Россиянинг МиГ-31 самолётлари Украинага ҳужум қилишни тўхтатди: бу нимани англатиши мумкин?
Украина Россиянинг МиГ-31 учоқларининг ҳавога кўтарилиши билан боғлиқ ҳаво тревогалари 28 январдан бери эълон қилмай қўйди. Январ ойида ҳам 8-28 саналар оралиғида 20 кун тревогасиз ўтган. Бу Россия ҳарбий ҳаво кучларининг ушбу турдаги самолётлари учун ноодатий ҳолат, чунки улар 2024 йил давомида доим мунтазам парвозлар қилганди.

Фото: Anadolu
2025 йил бошидан бери МиГ-31 билан боғлиқ ҳаво тревогаси фақат уч марта — 3, 8 ва 28 январда эълон қилинган. Лекин бу учишлар ҳам амалда зарбалар билан якунланмаган.
2024 йилда энг катта танаффус куз бошларига тўғри келган. Украинада МиГ-31 парвозлари билан боғлиқ тревогалар 5-20 сентябр кунлари оралиғида умуман эълон қилинмаган.
Россия мудофаа вазирлиги ушбу қирувчи самолётлар фаолиятидаги узилиш юзасидан бирор расмий изоҳ бермаган.
Украина ҳаво кучларининг расмий Telegram-каналида ҳам МиГ-31 парвозлари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Аммо ўз манбаларига таяниб маълумот тарқатувчи норасмий каналга кўра, 28 январдан кейин ҳам Россия аэродромларидан МиГ-31 учоқлари ҳавога кўтарилган, лекин улар жанговар вазифалар учун эмас.
Украина ҳаво кучлари матбуот котиби Юрий Игнат BBCʼга ушбу маълумотни тасдиқлади.
Хавфли самолёт
Украиналиклар МиГ-31 учоқларига алоҳида эътибор қаратишига сабаб — ушбу самолётларнинг айрим турлари (МиГ-31К модификацияси) Х-47М2 «Кинжал» аэробаллистик ракеталарини учира олиши билан боғлиқ. Бу ракеталарни тутиб олиш жуда қийин.
«Кинжал» ҳаводан учирилса ҳам, унинг ҳаракат траекторияси баллистик, яъни параболага ўхшаш йўналишда бўлади. Бу уни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун горизонтал парвоз қиладиган ракеталарга нисбатан анча қийин нишонга айлантиради.
Иккинчи хусусияти — унинг тезлиги. Ракета парвозда 10 max’гача тезликка эришиши мумкин, бу эса гипертовушлилик чегарасидан икки баробар юқори ҳисобланади.
Учинчи жиҳати — унинг узоққа етказиб бориш қобилияти. Россия ҳудудидан учирилган «Кинжал» Украинанинг исталган нуқтасига зарба бера олади.
Бундан ташқари, МиГ-31 ўзи ҳам хавфли ҳаво ҳужуми воситаси ҳисобланади. У 120 км узоқликдаги нишонларни йўқ қилиш қобилиятига эга, узоқ масофага учувчи ҳаво мудофаа ракеталари билан жиҳозланган.
Шу билан бирга, бу самолётлар украин ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари таъсир доирасига кирмасдан, хавфсиз масофада қола олади. Украинада уларга қарши, 120 км узоқликка уча оладиган авиация ракеталари мавжуд эмаслиги сабабли, МиГ-31’ни ҳавода уриб тушириш жуда мушкул вазифа ҳисобланади.
Бу барча жиҳатлар МиГ-31 самолётларини Украина учун жиддий хавфга айлантиради.
Ҳаво ҳужумлари тўхтагани йўқ
Россия МиГ-31 учоқлари парвоз қилмаган даврда Украина ҳудудларига бошқа усуллар билан зарбалар беришда давом этди.
Масалан, 16 феврал куни тонгда Россия дронлари Миколайивга ҳужум қилди ва шаҳарнинг иссиқлик электр станциясига зарар етказди. Украина бош вазири Денис Шмигалга кўра, бу ҳодиса 46 минг кишини иссиқлик таъминотисиз қолдирган.
Бундан аввал, 12 феврал куни Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари Россия томонидан учирилган етти баллистик ракетанинг олтитасини йўқ қилишга ва 123 та дрон ҳужумини қайтаришга муваффақ бўлганини маълум қилди.
Ушбу ҳужум пайтида Киевда бир киши ҳалок бўлди, яна тўрт нафар одам, жумладан, бир бола жароҳат олгани хабар қилинди.

