Жаҳон | 17:44 / 07.03.2025
3822
3 дақиқада ўқилади

Трамп фуқаролари АҚШга кириши тақиқланган мамлакатлар рўйхатини кенгайтирмоқчи – ОАВ

Қайд қилинишича, фуқароларининг Қўшма Штатларга кириши тақиқланиши мумкин бўлган мамлакатларнинг «қизил рўйхати» тузилади.

Фото: Jim Wilson/The New York Times

Трамп маъмурияти баъзи мамлакатлар фуқаролари учун Қўшма Штатларга киришга янги тақиқларни жорий қилишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу аввалги худди шундай чоралардан кенгроқ бўлади, деб ёзди The New York Times.

Қайд қилинишича, фуқароларининг Қўшма Штатларга кириши тақиқланиши мумкин бўлган мамлакатларнинг «қизил рўйхати» тузилади. Бу ҳақда нашр манбаси маълумот берган.

Расмийлардан бирининг айтишича, таклиф этилаётган қизил рўйхатга асосан Трампнинг аввалги чекловларидан жой олган мамлакатлар киритилади: Куба, Эрон, Ливия, Шимолий Корея, Сомали, Судан, Сурия, Венесуэла ва Яман. Бошқа манбага кўра, лойиҳада Афғонистон фуқароларининг Қўшма Штатларга кириши тўлиқ тақиқланиши шартли равишда таклиф этилган.

Тавсиялар, шунингдек, фуқаролари учун кириш чекланган, аммо тўлиқ ёпилмаган мамлакатларнинг «пушти» гуруҳини ҳам ўз ичига олади. Мисол учун, визалар фақат айрим тоифадаги одамларга, масалан, нисбатан бадавлат ишбилармон саёҳатчиларга берилиши мумкин, аммо иммигрантлар ёки сайёҳларга эмас. Шунингдек, визаларнинг амал қилиш муддати қисқартирилиши мумкин. Номзодлар суҳбатда шахсан иштирок этиши шарт.

Учинчи тоифадаги ёки «сариқ» рўйхатдаги мамлакатларга баъзи аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун 60 кун берилади, шундан сўнг улар бошқа иккита тоифадан бирига қўшилиши мумкин, деди манбалар. Бу муаммолар АҚШга келаётганлар тўғрисидаги маълумотларнинг нотўғри тақдим этилиши, паспорт беришда хавфсизлик чораларининг етарли эмаслиги ёки чекловлардан қочиш учун тақиқланган мамлакатлардан келган одамларга фуқароликни сотишни ўз ичига олиши мумкин.

Амалдаги визага эга одамлар тақиқдан озод қилинадими ёки бу визалар бекор қилинадими ёки йўқми номаълум. Бу доимий резидентга айланган «грин карта» эгаларига таъсир қиладими ёки йўқми, бу ҳам номаълум.

Трампнинг маълум мамлакатларга нисбатан киришни тақиқлаш сиёсати 2017 йилда бошланган. Шу йил сентябрда мазкур тақиқ Чад, Эрон, Ливия, Шимолий Корея, Сурия, Венесуэла ва Яман фуқароларига нисбатан жорий қилинди. 2020 йил январь ойида олтита янги давлат рўйхатга киритилди: Нигерия, Эритрея, Мянма, Қирғизистон, Танзания ва Судан.

Жо Байден 2021 йил январида президент бўлганида, Трампнинг тақиқларини бекор қилди ва бу мамлакатлардан келган одамлар учун индивидуал тест тизимини қайтарган эди.

Мавзуга оид