Жаҳон | 21:24 / 02.03.2025
6436
3 дақиқада ўқилади

CNN: Россия ва Хитой Трамп маъмурияти ишдан бўшатаётган ходимларни оғдириб олмоқда

Фото: AFP/Getty Images

Россия ва Хитой разведка хизматлари АҚШ миллий хавфсизлик хизматлари соҳасида ишлайдиган ва ишдан бўшатилган ёки ишдан бўшатилиш ёқасида турган ходимларни оғдириб олишни фаоллаштириш кўрсатмасини олди. Бу ҳақда Америка разведкаси маълумотларидан хабардор тўрт манбасига таяниб, CNN хабар берди.

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари Жиноий тергов хизмати томонидан тайёрланган ҳужжатда келтирилишича, разведка ҳамжамияти «юқори даражадаги аниқлик»да «чет эллик рақиблар», жумладан, Россия ва Хитой ҳам Доналд Трамп маъмуриятининг оммавий қисқартиришлари фонида федерал хизматчиларни оғдириб олишга уринаётганини баҳолаган.

Россия ва Хитой (шунингдек, АҚШнинг бошқа рақиблари) махфий маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга ва синов муддатида бўлган ходимларга қизиқиш билдирмоқда. Улар АҚШнинг муҳим инфратузилмалари ва ҳукумат ҳужжатлари тўғрисида маълумот беришлари мумкин.

«Бой институционал тажрибага эга ушбу ишдан бўшатилган федерал хизматчилар рақибларимиз ва душманларимизнинг разведка хизматлари учун ўта жозибадор нишон эканини тушуниш учун катта тасаввур керак эмас», — дейди CNN суҳбатдошларидан бири.

Камида иккита давлат (қайсилар эканига ойдинлик киритилмаган) аллақачон ходимларни ёллаш бўйича сайтлар яратган ва LinkedIn ижтимоий тармоғида америкалик давлат хизматчиларини оғдириб олишга фаол киришган.

Хитойнинг АҚШдаги элчихонаси вакили Лю Пенъюйнинг маълум қилишича, унинг мамлакати «доим ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг ички ишларига аралашмасликка асосланган муносабатларни ривожлантиришга содиқ бўлиб келган». «Биз Хитой ҳақидаги асоссиз тахминлар тарқатилишига қаршимиз», — дейди у.

Трамп жамоаси томонидан бюджетни иқтисод қилиш учун оммавий ишдан бўшатишлар Марказий разведка бошқармаси ва Мудофаа вазирлигига ҳам таъсир кўрсатди. Пентагоннинг маълум қилишича, синов муддатида бўлган ва ўз лавозимида бир йил ёки ундан кам муддат ишлаган 5 мингдан ортиқ ходим ишдан бўшатилиши мумкин. МРБ фаолияти инклюзивлик сиёсатига боғлиқ 20 дан ортиқ ходимини аллақачон ишдан бўшатиб юборган.

Мавзуга оид