Ўзбекистон | 22:15 / 12.03.2025
9362
5 дақиқада ўқилади

Malibu'дан Tahoe'гача – амалдорларнинг “иномарка”лари қандай автомобилга алмашди?

Вазирлик ва идоралар президент топшириғига кўра хизмат автомобили сифатида Mercedes-Benz'лардан воз кечмоқда. Kun.uz республика даражасидаги ташкилотлар билан боғланиб, ижро органлари раҳбарлари бу топшириқ доирасида қандай автомобилга ўтаётгани билан қизиқди.

Президент Шавкат Мирзиёев 5 март кунги селекторда давлат идораларида хизмат транспортида юришни кескин қисқартириб, миллий автомобил ва миллий мебелга ўтиш зарурлигини айтган эди. Шунга асосан, амалдорлар хизмат автомобили сифатида маҳаллий корхоналар томонидан сотиладиган автомобиллардан фойдаланишга ўтмоқда.

Хусусан, бош вазир Абдулла Арипов Mercedes-Benz ўрнига Chevrolet Malibu’дан фойдалана бошлаган. Бош вазир ўринбосарлари ҳам Malibu’дан фойдаланмоқда. Вилоятлар ҳокимларига эса Chevrolet Tahoe ва Chevrolet Traverse каби автомобиллар хизмат кўрсатмоқда.

Абдулла Арипов 7 март куни йиғилиш ўтказиб, барча амалдорларга хорижий хизмат машиналаридан фойдаланишни тўхтатиш топшириғини берган.

Kun.uz республика даражасидаги давлат ташкилотлари ахборот хизматлари билан боғланиб, вазир ва унга тенглаштирилган амалдорлар ушбу топшириқ доирасида қандай автомобилга ўтгани билан қизиқди.

Маълум бўлишича, мудофаа вазири генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов Trailblazer автомобилида юради. Бу транспорт унга вазирнинг биринчи ўринбосари бўлган вақтда топширилган. Шунингдек, вазир ихтиёрида полигонларда фойдаланиш учун Isuzi D-Max пикапи бор. Бу модел SamAuto томонидан сотилади.

Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, вазир Бахтиёр Саидов ва унинг ўринбосарлари олдин ҳам миллий автомобил Malibu’да юрган. Улар ҳозир ҳам шу миллий автомобилларда.

Ички ишлар вазирлигининг барча даражадаги раҳбарлари Malibu’да юради, дея маълум қилди вазирлик матбуот хизмати.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов эса олдин Mercedes-Benzʼда юрган. Вазирлик ахборот хизматига кўра, ҳозирда у хизмат машинасидан фойдаланмаяпти. Транспорт давлат активларига топшириш жараёнида, ўрнига Malibu русумли машина олиниши кўзда тутилган.

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов шу вақтгача S Class Mercedesʼда юрган бўлса, ҳозир тизимда 3 йил аввал харид қилинган BYD HAN автомашинасидан фойдаланяпти. Вазирлик ахборот хизматига кўра, ушбу автомобил электромобиллар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга доир қарор асосида 3 йил олдин харид қилинган. “Янги Malibu олишга маблағ сарф қилинмади, тизимнинг ичидаги машиналардан оптимизация қилинди”, дейилади вазирлик ахборотида.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов ҳам олдин Mercedes-Benzʼда юрган. Унинг ахборот хизматига кўра, вазир йиғилишдан олдинроқ Malibu’га ўтган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳам шу кунгача хориж автомобилида юрган, ҳозир эса Malibu’дан фойдаланмоқда.

Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исламов Mercedes-Benzʼдан воз кечган. Вазирлик ахборот хизматига кўра, у ҳозир давлат раҳбарига Франциядаги ташрифда ҳамроҳлик қилмоқда. «Mercedes-Benz ўрнига қандай машина олиш вазир келганларидан кейин аниқ бўлади», дея маълум қилди ахборот хизмати.

Маданият вазири Озодбек Назарбековга ҳозир ҳам Mercedes-Benz хизмат кўрсатмоқда. “Келгусида GM машиналаридан бирини олиш режа қилиняпти, машинанинг қайси турини харид қилишлари ҳали маслаҳат жараёнида”, дейилади вазирлик ахборотида.

Адлия вазири Акбар Тошқулов, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиевлар ҳам Mercedes-Benzʼдан воз кечиб, Malibu’га ўтган.

Яқинда тайинланган фавқулодда вазиятлар вазири Ботир Қудратхўжаев Traverse’да юриши маълум қилинди.

Олий суд раиси Бахтиёр Исламов ва бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ҳам Malibu’дан фойдаланмоқда. Бу ҳақда иккала ташкилот ахборот хизмати раҳбарлари Kun.uz’га маълум қилди.

Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов ҳозирга қадар хизматда Mercedes-Benz русумидаги автомобиллардан фойдаланган бўлса, эндиликда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган BYD русумидаги электромобилдан вақтинча фойдаланишга ўтган. Қўмита ахборот хизматига кўра, мазкур транспорт воситаси Malibu’га алиштирилиши назарда тутилган.

Мажбурий ижро бюроси директори Музаффар Эгамбердиев эса, унинг ахборот хизматига кўра, олдиндан Gentra автомобилидан фойдаланиб келмоқда.

Кадастр агентлиги директори Фаррух Пўлатов «анчадан бери» Malibu’да экани маълум қилинди.

Маълумот учун, амалдорлар энг кўп ўтаётган Malibu автомобилининг расмий дилердаги нархи 375 миллион сўмдан, Traverse’нинг чегирмадаги нархи эса 657 миллион сўмдан бошланади. Tahoe эса анча-мунча хорижий автомобиллардан қимматроқ – 1 миллиард 109 миллион сўмдан бошланади.

Мавзуга оид