Фото: Anadolu
Сўнгги марта «Кинжал» ракеталари билан ҳужум 2024 йил 31 декабр тонгида содир бўлган. Украина ҳарбийлариига кўра, ўша куни Россия 61 та восита, жумладан, турли ракеталар ва дронлар билан ҳужум уюштирган. Украина мудофаа тизимлари ўша кечада учирилган ягона «Кинжал» ракетасини уриб туширган.
Россияда «Кинжал» ракеталари тугаганига оид ҳеч қандай далил йўқ. Агар бундай ҳолат юз берган бўлса, бу ҳақда разведка маълумотлари пайдо бўлиши ёки оммавий манбалар асосида ўтказилган текширувлар орқали маълум бўлиши мумкин эди. Бироқ, сўнгги вақтларда бундай текширувлар очиқ манбаларда эълон қилинмади.
Украинада «Кинжал» ракеталари ва уларни учирадиган МиГ-31К самолётларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сабаби, ҳар бир ракета учирилиши ёки ҳатто унинг эҳтимолий таҳдиди мамлакатнинг исталган шаҳри учун хавф туғдиради.
«Кинжал»ларни фақат Patriot ҳаво мудофаа тизимлари билан йўқ қилиш мумкин. Украинада расмий маълумотларга кўра, ҳозир учта шундай комплекс бор. Аввалроқ тўртинчиси етказиб берилиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабар қилинган эди. Бироқ, улар барча шаҳарларнинг ҳаво ҳимоясини тўлиқ таъминлашга қодир эмас.
Шу сабабли, МиГ-31 учоқлари қатнашиши мумкин бўлган ҳар бир ҳужум матбуотда алоҳида эътибор билан ёритилмоқда. Зеро, бу самолётлар «Кинжал»ларни учира оладиган ягона ташувчи ҳисобланади.
Сиёсий вазият
BBCʼга ўз исмини ошкор қилмасликни сўраган россиялик ҳарбий экспертнинг айтишича, Россия урушнинг келгуси йўналиши бўйича музокаралар олиб бораётган бир пайтда бундай қуроллардан фойдаланиш ҳақидаги қарор энг юқори даражада, ташқи сиёсат шароити ҳисобга олинган ҳолда қабул қилиниши мумкин.
Украинага бостириб кирилганидан кейинги илк расмий музокаралар 18 феврал куни Саудия Арабистонида Россия ва АҚШ юқори мартабали вакиллари ўртасида ўтказилди. Бу воқеадан бир неча кун аввал эса Украинадаги уруш Мюнхен хавфсизлик конференциясининг марказий мавзусига айланганди.
Бироқ, сиёсий жараён ва урушни якунлаш имкониятлари муҳокамаси 2024 йил ноябрда Доналд Трамп АҚШ президенти этиб сайланганидан кейиноқ бошланган. Унинг инаугурацияси 2025 йил 20 январ куни бўлиб ўтди.
Трампнинг ташқи сиёсатдаги фаоллиги эҳтимол, инаугурациядан олдинроқ бошланган бўлиши мумкин. Бироқ, унинг хусусияти ва бу жараёнга Россия қандай қилиб бевосита ёки билвосита жалб қилингани ҳақида очиқ манбаларда батафсил маълумот берилмаган.
Ресурс тугаганми?
Мантиқли кўринган эҳтимолий тушунтиришлардан бирига кўра, самолётларда айрим қисмларнинг ишлаш муддати тугаган бўлиши мумкин, бу эса уларнинг парвозларини тўхтатишга олиб келган.
Барча МиГ-31 учоқлари 1994 йилгача ишлаб чиқарилган. Умумий ҳисобда 500 тага яқин МиГ-31 тайёрланган бўлса-да, Military Balance 2023 ва World Air Forces 2023 маълумотларига кўра, 2023 йилга келиб Россияда ушбу турдаги 129 дона парвозга яроқли ҳаво кемаси қолганди.
Military Balance маълумотига кўра, уларнинг 12 таси МиГ-31К модели бўлиб, у «Кинжал» ракеталарини учиришга мослаштирилган. Ташқи кўринишдан бу модел стандарт МиГ-31 билан деярли бир хил, бироқ у махсус жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, фақат «Кинжал» учириш учун мос келади.
«Кинжал» учириш учун самолёт 15 км баландликка кўтарилиши ва соатига 3000 км тезликка эришиши керак — бу ҳаво кемаси ракета учун биринчи босқич вазифасини бажаради. Шу сабабли, унинг юқори тезлиги ракета парвози учун муҳим аҳамиятга эга.

