Ўзбекистон | 20:38 / 07.03.2025
8822
2 дақиқада ўқилади

Қамчиқ довони ёпиқлигича қолмоқда. Сўнгги маълумотлар

«Ўзгидромет» тезкор ахборотида Қамчиқ довонида қор кўчиш хавфини эълон қилди. Довонда қолиб кетган қарийб минг киши меҳмонхонага жойлаштирилган. «Ангрен-Қўқон» йўналишида бепул поезд ташкил этилди.

Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Қамчиқ довони автомобиллар ҳаракати учун ёпилгач, ноқулай об-ҳаво шароити вақтида йўлда қолиб кетган мингга яқин киши вақтинча турар жойларга жойлаштирилган.

Қайд этилишича, ФВВ, ЙПХ ва «Қамчиқавтойўл» ИЙФУК ходимлари ҳамкорлигида йўлни қордан тозалаш, музламалар ҳосил бўлишининг олдини олиш ва қум-туз аралашмасини сепиш ишлари олиб борилмоқда.

ФВВ қутқарувчилари томонидан назорат тадбирлари олиб борилиб, йўлда қолиб кетган ҳайдовчи ва уларнинг автотранспорт воситаларига ёрдам кўрсатилмоқда. 

Хоҳловчи йўловчилар учун ФВВнинг исиниш масканлари ташкил этилган. Фавқулодда вазиятлар вазирининг топшириғи билан жойида вазирнинг биринчи ўринбосари жараённи мувофиқлаштириб бормоқда

Шунингдек, Ангрен шаҳрида жойлашган 19 та ошхона ва 4 та меҳмонхонага 790 нафар эркак, 130 нафар аёл ва 38 нафар бола вақтинча жойлаштирилди.

«Ўзгидромет» тезкор гидрометеорологик ахборотида Қамчиқ довонидан кесиб ўтган автомобил йўли 228-253 км қисмида қор кўчиш хавфини эълон қилган.

Довонда транспорт воситалари ҳаракати ҳамон тикланмаётгани туфайли «Ангрен-Қўқон» йўналишида бепул поезд  ташкил этилди.

Поезд 21:00 да Ангрен темирйўл шоҳбекатидан ҳаракатланади.

Айни вақтда Қамчиқ довонида –7 даража совуқ, қор ёғишда давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 7 март куни тонгдан А-373 халқаро автомобил йўлининг Қамчиқ довони қисмида кучли қор ёға бошлади. Довонда шамол тезлиги кучайиб, қор бўронлари кузатилди. Қалин туман тушиб, йўлнинг кўриниш чегараси қисқарди. Ҳаво ҳарорати –4 даражага тушди.

Соат 14:30 дан довонда автомобиллар ҳаракати вақтинча ёпилди. Довонга ҳар икки томондан келган автомобиллар ортига қайтариб юборила бошланди.

Мавзуга оид