Қобил Дўсов яна бир жиноят ишида айбдор деб топилди
Арнасой суди Қобил Дўсовни Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизими масъулларини ҳақорат ва уларга туҳмат қилишга оид жиноят ишида айбли деб топди. Суд ҳукми билан унга 1 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Олдинроқ унинг шартли жазоси қамоқ жазосига ўзгартирилган эди.

Бугун, 24 феврал куни жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судида Бўстонлиқ тумани блогер Қобил Дўсовга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суд судланувчининг жиноят содир этишдаги айби жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, судга оид лингвистик экспертиза хулосаси, ёзувлар скриншоти ҳамда жиноят иши бўйича барча тўпланган, текширилган, ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтайи назаридан баҳоланган далиллар билан тўлиқ исботланган деб ҳисоблади.
Суд ҳукмига мувофиқ, Қобил Дўсов Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми «а», «г» бандлари ва 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди билан фуқаро М. Эшимқуловга, Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми «а», «г» бандлари билан фуқаролар О. Камолова ва Ш. Ҳасановага оид айблов эпизодлари бўйича ифодаланган жиноий ҳодиса юз бермагани сабабли айбсиз деб топилиб, Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан оқланган.
Қобил Дўсов тўрт нафар жабрланувчига (Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизими масъуллари Н. Ялгашева, О. Камолова, Ш. Ҳасанова ва С. Суярова) Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми «а» банди ва 140-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси, 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддаси тартибида узил-кесил ўташ учун 1 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.
Мазкур жиноят иши бўйича манфаатдор тарафларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари мавжудлиги тушунтирилган.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2024 йил 22 ноябрдаги ҳукми билан Қобил Дўсов Жиноят кодексининг 140-моддасида (ҳақорат қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганди.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 24 январдаги ажримига мувофиқ эса Дўсовга нисбатан тайинланган ва ўталмай қолган 11 ой 2 кун озодликни чеклаш жазоси шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилиб, жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган эди. Яшнобод туман ИИО ФМБ пробация бўлими томонидан судга киритилган тақдимномада Қобил Дўсов ахлоқан тузалиш йўлига ўтмагани, унинг чеклов ва тақиқларга риоя этмасдан жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб келаётгани, бир неча маротаба у билан олиб борилган профилактик суҳбатлардан ўзига ижобий хулоса чиқармаётгани кўрсатилган.
Мавзуга оид

20:44 / 27.02.2025
Президент суд биноларини кўпайтириш, одамлар учун шароит яратишни буюрди

18:31 / 04.02.2025
2024 йилда ҳокимларнинг мингга яқин қарори ҳақиқий эмас деб топилди

18:20 / 25.01.2025
Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритилди

18:17 / 25.01.2025