Фото: Donat Sorokin/TASS
Ҳар бир самолётнинг ишлаш муддати (ресурси) белгиланган: у ҳавода ўтказилган соатлар ёки «цикллар» (парвоз ва қўнишлар сони) орқали ўлчанади. Айрим қисмлар эса бошқаларга нисбатан тезроқ эскиради.
Масалан, «Д-30Ф6 ҳаво муҳарриклари» ҳақида ёзилган «МиГ-31 двигателларининг эскириш жараёни таҳлили» мақоласида таъкидланишича, бу двигателлар 350 соат ишлаганидан сўнг эскира бошлайди.
Таққослаш учун: Су-35 учун ишлаб чиқилган АЛ-41Ф1С двигателининг умумий ресурси 3000 соатни ташкил этади ва айрим қисмлар алмаштирилганда 4000 соатгача узайтирилиши мумкин.
Ҳозирги вақтда Д-30Ф6 двигателлари ишлаб чиқарилмайди, бироқ 2014 йилда «Авиадвигател» компанияси бош конструктори Александр Иноземцев бу турдаги 1500 двигател ишлаб чиқилгани ва уларнинг захираси катта эканини айтган.
Бироқ, захирада қанча двигател қолгани номаълум, чунки уларнинг фойдаланиш жадвали ва ишлаш юкламаси катта аҳамиятга эга.

Фото: Marina Lystseva/TASS
МиГ-31К ҳаво кемалари оддий МиГ-31га қараганда қаттиқроқ юкламаларга учрайди. Буни «Кинжал» ракетаси оғирлиги (4,3 тонна) ва фюзеляж остида жойлашган биргина нуқтага тушадиган босимни ошириб юбориши билан тушунтириш мумкин.
Ҳар қандай самолётнинг хизмат кўрсатиш муддатини унинг техник ҳолатини янгилаш ва эскирган қисмларни алмаштириш орқали узайтириш мумкин. Шу сабабли, МиГ-31 узоқ вақт давомида урушда қатнашиб келганига қарамай, катта эҳтимол билан унинг парвоз қилиш имконияти сақланиб қолади.
Бироқ, тез-тез амалга оширилаётган парвозлар ва юқори юкламали ишлаш тарзи нафақат айрим қисмлар, балки бошқариш учун муҳим бўлган самолёт каркаси (планер) ҳам тезроқ эскиришига олиб келиши мумкин. Планерни эса янгисига алмаштириб бўлмайди.
«Бу Россия учун муаммо эмас»
Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари матбуот котиби Юрий Игнат BBC билан суҳбатда Россия МиГ-31 учоқлари билан боғлиқ муаммоларга дуч келгани ҳақидаги тахминларга шубҳа билдирди.
«Россия Су ва МиГ учоқларини ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва модернизация қилишнинг тўлиқ циклига эга. Агар бирор нарса ишдан чиққан бўлса, уни алмаштиришади — бу Россия учун муаммо эмас», — деди у.
Игнатнинг фикрича, Россия МиГ-31 учоқлари парвозларидаги узилиш бир неча сабаблар мавжуд, лекин уларни учоқлар эскиргани билан боғлашга асос йўқ.
«Бу бир неча сабабга боғлиқ бўлиши мумкин. Масалан, қандайдир зарбага тайёргарлик кўришмоқда ёки маълум бир ресурсларни тўплашмоқда. Балки об-ҳаво ноқулай, ёки «Кинжал» ракеталарини йиғиб, уларни бир вақтда қўллашга тайёргарлик кўришяпти», — дея таъкидлайди Игнат.
Унинг сўзларига кўра, Украина ҳаво кучлари жиддий асоссиз ҳаво тревогаси эълон қилишдан қочади.
«Тревога эълон қилиш масаласи жуда нозик. Агар хавф чиндан ҳам бўлса, албатта, тревога эълон қилинади. Бироқ биз ҳар сафар МиГ-31К ҳавога кўтарилганда, у қуролланган ёки қуролсизлигини аниқ билолмаймиз. Шунинг учун, барча ҳолатларда ҳам тревога эълон қилинмайди»,— деди Игнат.
«Тревога эълон қилинмаган кунларда ҳам МиГ-31 учоқлари парвоз қилмаган, деган хулоса қилиш нотўғри бўлади. Агар аниқ маълумот бўлса ва «Кинжал» ракеталарини ташиётган самолёт мамлакат ғарбий ҳудудига қараб парвоз қилган бўлса ҳам, хавф йўқлиги аниқ бўлса, у ҳолда ҳаво тревогаси эълон қилинмайди», — дея қўшимча қилди Украина ҳаво кучлари расмийси.
Мавзуга оид

16:59
Фронтдаги вазият: Москва Курск областидаги жиддий ютуқлари ҳақида эълон қилмоқда

13:19
Маск: Starlink ҳеч қачон Украинадаги ўз терминалларини ўчириб қўймайди

23:40 / 09.03.2025
Украина Қрим кўпригини бутунлай яксон қилиш бўйича янги операция тайёрламоқда

20:11 / 09.03.2025