ЖССТ: Ҳар йили ҳаво ифлосланиши оқибатида 7 миллионга яқин одам вафот этмоқда
IQAir дунёнинг 138 та давлатида жойлашган 40 мингта мониторинг станцияси маълумотларини таҳлил қилиб чиқди. Аниқланишича, аксарият шаҳарлардаги ҳаво сифати талабга жавоб бермайди.

Фото: AP
Дунёнинг аксарият шаҳарларида ҳаво ифлосланган ва фақат уларнинг 17 фоизи тегишли талабларга жавоб беради. Бу ҳақда Associated Press томонидан эълон қилинган мақолада сўз боради.
Қайд этилишича, Швейцариядаги IQAir ҳаво сифатини мониторинг қилиш базаси дунёнинг 138 та давлатида жойлашган 40 мингта мониторинг станцияси маълумотларини таҳлил қилиб чиққан. Натижада энг ифлос ҳавога эга шаҳарлар Чад, Конго, Бангладеш, Покистон ва Ҳиндистонда жойлашгани аниқланган. Хусусан, дунёдаги ҳавоси энг ифлос тўққизта шаҳарнинг олтитаси Ҳиндистон ҳисобига тўғри келади.
Экспертларнинг маълум қилишича, ҳавонинг ифлосланишига оид ҳақиқий кўрсаткичлар бундан анча юқори бўлиши мумкин, чунки дунёнинг аксарият нуқталарида керакли маълумотларни олишга ёрдам берадиган мониторинг мавжуд эмас. Масалан, Африкада ҳар 3,7 миллион кишига фақат битта мониторинг станцияси тўғри келади.
Ҳисоботда айтилишича, ушбу муаммога қарши курашиш учун мониторинг қурилмалари кўпроқ ўрнатилмоқда. Жорий йилда ҳисобот муаллифлари 8954 та янги нуқтадаги маълумотлардан фойдаланишга муваффақ бўлган.
Малайзиядаги Sunway планетар саломатлик маркази эксперти ва бош илмий ходими Фотима Аҳмаднинг айтишича, узоқ вақт давомида ифлосланган ҳаводан нафас олиш респиратор касалликлар, алцгеймер ва саратонни юзага келтириши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, ифлосланган ҳаво оқибатида ҳар йили 7 миллионга яқин одам вафот этмоқда.
«Агар сувингиз бўлмаса, одамларга кунига ярим соат кутиб туришни ва сув келишини айтишингиз мумкин. Аммо ҳаво ёмон бўлса, одамларга нафас олманг дея олмайсиз», — дейди Аҳмад.
Таъкидланишича, Пекин, Сеул, Жанубий Корея ва Полшанинг Рибник каби бир қанча шаҳарлари транспорт воситалари, электр станциялари ва саноатдаги ифлосланишни қатъий тартибга солиш орқали ҳаво сифатини яхшилашга муваффақ бўлган. Улар, шунингдек, нисбатан тоза энергияни тарғиб қилган ва жамоат транспортига инвестиция киритган.
Мавзуга оид

20:48 / 11.03.2025
ЖССТ ҳаво тозалиги стандартларига фақат 7 та давлат жавоб беради – тадқиқот

00:47 / 07.03.2025
ЖССТ: 1 млрд инсон эшитиш қобилиятини йўқотиши мумкин

12:54 / 04.03.2025
Қурилишда ҳавони муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаганлик учун жавобгарлик белгиланди

16:42 / 21.02.2025