Иқтисодиёт | 21:07 / 20.02.2025
7679
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЖСТ аъзоси бўлишига узоғи 1 йил қолгани айтилди

“Қарор қатъий, 2026 йилга кўп вақт қолмади”, деди Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотидаги бош музокарачиси Азизбек Урунов. Аъзолик жараёни 2026 йил март ойи охиригача расман якунланиши айтилмоқда.

ЖСТнинг Женевадаги бош штаб-квартираси / Фото: Kun.uz

18-19 феврал кунлари Женевада Жаҳон савдо ташкилоти бош кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президентининг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Уруновнинг маълум қилишича, йиғилишда ташкилот бош директори Нгози Оконджо-Ивеала 2024 йилда Тимор-Лесте ва Комор ороллари ЖСТ аъзоси бўлишгани, эндиликда 2026 йил 26-29 март кунлари Камерунда бўлиб ўтадиган ЖСТ саммитига қадар Ўзбекистон, Босния ва Герцеговина ҳамда Эфиопиянинг ташкилотга қўшилишига эътибор қаратишни таклиф этган.

Бу масала юзасидан ЖСТнинг 26 аъзоси ўз фикрини билдирган. Хусусан, 16 аъзо мамлакат Ўзбекистонни аниқ ва қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Азизбек Урунов ушбу мамлакатларга миннатдорчилик билдириб, уларнинг рўйхатини келтирди: Аргентина, Бразилия, Ботсвана, Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Корея, Малайзия, Покистон, Филиппин, Жанубий Африка, Туркия, Буюк Британия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон.

“Қарор қатъий, 2026 йилга кўп вақт қолмади”, дея ёзди Урунов LinkedIn саҳифасида.

Фото: "Дунё" ахборот агентлиги

“Дунё” ахборот агентлигининг хабар беришича, 20 феврал куни Азизбек Уруновнинг Лондонга ташрифи доирасида Буюк Британия Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган. Ташриф давомида Британия бизнес ва савдо вазирининг ўринбосари Гарет Томас, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ва экспертлар даражасида музокаралар бўлиб ўтди.

“Учрашувларда Британия Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг муҳим шерикларидан бири сифатида кўриши ва расмий Тошкент билан ҳар томонлама алоқаларни янада жадаллаштиришдан манфаатдор экани таъкидланди. Томонлар халқаро савдодаги замонавий тенденцияларни муҳокама қилди”, – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Британия Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган иқтисодий ўсиш ва ривожланиш дастури орқали Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнига техник ёрдамни кенгайтириш, дастур доирасида мутахассисларнинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг халқаро савдо соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширишга келишиб олинди.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш сари қадамлари

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни 2005 йилда тўхтаб қолган, 2020 йил июл ойига келиб жараён ишчи гуруҳнинг 4-учрашуви билан расман қайта бошланган эди. Ундан кейин 2022 йил июн, 2023 йил март ва 2023 йил ноябр ойларида, шунингдек, 2024 йил май ойида ишчи гуруҳ йиғилишлари бўлиб ўтди.

Ўтган йили май ойидаги йиғилишда Ўзбекистон илк бор ташкилотга аъзо бўлиш муддати борасидаги мақсадини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотининг 2026 йил Камерунда бўлиб ўтадиган вазирлар конференциясига қадар ушбу ташкилотга аъзо бўлиб киришни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид