Жаҳон | 23:10 / 22.02.2025
6280
2 дақиқада ўқилади

Starlink интернетининг ёпилиши Украина учун фалокатли бўлмайди – эксперт

Украина Қуролли Кучларида муқобил алоқа воситалари борлиги таъкидланмоқда.

Фото: Clodagh Kilcoyne/Reuters

АҚШ Украинага Starlink сунъий йўлдош интернетини ёпиб қўйиш билан таҳдид қилмоқда, аммо бу ҳарбийлар учун фалокат бўлмайди. Бу ҳақда Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қошидаги дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Украина Қуролли Кучларида муқобил алоқа воситалари бор.

«Баъзи қурилмаларнинг иши АҚШ томонидан қопланади, аммо Украина тўлайдиган тарифлар ҳам бор. 2022–2023 йилларда Starlink интернетига боғлиқлик сезиларли эди. Айни пайтда унинг муқобиллари бор: оптик толали линиялар ва LTE модемлари. Шунингдек, шведлар ва немисларнинг сунъий йўлдош алоқа интернети Курск йўналишида ишлатилмоқда», деди у.

Коваленко сўзларига кўра, баъзи жойларда сифат унчалик яхши бўлмаслиги мумкин. Лекин ҳамма нарсанинг ишдан чиқиши содир бўлмайди. Аммо ҳарбийлар унинг ёпилишини истамайди.

«Умид қиламизки, сиёсатчилар умумий тил топишади ва фронт азоб чекмайди. Трампда шундай усул бор: аввал у ўз шартларини қаттиқ қўяди, кейин эса юмшатади. Шунинг учун, менимча, ҳаммаси яхши бўлади ва инқирозни башорат қилишга ҳали эрта», деди у.

Илон Маск эгалик қиладиган Starlink асосан Украина Қуролли Кучларини алоқа воситалари билан таъминлайди. Аввалроқ, АҚШ президенти Доналд Трамп агар Украина фойдали қазилмалар бўйича келишувни имзолашдан бош тортса, Starlink интернетини ўчириб қўйиш билан таҳдид қилган эди.

Мавзуга оид