Жаҳон | 14:15 / 23.02.2025
6507
2 дақиқада ўқилади

Европа мамлакатлари Украинага 20 миллиард евролик ҳарбий ёрдам пакети тайёрламоқда

Буюк Британия — Россияга қарши янги санкциялар қўлламоқчи.

Фото: Genya Savilov/AFP via Getty Images

Европа давлатлари Украинага камида 20 миллиард евролик ҳарбий ёрдам пакети устида ишламоқда, деб хабар берди Politico ва Bloomberg дипломатик манбаларга таяниб. Европа Иттифоқи шу тариқа АҚШнинг Россия билан яқинлашуви фонида Киевни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқда. Пакетга, хусусан, артиллерия снарядлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ракеталар киради.

Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатлар Европа дипломатияси раҳбари, Эстониянинг собиқ бош вазири Кая Каллас томонидан мувофиқлаштирилмоқда. Politico суҳбатдошлари таъкидлашича, ёрдам, катта эҳтимол билан, «айрим давлатлар — биринчи навбатда Венгрия қаршилигини ҳисобга олган ҳолда, Европа Иттифоқининг расмий пакети эмас, балки алоҳида аъзо давлатларнинг бирлашган бадаллари» шаклида тақдим этилади.

Шу билан бирга, бир неча кун олдин Politico Европа Иттифоқи Украинага камроқ миқдорда — олти миллиард евролик ҳарбий ёрдам пакети беришга тайёрланаётгани ҳақида хабар берган эди.

The Telegraph маълумотига кўра, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ҳам Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича янги пакета ҳақида эълон қилмоқчи. Бу 24 феврал, Россиянинг Украинага босқини бошланганига уч йил тўлган куни эълон қилиниши тахмин қилинмоқда. 

Бундан ташқари, Лондон Россияга қарши янги санкциялар эълон қилишни режалаштирмоқда. Яна бир қўллаб-қувватлаш чораси Россиянинг «ифлос пуллари»га қарши курашнинг янги схемаси бўлади. Ҳукуматдаги манбанинг сўзларига кўра, Буюк Британия томонидан таъқиб обекти «Владимир Путинни қўллаб-қувватловчи олигархлар» бўлиши мумкин.

The Telegraph қайд этишича, Буюк Британия ушбу қарорлари билан Вашингтон ва Лондоннинг Россия-Украина можароси бўйича позицияларидаги тафовутларни «яққол кўрсатиб беради».

Мавзуга оид