чора эмас, жозибадор касбга айланиши учун мутаносиб моддий рағбатлар бўлиши керак, дейди таълим соҳаси эксперти Шокир Турсун.

Тарбиячининг қўпол муносабати сабаб боғча боласининг оёғи синди, стулга скотчлаб қўйилди, камера йўқ жойда ёки камера бўлиб, шиппак билан калтакланди. Сўнгги 2 ойда боғчаларда, айниқса нодавлат боғчаларда болаларнинг зўравонликка учраши тез-тез кўзга ташланмоқда.
Хўш, бунга сабаблар нимада? Ота-оналар фарзанди учун боғчани қандай танлаши керак? Kun.uz мухбири бу мавзуда таълим эксперти Шокир Турсун билан суҳбатлашди.
– Боғчаларда болаларга зўравонлик қилингани ҳақидаги хабарларни ўқиганингизда нималарни ўйлайсиз, дастлаб бу каби ҳолатларга ўз муносабатингизни айтиб ўтсангиз.
– Мен бундай хабарларга биринчи навбатда ота-она сифатида қарайман. Гарчи ҳали фарзандимиз бўлмаса-да, турмуш ўртоғим билан ҳозирдан боғчаларни танлаб, уларни кузатиб юрамиз. Шундай хабарлар кўпайгани сари бизнинг юрагимизни ваҳима босади. “Эртага биз нима қиламиз? Боламизни боғчага бермаймизми ёки? Уни боғчага бермасак, нима бўлади? Бермоқчи бўлсак, бундай боғчаларга, тарбиячиларнинг, мудираларнинг қўлига қандай берамиз?” деган ўйлар пайдо бўлади.
Менимча, бунақа ўй бизга ўхшаган ҳаммани босса керак. Ҳаттоки, фарзанди боғчага бораётганлар кўпроқ хавотир олади. “Менинг болам билан шундай бўлмаётганмикан, ёлғон гапиришмасмикан?” деган ўй босади. Бу қандайдир ортиқча босимни пайдо қилади. Ўзи жамиятимиз ҳар томондан босимларга тўла, бундай ҳолатларнинг кўпайиши ёш боласи бор ота-оналарга янада босим бўлади.
Биз ҳурматли деб билган боғчаларимизда ҳам шундай ҳолатлар учраяпти. “Йўқ, ишонса бўлади бу боғчага” деган боғчаларимиздан ҳам шундай хабарлар чиқиб келяпти.
– Шундай ҳолатларнинг тез-тез учраб туриши сабаби нимада деб ўйлайсиз?
– Сабаблар комплекс бўлади, лекин энг биринчи сабаб – тарбиячиларда профессионал малака етмаслиги. Масалан, эмоцияларини бошқаришни билмайди, бунга ўргатилмагандир балки, ёки бу кўникмани ўзлаштирмагандир. Бола хоҳлаймизми ёки йўқ, шўх ва тўполончи бўлади, битта гапга тушунмайди. Боғча тарбиячиларида мактаб ўқитувчиларидан кўра шунга руҳий тайёргарлик юқори даражада бўлиши керак. Менимча, энг катта сабаби шу: тарбиячиларнинг айнан шу жиҳатдан профессионал тайёр эмаслиги.
Кадрларни нафақат тайёрлаш, балки ўзиям берилган билимни ўзлаштириши ёки амалиётда қўллаши, умуман, шахс сифатида ҳам тайёрлиги масаласи ҳам бор. Битта гуруҳда 15 нафар тарбияланувчи бўлса, уларнинг ҳаммаси ҳар хил дунё. Ҳаммасининг хархашасини кўтариш керак, бунинг учун одамдан жуда катта асаб талаб қилинади. Менимча, боғчаларимизда шундай зарбаларга тайёр тарбиячилар кам.
Мен бундай воқеаларни боғчаларга камералар қўйилмасидан олдин ҳам, 2000-, 1995-йилларда бўлганига ҳам ишонаман. Яъни рад қилмайман, бундан кейин ҳам бўлади. Фақат биздаги масала – уларни камайтириш. Ҳозир айсбергнинг учини кўраётгандирмиз, буни билмаймиз. Қанчасини кўриб, сезиб қоляпмиз. Бу борада талифлар, шахсий фикр ва ёндашувлар бор, ўрни-ўрни билан айтиб кетаверамиз. Бу комплекс муаммо ва унинг биринчиси тарбиячиларда компетент етишмаслиги.
Иккинчидан, ижтимоий ёки интизомий назоратнинг пастлиги. Болага зўравонлик қилган тарбиячига жарима қўллаш ёки ишдан бўшатиш жазо эмас аслида. Яъни сиз бир зўравонни ишдан бўшатяпсиз, холос. Уни жазолаш бошқачароқ механизм билан бўлиши керак. Бу ерда айнан болалар омбудсмани ҳар битта зўравонликка учраган боланинг номидан тарбиячиларга қўшимча босим қилиши, жамоатчилик, журналистлар назоратни кучайтириши натижасида жазонинг ҳам оғирлашишига, бу эса тарбиячиларнинг ўзини босиши, қўлига, тилига эрк бермаслигига олиб келиши керак. Бу битта нуқта, ҳар доим шундай қилиш керак демоқчи эмасман.
Ҳозир, масалан, тарбиячи 2 млн атрофида жарима тўлашига тўғри келади ёки ишдан бўшатилади. Кимдир кимнидир ҳақорат қиладиган бўлса, 100 млн сўмгача жаримага тортишга ҳаракат қиляпти, 15 суткагача қамоқни сўраяпти, лекин бутун бир боланинг ҳаёти, соғлиги, келажакдаги дунёқарашига таъсир қиладиган боғча опанинг ҳаракатларига енгил жазо беряпмиз деб ҳисоблайман. Бу гапим учун боғча тарбиячиларидан узр сўрайман, лекин бундай ҳолатлар болани синдириб қўйиш эҳтимоли юқори. Эртага у бола қўрқоқ бўлади, гапиролмайди, жамиятимиз бундайлардан иборат бўлиб қолмаслиги керак.
Айтганимдек, жамиятимизда ўзи босимлар, стресслар кўп. Камбағал давлатмиз ва бизда иқтисодий муаммолар талайгина. Мана шу иқтисодий муаммолар ичида яшайдиган қатламнинг энг кўпи – ўқитувчилар ва тарбиячилар. Уларнинг иш ҳақи мамлакатимиздаги ўртача иш ҳақидан ҳам кам, бу янаям стрессга солади. Боғчаларда асосан аёллар ишлайди, бизда оилавий можаролар, қайнона-келин муносабатлари, фарзанди билан боғлиқ муаммолар – битта тарбиячи бошида шунча масалани кўтариб юради. Кирганда 15 нафар бола шовқин қиладиган бўлса, ўзининг маиший муаммолари кўп бўлган тарбиячи, табиийки, вазиятни бошқаролмайди.
Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Мавзуга оид

16:20 / 03.05.2025
Кўза кунда эмас, кунида синади. Боғчалар болалар ҳаёти билан ўйнашмоқда

13:51 / 30.04.2025
Зўравонлик содир этишга мойил бўлган педагог ходимлар рўйхати шакллантирилади

11:38 / 25.04.2025
“Оёғи куйган 1,5 яшар қизча иши”: Попдаги боғча ноқонуний ташкил этилгани маълум бўлди

16:51 / 24.04.2025