Жаҳон | 10:52 / 24.02.2025
2223
2 дақиқада ўқилади

Германия президенти Штайнмайер Киевга ёрдам давом этишини айтди

«Европадаги тинчлик ва эркинлик биздан Украинага қатъий ёрдам беришимизни талаб қилади», — дейди Франк-Валтер Штайнмайер. Украинанинг Европа Иттифоқидаги келажаги «Германия учун муҳим мақсад», дея қўшимча қилди у.

Фото: EPA-EFE/ FILIP SINGER

Германия Россиядан ҳимояланаётган Киевга ёрдам беришда давом этади. «Европадаги тинчлик ва эркинлик биздан Украинани қатъий қўллаб-қувватлашни талаб қилади», — деди Германия федерал президенти Франк-Валтер Штайнмайер Россиянинг қўшни давлатга 24 феврал, душанба куни кенг кўламли ҳарбий бостириб кириши бошланганининг уч йиллиги муносабати билан йўллаган видеомурожаатида.

«Германия Украина томонида — инсонпарварлик ёрдами, мамлакатдан қочганларни ҳимоя қилиш ва ҳарбий ёрдам кўрсатиш орқали мустаҳкам туради», — деди Германия давлати раҳбари. Шу билан бирга, Штайнмайер украиналикларнинг жасоратига юқори баҳо берди. «2022 йил 24 февралдан буён мамлакат нафақат ўз ҳудудини ҳимоя қилмоқда, балки демократия, ўз тақдирини ўзи белгилаш, эркин Европа учун курашмоқда», — деди у.

Берлин Украинани тиклашда ёрдам беради

Германия давлати раҳбарининг сўзларига кўра, Германия уруш тугамагунча Киевни қўллаб-қувватлашни тўхтатмайди. Шу билан бирга, Франк-Валтер Штайнмайер таъкидлаганидек, Германия уруш натижасида вайрон бўлган Украина шаҳарларини тиклашда иштирок этади ва мамлакат тинч ҳаётга қайтишига ёрдам беради. «Украинанинг Европа Иттифоқидаги келажаги ҳам Германия учун муҳим мақсаддир», — дея қўшимча қилди у.

Штайнмайер 24 феврал куни Украина президенти Володимир Зеленский ва бошқа давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан видеоалоқа орқали мулоқот қилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид