Тошкент ва Андижон шаҳарлари ўртасида қўшимча темирйўл қатнови ташкил этилди
Аномал об-ҳаво шароити туфайли Ангрен-Поп довони транспорт воситалари ҳаракати учун ёпилган. Шу боис Тошкент—Андижон—Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланувчи поезд Кўл, Темирйўлобод, Қўн ва Қўшминор бекатларида режадан ташқари тўхтаб ўтади.

Фото: ФВВ
Аномал об-ҳаво шароити туфайли Ангрен-Поп довони транспорт воситалари ҳаракати учун ёпилгани тўғрисида хабар берилганди. Йўловчиларни узлуксиз ташишни таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда ФВВ томонидан Тошкент ва Андижон шаҳарлари ўртасида қўшимча темир йўл қатнови ташкил этилди.
Қайд этилишича, 732-сонли Тошкент—Андижон—Тошкент поезди Кўл, Темирйўлобод, Қўн ва Қўшминор бекатларида режадан ташқари тўхтайди.
Шунингдек, Оҳангарон, Ангрен, Кўл, Орзу, Чодак, Темирйўлобод, Қўн, Қўшминор, Поп бекатларида тўхтаб, сўнгра Қўқонга йўл оладиган қўшимча Тошкент—Андижон—Тошкент йўналиши жорий этилмоқда.
«Мунтазам жадвал бўйича ҳаракатланувчи барча поездлар ҳам йўловчиларни чиқиши ва тушириши мақсадида юқоридаги бекатларда тўхтайди», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 7 март куни тонгдан А-373 халқаро автомобил йўлининг Қамчиқ довони қисмида кучли қор ёға бошлади. Довонда шамол тезлиги кучайиб, қор бўронлари кузатилди. Соат 14:30 дан довонда автомобиллар ҳаракати вақтинча ёпилди.
Довонда транспорт воситалари ҳаракати ҳамон тикланмаётгани туфайли Ангрен—Қўқон йўналишида бепул поезд ташкил этилди.