Феврал ойида ёғингарчилик меъёрдан кам бўлди
Ўзгидромет феврал ойи бўйича об-ҳаво таҳлилини эълон қилди.

Фото: Kun.uz
Ўтган феврал ойининг ҳарорат тартиби нотекис бўлди, бундай ҳолат қишнинг охирги ойи учун хосдир. Феврал ойи давомида илиқ тўлқинлар ва совуқ тўлқинлар бир-бири билан ўрин алмашиб туриши кузатилди.
Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиб, фақат Фарғона водийси ҳудудларида одатдагидан 1,5-2 даражага илиқроқ бўлди. Энг илиқ даврларда ҳаво ҳарорати меъёрдан 5-8 даражага юқори бўлди.
6-8 февралда республика ҳудудининг катта қисмида кундуз кунлари ҳаво 14-17 даражагача, жанубда 19-21 даражагача исиди. Феврал ойи учинчи ўн кунлигининг бошида илиқ кунлар кузатилди, бунда ҳарорат 18-21 даражагача, жанубда 23-24 даражагача кўтарилди.
Феврал ойининг биринчи кунларида, иккинчи ўн кунлиги бошида ва ойининг охирида совуқ тўлқинлар кузатилди, бунда ҳарорат меъёрдан 3-5 даражага, республика шимолида 8-10 даражага пасайди. Ушбу даврларда ҳаво ҳарорати кечалари 0-5 даражагача, кундуз кунлари 0-5 даражагача пасайди. Республика шимолида совуқ сезиларли даражада бўлиши кузатилди, ҳарорат кечалари 7-10 даражагача, айрим энг совуқ кечаларда эса 13-18 даражагача, кундуз кунлари 2-7 даражагача пасайди.
Феврал ойида ёғингарчилик нотекис бўлиши кузатилди. Ойнинг охирги беш кунлиги ойлик ёғингарчилик миқдорига катта ҳисса қўшди. Кавказ ҳудудларидан совуқ ва нам ҳавонинг кескин кириб келиши ҳисобига 23 февралда республиканинг шимолида, 24-25 февралда чўл ҳудудларда, 26 февралда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида қор кўринишидаги кучли ёғингарчилик қайд этилди.
Шу кунларда текислик ҳудудларда баъзи жойларда баландлиги 15-22 см гача бўлган қор қоплами ҳосил бўлди, аммо қор қопламининг давомийлиги жуда қисқа бўлиб, қор 2-3 кунда бутунлай эриди.
Умуман, ҳудуднинг катта қисмида феврал ойи қуруқ бўлиб, ой давомида ёғингарчилик меъёрдан кам (меъёрдан 25 фоиздан 70 фоизгача) бўлиши кузатилди. Фақат ёғингарчилик меъёри жуда кам бўлган ҳудудларда — Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида, Сурхондарё вилоятида баъзи жойларда ой давомида ёғингарчилик меъёрдан кўп ва меъёр атрофида бўлди.