Жаҳон | 19:20 / 02.03.2025
2908
2 дақиқада ўқилади

Лондонда Украина бўйича саммит бошланди

Унда НАТО бош котиби, Франция, Украина президентлари, Германия канцлери ва бошқа Европа давлатлари етакчилари иштирок этмоқда.

Фото: EPA-EFE

Лондонда Европа етакчиларининг Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш масалалари бўйича саммити бошланди, деб хабар беради Bild. Саммит иштирокчиларини Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг шахсан ўзи кутиб олмоқда.

Айни вақтга қадар саммитда иштирок этиш учун НАТО бош котиби Марк Рютте, Германия канцлери Олаф Шолц, Франция президенти Эммануэл Макрoн, Финландия президенти Александр Стубб, Полша бош вазири Доналд Туск, Украина президенти Володимир Зеленский, Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси Валерий Залужний етиб келди.

Саммитда кўтариладиган асосий мавзулардан бири Европанинг ядровий хавфсизлиги бўлади. Макрoн ядровий қуролга эга бўлмаган Европа давлатлари билан «стратегик диалог»ни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

«Бизда ядровий қалқон бор, уларда — йўқ. Улар энди АҚШнинг ядровий тутиб туриш кучларига умид қила олмайди», — дейди Франция президенти.

Музокараларнинг яна бир мавзуси — АҚШнинг Европа хавфсизлигидаги роли. Оқ уйда юз берган баҳсга қарамай, Стармер Доналд Трампнинг Британияга таклифини кучда қолдирган. Стармернинг таъкидлашича, энг муҳими — ички сиёсий келишмовчиликка қарамай, Европада тинчлик масаласини муҳокама қилишдир.

Саммит бошланишидан олдин Зеленский ва Мелони урушни тугатиш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини муҳокама қилди. «Украинага ишончли хавфсизлик кафолатлари билан мустаҳкамланган тинчлик керак», — деди Украина президенти Италия бош вазири билан учрашувда.

Мавзуга оид