Ўзбекистон | 20:50 / 27.02.2025
3346
3 дақиқада ўқилади

Амалдорлар дарахтларни кесаётганда ёшларни дарахт экишга илҳомлантириш мумкинми? – масъулларнинг жавоби

Ёшлар ишлари агентлиги масъуллари ёшларни дарахт экишга илҳомлантириш тадбирлари фаол ўтаётганини айтди. Ўзбекистонда амалдорлар дарахтларга шафқатсизлик қилаётган бир пайтда, ёшларни дарахт экишга илҳомлантириш қанчалик самара беради деган савол берилди агентлик вакилларига.

Бугун, 27 феврал куни Ёшлар ишлари агентлиги масъуллари оммавий ахборот воситалари билан матбуот анжумани ўтказди. Унда агентлик вакиллари ёшларни дарахт экиш, табиатни асрашга илҳомлантириш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қиляпти.

Ёшлар ишлари агентлиги ходими Элёр Норпўлатовга кўра, 2024 йилнинг кузида агентлик ташаббуси билан ёшлар 1,5 миллион дарахт эккан ва бу тадбирлар давом этяпти. Бу маълумотдан кейин Kun.uz мухбири Ўзбекистонда амалдорларнинг дарахтларни кесиб, кўчираётгани воқеаларини эсга олди. Қувасой ҳокимининг 300 дарахтни кесиб ташлашга бош-қош бўлгани, Бухоро шаҳрида минглаб дарахтларнинг кўчириб кетилаётгани, собиқ МХХ биноси ҳудудидаги кўпйиллик дарахтларнинг кўчирилгани шов-шув бўлди ва буларнинг бирортасига чора кўрилмади. Шундай пайтда ёшларни дарахт экишга қандай илҳомлантириш мумкин, деган мазмунда савол билан агентлик вакилларига мурожаат қилди.

Элёр Норпўлатов бу саволга ижтимоий тармоқларда дарахт экишга тарғиб қилиш, видео, фотолар жойлаш ёшларни дарахт экишга илҳомлантиришга қаратилганини айтиш билан чекланди.

Ҳар бир иш ёшларда экологик маданиятни шакллантириш учун қилинади. Бу видеоконтент бўладими, бу дарахт экиб, ижтимоий тармоққа жойлаштириш бўладими, ҳаммаси ёшларни илҳомлантиришга қаратилган. Тўғри тушунишингизни илтимос қиламан, расмдан илҳомланди деган гапимни олдингиз [ таҳр. олдинроқ масъул дарахт экилгани расмлари ижтимоий тармоқларга қўйилса, бу бошқа ёшларни ҳам дарахт экишга илҳомлантиради деганди]”, – деди у.

Шунингдек, у журналистга ноқонуний дарахт кесилиши ҳолатлари билан тегишли ташкилотлар шуғулланишини эслатди.

Ҳар бир экилган дарахт рўйхатга олинади, улар назорат қилиб борилади. Уларнинг кесилиши Экология вазирлиги платформаси бор, бунинг назорати парвариши бўйича тегишли ташкилотлар, Бош прокуратура бевосита ишларни амалга оширади”, – деди Норпўлатов.

Мавзуга оид