Жамият | 18:17 / 25.01.2025
33857
4 дақиқада ўқилади

Собиқ депутат Қобул Дўсов озодликни чеклаш шартларини бузгани учун колонияга ўтказилди

Ноябр охирларида Дўсов мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосарини ҳақорат қилганликда айбдор деб топилиб, 1 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинганди. У жазони ўташ қонун-қоидалари билан таништирилган, ammo ИИО ФМБ тақдимномасида келтирилишича, маҳкум ахлоқан тузалиш йўлига ўтмаган, у чеклов тақиқларига риоя этмасдан жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб келган.

Фото: Kun.uz

Суд ажрими билан Бўстонлиқ тумани собиқ депутати, блогер Қобил Дўсовга тайинланган озодликни чеклаш жазоси озодликдан маҳрум этиш жазосига алмаштирилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Kun.uz’га маълум қилди.

2024 йил ноябр охирларида Дўсов мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиевни ҳақорат қилганликда айбли деб топилиб, 1 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган эди. Дўсовга 1 йил давомида соат 21:00–07:00 оралиғида яшаш жойидан чиқиш чекланиб, бунга қўшимча равишда интернетдан фойдаланмаслик, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, ҳар ойда бир марта яшаш жойи бўйича пробация бўлимидан рўйхатдан ўтиб туриш ва маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик каби тақиқлар юкланганди.

Яшнобод туман ИИО ФМБ пробация бўлими томонидан судга киритилган тақдимномада Қобил Дўсов аҳлоқан тузалиш йўлига ўтмаганлиги, унинг чеклов ва тақиқларга риоя этмасдан жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб келаётганлиги, бир неча маротаба у билан олиб борилган профилактик суҳбатлардан ўзига ижобий хулоса чиқармаётганлиги ҳамда уни жамиятдан ажратмаган ҳолда тарбиялаш имконияти йўқлигини инобатга олиб ҳамда суд ҳукми ижросиз қолаётганлиги сабабли Жиноят кодексининг 48-1-моддаси 6-банди ва Жиноят-ижроия кодексининг 44-4-моддаси (озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташ тартиби ва шартларини бузганлик учун жавобгарлик) 3-қисми «а» бандига асосан Дўсовнинг ўталмай қолган 11 ой 2 кун озодликдан чеклаш жазосини шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштириш сўралган.

Иш ҳужжатларига кўра Дўсовга нисбатан чиқарилган суд ҳукми рўйхатга олиниб, ижрога қаратилиб, унга жазо ўташ қонун-қоидалари билан таништирилган ва Жиноят кодексининг 48-1-моддаси 6-қисми билан огоҳлантирилиб, бу ҳақида тилхатлар олинган.

Суд ҳукмида Дўсовга белгиланган чеклов ва тақиқларга риоя этмаган тақдирда Жиноят кодексининг 48-1-моддаси 5 ва 6-қисми талаблари тушунтирилган бўлишига, шунингдек, унга интернетдан фойдаланмаслик қўшимча тақиқ юклатилган бўлишига қарамасдан 2025 йил 4 январ кунидан 11 январ кунига қадар уни номига очилган “Kobul Dusov/RASMIY KANAL” Telegram-каналига ҳар хил мазмундаги материаллар жойлаштириб келганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Қобил Дўсов Яшнобод тумани ИИО ФМБ пробация бўлимига чақиртирилиб, унга Жиноят-ижроия кодекснинг 44-4-моддаси 1-қисмига асосан 2025 йил 11 январ куни огоҳлантириш тарзидаги интизомий жазоси қўлланган.

Жорий йилнинг 24 январ куни ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик томонидан Қобил Дўсовга огоҳлантириш интизомий жазоси эълон қилинган вақтида ҳам, ундан кейинги кунларда ҳам интернетдан фаол фойдаланиб келганлиги аниқланган.

Суд тақдимномани муҳокама қилиб ҳамда иш ҳужжатларини текшириб, тақдимномани қаноатлантиришни лозим топган.

Жиноят кодексининг 48-1-моддаси 6-қисмига асосан агар шахс озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириши мумкин.

Шу тариқа жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг жорий йилнинг 24 январдаги ажримига мувофиқ Яшнобод тумани ИИО ФМБ пробация бўлимининг тақдимномаси қаноатлантирилиб, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2024 йил 22 ноябрдаги ҳукми билан маҳкум Қобил Дўсовга нисбатан тайинланган ва ўталмай қолган 11 ой 2 кун озодликни чеклаш жазоси шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди. Жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.

Мавзуга оид