Жаҳон | 17:20 / 20.02.2025
1659
2 дақиқада ўқилади

WP: Пентагон раҳбари мудофаа бюджетини ҳар йили 8 фоизга қисқартиришни буюрди

Пентагоннинг 2025 йилга мўлжалланган бюджети 850 миллиард долларни ташкил этади. Иқтисод қилинган маблағлар Трамп маъмуриятининг янги устувор мақсадларига, жумладан, «Америка учун темир гумбаз»га йўналтирилади.

Пит Хегсет Фото: Kent Nishimura/For The Washington Post

АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет Пентагон ва мамлакат армиясининг юқори раҳбариятига кейинги беш йилда мудофаа харажатларини ҳар йили 8 фоиздан қисқартириш бўйича режа ишлаб чиқишни буюрди. Бу ҳақда The Washington Post тегишли ҳужжат ва вазиятдан хабардор манбаларига таяниб хабар берди.

Режа 24 февралга қадар тайёр бўлиши керак. Хегсет томонидан имзоланган ҳужжатда Трамп маъмурияти қисқартиришни истаётган 17 та йўналиш кўрсатилган. Улар орасида — АҚШнинг жанубий чегараларидаги операция, ядровий ва ракеталарга қарши мудофаа қуроллари модернизацияси, шунингдек, сувости кемалари, дронлар ва бошқа ўқ-дорилар харидлари мавжуд.

WP’нинг эслатишича, Пентагоннинг 2025 йилга мўлжалланган бюджети 850 миллиард долларни ташкил этади.

Ҳарбий идоранинг юқори мартабали амалдори Роберт Салессеснинг сўзларига кўра, иқтисод қилинган маблағлар маъмуриятнинг янги устувор мақсадларига, жумладан, «Америка учун темир гумбаз»га йўналтирилади. Гап АҚШ президенти Доналд Трамп аввалроқ маълум қилган ракеталарга қарши кенгайтирилган мудофаа тизими ҳақида кетмоқда.

Газетанинг ёзишича, Трамп фармонига мувофиқ Пентагон синов муддатидаги минг нафар ходими рўйхатини тузиши лозим ва улар жорий ҳафтада ишдан бўшатилиши кутилмоқда.

«Биргаликда бу икки чора 900 мингдан ортиқ ходим, жумладан, аксарияти уруш фахрийлари бўлган дунёдаги энг йирик агентликка даҳшатли ҳужумдир. Мудофаа вазирлигида синов муддати лавозимдан келиб чиқиб бир йилдан уч йилгача давом этиши ва унда бир лавозимдан бошқасига ўтаётган ходимлар ҳам бўлиши мумкин», — дейилади хабарда.

Феврал ойида Доналд Трамп Украина ва Ғазо секторидаги уруш тугаши билан Россия ҳамда Хитой билан мудофаа харажатларини қисқартириш бўйича музокаралар ўтказиш ниятида эканини маълум қилганди. Шунингдек, у Россия ва Хитой билан ядровий қуроллар сонини камайтириш мавзусидаги музокараларни ҳам қайта тикламоқчи.

Мавзуга оид